Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:41

Ўзбекистон ўзини оқламоқчи эмас


28 март куни Қозоғистон пойтахти Остонада Европа Иттифоқининг юқори мартабали делегацияси ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг “ЕИ учлиги”, яъни ЕИ раёсати, кенгаши ва котибияти вакилларидан иборат делегация билан бундай форматдаги учрашуви илк бор минтақа давлатларининг бирида ўтказилди.

ЕИ делегацияси таркибида айни пайтда иттифоққа раислик қилаётган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер, Еврокомиссия ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Вальднер, Европа кенгашининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел бор.

Остонадаги учрашув диққат марказида, асосан, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси бўлди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари манзарасида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш анча мураккаб йўлдан бормоқда.

ЕИ Андижондаги намойишнинг қонли бостирилиши юзасидан халқаро ва мустақил тергов ўтказиш талабларини бажармаётган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкцияларидан воз кечганича йўқ. Ўзбекистон томони эса ЕИ билан ҳамкорлик масаласида ўз принципиал мавқеини яна бир карра такрорлади.

Остонага жўнаб кетишдан аввал “Озодлик”ка интервью берган Бенита Ферреро-Вальднер ЕИни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ташвишга солаётганини билдирди. У Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Остонага ЕИ ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича президент Ислом Каримовнинг ЕИга аталган муждасини олиб келишини айтди.

Аммо рамзий бўлса-да, Владимир Норов мамлакатда бирор инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг озод этилиши каби муждани эмас, “Немис тўлқини” радиоси мухбири устидан жиноят иши очилгани ҳақидаги муждани етказгандек.

Остонада ўтказилган матбуот анжуманида эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов мамлакатдаги босқичма-босқич демократик ислоҳотлар борасида Ўзбекистон ҳукумати ҳеч кимнинг олдида ўзини оқлаб ўтирмаслигини таъкидлади.

“Биз кимларнингдир олдида ўзимизни оқлаб ўтиришни хоҳламаймиз. Ҳа, биз ҳар томонлама, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотга тайёрлигимизни айтганмиз. Аммо бу масалада устоз-шогирд ёки етакловчи ва етаклама муносабатлари бўлмаслиги лозим, – деди В.Норов ва икки томонлама муносабатларнинг Ўзбекистон истаётган кўринишини яна бир бор аниқлаштирди. – Фикримизча, муносабатларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик асосида қуриш принципиал масаладир. Муносабатларимиз икки томон манфаатларига ғоявий тус бермасдан ўрнатилсагина бир-биримизга яқинлашишимиз мумкин. ЕИ сиёсати ҳам шундагина самарали бўлади”.

ЕИнинг нефть ва газ захираларига бой Марказий Осиё давлатларига нисбатан ишлаб чиқаётган янги стратегияси Европанинг муқобил энергетик захираларга эҳтиёжи муаммосини ҳал этишга қаратилгани айтилади. Бу стратегия инсон ҳуқуқлари вазияти абгор, деб айтиладиган Туркманистон ва Андижондаги намойишни куч билан бостирган Ўзбекистон билан мулоқот ўрнатишни ҳам назарда тутади.

Танқидчилар фикрича, ЕИ Ўзбекистонга санкцияларни юмшатиш ва ҳатто бекор қилиш кайфиятида.

Аммо ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков Ўзбекистон ўзига қулай сиёсатдан ҳеч қачон воз кечмаслигини айтади.

“Расмийларимизнинг аҳмоқлиги шундаки, уларнинг назарида куч ва принципиалликни намойиш этиш Ўзбекистон мавқеини кучайтиради. Улар ЕИ ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга мажбурлигини англамоқда. ЕИ билан бу йўл орқали бир нимага эришиш мумкиндир. Аммо охир-оқибат мулоқот узоқ муддатга чўзилиши ва иккала томон учун самарасиз бўлиши мумкин”, – дейди С.Ежков.
XS
SM
MD
LG