Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:37

Марказий Осиё газига тикилган кўзлар. Бу кўзлар асосан қийиқдир.


Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари икки давлатни туташтирувчи газ қувурини қуриш бўйича келишувни 30 апрел куни имзолади. Ўзбекистон ҳукумати тарқатган баёнотда айтилишича, икки мамлакат ўртасидаги газ қувурини қуриш тўғрисидаги келишувни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ва Хитой ривожланиш ва ислоҳотлар вазири Ма Каи имзолаган.

Баёнотда айтилишича, қувурнинг умумий узунлиги 530 киломерт бўлиб, йилига 30 миллиард куб мерт миқдоридаги табиий газни ўтказиш имконига эга. Келишувда газ қувурининг ишлашини таъминлайдиган икки компрессор станциясининг қурилиши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҳукумати Хитой билан келишувнинг бошқа тафсилотларига тўхталмаётир. Бор-йўғи 13 миллиард куб мерт газни экспорт қилиш қобилиятига эга Ўзбекистон Хитой учун 30 миллиард куб метр газни қаердан олади?

Давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг мулозими Умиджон Исроилов Хитойга тортилажак қувур Туркманистондан бошланишини маълум қилиб ушбу саволга ойдинлик киритди.

“Қувур сал пастроғимизда жойлашган қўшнимиз ҳудудида бошланади” - деди у.

Сал пастроқдаги газ заҳираларига бой қўшнимиз Туркманистондир. Туркманистон Хитой билан газ заҳираларни қидириб топиш ва ўзлаштириш бўйича йирик қўшма лойиҳаларга ҳам эга. Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон орқали ўтувчи қувур Хитойга Марказий Осиёнинг қайси давлати орқали бевосита киришини ҳозирча хитойликларнинг ўзлари билади.

Бу Хитой билан темир йўл қуришни режалаштираётган Қирғизистон ёки Қозоғистон ва ҳатто расмий Тошкент билан сиёсий келишмовчиликларга эга Тожикистон ҳам бўлиши мумкин.

Тоғли ва чўл ҳудудларидан ўтиши кўзланган қувурнинг умумий баҳоси бир неча миллиард долларга етиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Хитой қувурининг қурилиши сармоя жиҳатидан Ўзбекистон тарихидаги энг йирик лойиҳа бўлиши мумкин” – деди “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг мулозими.

Заҳираларга ташна хитойликларнинг бу лойиҳага қизиқиши катта. Аммо Ўзбекистон ва Туркманистон газининг бугунги кунгача асосий ҳаридори Хитой эмас, Россиянинг “Газпром” газ монополияси бўлиб келган. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг муқобил экспорт йўналишларини жиддий ахтараётгани Россияни ташвишга солмайди-ми?

Ўзбекистон мулозимларига кўра, Хитойга ўзи ҳам нефт ва газ қувурларини тортаётган Россия айни ишни қилаётган Ўзбекистон ва Туркманистонга муаммо тўғдирмайди.

Лондондаги қироллик институтининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тахлилчиси Ширин Акинер ҳам Хитой йўналиши Россияга ҳақиқий маънодаги муқобил бўла олишига қадар анча муддат кутиш кераклигини айтмоқда.

“Муқобил газ қувурининг қурилиши бир масала. Лекин иккинчидан Хитойга узатиладиган газ бошқа сотиб олувчига аввал ваъда қилинмаган бўлиши керак. Шу нуқта назардан Ўзбекистон билан келишувларга эга Газпром ҳеч нарса йўқотаётгани ҳам йўқ” – дейди Ш. Акинер.

Унинг башорат қилишича, Марказий Осиёнинг уч давлатидан ўтувчи Хитой қувури минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиради.

“Менимча Хитой билан алоқалар кўлами шубҳасиз ўсмоқда ва мен бундай алоқалар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашини ҳам башорат қиламан” - дейди у.

Хитой айни пайтда Ўзбекистонга энг йирик сармояларни ваъда қилаётган давлат ҳамдир. Қувур қуриш лойиҳасининг пайдо бўлишидан аввал Хитой бу мамлакатга икки миллиард доллар сармоя киритишни кўзлаётганини билдирганди.

Мухатахиссисларга кўра, иқтисоди учун қулай бўлса ҳам Хитой билан яқин муносабатлар Ўзбекистоннинг демократик ривожланишига ҳисса қўшмайди, бугунги оғир вазиятни оғирлаштиролмайди ҳам.

Хитой қувурининг қурилиши эса, шубҳасиз минтақада муайан сиёсий ва геосиёсий ўзгаришларга сабаб бўлади.
XS
SM
MD
LG