Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Бу йилгиси ҳам ёқмади...


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик ҳисоботини қоралади ва ундаги фактлар “бир томонлама ва нохолис” эканини билдирди.

Давлат департаментининг бу борадаги йиллик ҳисоботлари ҳар йили Ўзбекистон ҳукуматининг ғазабини келтиради. Бу сафар ҳисобот АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида расман тақдим этилишидан аввалоқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга муносабатини билдириб қўя қолди.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат департаменти сийқаси чиқиб кетган, кўп бора асосли ва конкрет тарзда рад этилган далилларни ёйишда давом этаётганидан афсус билдиради”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик матбуот котиби Азиз Обидов Ўзбекистон томони ҳозирча мана шу баёнот билан чекланиб қолиши ва бошқа изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Расмий баёнот матнида Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон борасида нима дейилгани четлаб ўтилган.

Анча ёпиқ ахборот муҳитида унинг кенг жамоатчиликка ва ҳатто кўпчилик давлат мулозимларига ошкор бўлиши мушкул.

“Шунинг учун Ўзбекистон ҳукуматининг ҳисобот юзасидан ҳар гал жазавага тушиши асоссиздир. Бу ҳисобот уларнинг ғашига тегаётгани табиий. Аммо инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшиламасдан бундай баёнот қилишга эҳтиёж йўқ”, – дейди журналист Сергей Ежков.

Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги шундоқ ҳам ночор бўлган инсон ҳуқуқлари вазиятини янада ёмонлаштиришда давом этмоқда.

“Мамлакат фуқаролари эса ўз ҳукуматини тинч ва демократик усуллар билан алмаштириш ҳуқуқига эга бўлмади. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳибсга олинган шахсларни мунтазам равишда қийноққа солди, калтаклади. Бир неча ҳолларда эса инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва режим танқидчилари мажбуран руҳий хасталиклар шифохонасига жойлаштирилди, калтакланди ёки ҳибс этилди”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган давр Ўзбекистонда на сўз ва на эътиқод эркинлиги таъминланган бир шароитда кечди.

Гарчанд Ўзбекистон томони бу қабилдаги танқидларга рози бўлмаётган бўлса ҳам мамлакатдаги вазиятни кузатиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бундай хулосаларга юз фоиз қўшилади.

“Бир неча йилдан буён бу ҳисоботларни кузатиб келаман. Бирортасида ҳам анъанавий ёндашувни, нотўғри ахборотни кўрмадим. Бу ҳисоботни юз фоиз ҳақ ҳисоблайман”, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Ўзбекистон томони ўз баёнотида Давлат департаментини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бир томонлама ёндашув тескари натижа бериши мумкинлигидан огоҳлантиради. Аммо АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини фақатгина танқидий мулоқотга чорлаётганини таъкидламоқда. Ўтган йили АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ўтказилган ҳисобот тақдимотида иштирокчиларга АҚШ ҳукуматининг инсон ҳуқуқларини поймол этаётганига оид “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти томонидан тайёрланган ҳисобот ҳам тарқатилган эди.

“Менимча, давлатлар ўртасидаги танқидий мулоқот дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун ўта муҳимдир”, – дейди ҲРУнинг Ўзбекистондаги вакиласи Андреа Берг.
XS
SM
MD
LG