Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Эски ташаббуснинг янгича садоси


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёнинг барча давлатларини бир иттифоққа бирлашишга чақирди.

9 апрель куни Қозоғистоннинг етакчи телеканалларига берган интервьюсида Н.Назарбоев ўз давлати Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига иқтисодий кўмак кўрсатишга қодирлигини таъкидлади.

Қозоғистон раҳбари Марказий Осиё давлатларининг бирлашиши учун барча асослар мавжуд шароитда бунинг имкони бўлмаётгани ўзига тушунарсиз қолаётганини айтди.

“Албатта, биз учун Қозоғистон ва МОнинг бошқа мамлакатларидан ташкил топган ягона иттифоқ энг яхши нарса бўлар эди. Бутун дунёда шундай жараёнлар бормоқда, бизга эса бу ерда худонинг ирода қилгани ҳам шудир”, - деди Н.Назарбоев ва Марказий Осиё давлатлари ягона иттифоққа бирлашиши учун барча асослар борлигини яна бир карра такрорлади.

“Бу минтақа ташқарига чиқмасдан ўзини тўлалигича озиқ-овқат, энергетик захиралар билан таъминлаши мумкин. Бозоримиз ҳам ўз-ўзини таъминлай олади. 50 миллион халқимиз бор. Тилимиз бир. Транспорт, энергетика алоқаларимиз кучли. Бир-биримизга таҳдид солмаймиз. Яна нима керак, деб сўрайман. Ахир халқ бундан фақат ютади-ку!? Лекин нима сабабдан бундан иттифоқни туза олмаяпмиз. Буни ҳалигача тушуна олмайман”, – деди Н.Назарбоев.

МО давлатларини бирлаштириш ғояси билан 90-йиллар бошида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам чиққан эди. Яқин-яқингача давом этган минтақада лидерлик учун кураш бунинг учун тўсқинлик қилгани айтилади. Ниҳоят ўтган йили Қозоғистон раҳбарининг Тошкентга сафари давомида И.Каримов кескин бурилиш сифатида талқин этилган қуйидаги баёнот билан чиқди:

“Оддий қилиб айтганда, буни ҳамма эшитишини хоҳлайман, қозоқлар ва ўзбеклар бирга бўлса, бизни мағлуб этиш мумкин бўлмайди”.

Ҳозир ҳам, ўтмишда ҳам И.Каримов интеграция ташаббуси билан чиқар экан, Ўзбекистонни минтақа хавфсизлигининг кафолати сифатида тақдим қилишга уринган. Аммо унинг айнан шу даъвоси бугунга келиб оқланмаганини айтади Қозоғистондаги етакчи таҳлилчилардан бири Дўсум Сатбоев.

“Ҳамма нарса аксинча бўлди. Ўзбекистоннинг саводсизларча олиб борган сиёсати экстремистик ташкилотлар пайдо қилди, мамлакатда таранг вазиятни ва оммавий норозиликни келтириб чиқарди. Натижада Ўзбекистон минтақадаги асосий беқарорлаштирувчи омилга айланди”, - деди Д.Сатбоев.

Айни пайтда бой нефть захираларига таяниб минтақада энг кучли иқтисодиётни барпо этган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев минтақа давлатларини иқтисодий асосда бирлашишни таклиф этмоқда ва барча қўшниларга молиявий кўмак кўрсатишни ваъда қилмоқда.

“Аниғи шуки, Қозоғистон ёрдам ва мадад беришда етакчилик қилиши мумкин. Қозоғистон бизнинг қўшниларимизга сармоя ётқизиши, уларнинг иқтисодиётини кўтаришга ёрдам бериши мумкин. Холис ёндашсак ҳам бизнинг етакчилигимиз шундан иборат”, – деди Н.Назарбоев.

Н.Назарбоев ўзига нисбатан Марказий Осиёнинг “сиёсий лидери” таърифи берилаётгани қўшни давлатлар президентларни хафа қилаётгани айтди. Аммо у МО иттифоқи ғояси асосига Қозоғистон иқтисодиёти қудратини қўймоқчилиги аён.

Д.Сатбоев фикрича, Ўзбекистон ва озроқ даражада Қирғизистон Қозоғистоннинг “амбициоз” бизнесини ўз иқтисодий манфаатлари учун таҳдид ўлароқ қабул қилади.

“Ўзбекистон элитаси узоқ муддат давомида Марказий Осиё давлатларидан яккаланган шароитда ривожланди. Бундай шароитга кўникиб қолганлар рақобат қилишни истамайди, рақобат қила олмайдилар ҳам. Бу қарашнинг ўзгариши учун ҳокимият алмашинуви зарур”, - дейди таҳлилчи.

Ҳокимият алмашинувини МО давлатларидан мутлақо изоляцияда ривожланган Туркманистон бошдан кечирди ҳам. Қурбонқули Бердимуҳаммедов бошчилигидаги янги туркман ҳукумати Марказий Осиёда интеграцияга мойилроқ сиёсат юритишига умид қилиш мумкин. Лекин Д.Сатбоев МО давлатларининг ягона иттифоққа бирлашишига барибир президентларнинг ўзаро муносабатлари ғов бўлаётганини айтади.

“Масалан, Ислом Каримовнинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳамкасблари билан муносабатлари яхши эмаслиги сир эмас”, - дейди у.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида оддий туюлиши мумкин бўлган муаммоларнинг ечимсиз қолаётганини таҳлилчилар бир сўз билан “президентлар ўртасида оқибатнинг йўқлигидан”, деб изоҳлайди.

Тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг айтишича, муаммоларни ўзаро ҳал эта олмаётган МО давлатлари ҳозирча Кремл томонга қараб турибди.
XS
SM
MD
LG