Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Каримовнинг “эркатой” журналисти сўроқ қилинмоқда


“Немис тўлқини” радиосининг Тошкентдаги мухбирлари устидан тергов ишлари давом этмоқда. Тергов бераётган орасида радионинг Тошкентдаги етакчи мухбири Юрий Черногаев ҳам бор.

Бир вақтлари президент Ислом Каримовнинг “эркатой”и бўлган Ю.Черногаев энди ўз озодлиги учун курашмоқда.

“Мен билан ҳафта давомида нима содир бўлишини билмайман. Шунинг учун халқаро жамоатчилик бугуннинг ўзида журналист Черногаевнинг озодлиги шубҳа остида қолаётгани тўғрисидаги масаласини кўтариши керак”, - деди Ю.Черногаев.

Ю.Черногаев солиқ тўлашдан бўйин товлаш айби бўйича терговчилар олдида ўзини оқлай олганини айтди. Терговчилар унга қўшимча айбловлар билан таҳдид солмоқда.

“Прокуратурада мен билан ўтказилган сўнгги суҳбат давомида терговчи менга қарши яна уч модда тайёрланаётганини айтди”, – деди у.

“Немис тўлқини” радиоси мухбири ўзига ҳозирча қўйилаётган моддалар асосида айбдор топилса 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилиши мумкин.

Ҳозир Ю.Черногаевга аввалдан тил бириктирган ҳолда лицензиясиз ёки тақиқланган фаолият олиб борувчи гуруҳни ташкил этиш айби қўйилмоқда.

Журналистика Ўзбекистонда лицензия талаб этилмайдиган фаолият тури ҳисобланади. Аммо, кузатувчиларнинг айтишича, бу каби тергов мустақил журналист фаолиятидан камчиликларни топишга йўналтирилган.

Тошкентда Ю. Черногаев билан бирга ишлаган ва айни айблар илгари сурилган “Немис тўлқини” радиосининг яна бир мухбири Наталья Бушуева терговчилар билан суҳбатдан кўра мамлакатни тарк этишни афзалроқ кўрди. Унинг ҳозирда Қирғизистонда яширинаётгани айтилмоқда.

Журналистлар фикрича, Ўзбекистондаги мустақил журналистика шу тариқа кучли босим ва таъқиб остида қолмоқда. Мамлакатдаги матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги вазият сабабли Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан эътироз кучайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG