Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:48

Путин сиёсатига қарши намойиш


Шанба куни Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербург шаҳрида минглаб одам мамлакат президенти Владимир Путин сиёсатига қарши норозилик намойиши ўтказди.

Рухсат этилмаган намойишни тарқатиб юборишга уринган милиция ходимлари ва акция иштирокчилари ўртасида тўқнашув содир бўлди. Намойишчилар милиция қуршовини ёриб ўтиб, шаҳарнинг бош кўчаси томон юриш қилди.

Тадбир ташкилотчилари орасида шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони, айни пайтда мухолифатчи Гарри Каспаров, шунингдек, миллатчи сиёсатчилардан бўлган Эдуард Лимонов бор эди.

Намойишни бевосита кузатган “Озод Европа/Озодлик” радиоси мухбири Татьяна Волцкаянинг сўзларига кўра, ҳукумат намойишчиларнинг юриш ўтказишига қарши ҳамма чораларни кўрди. Карнайлар орқали милиция ўраб олинган намойишчиларга тарқалишни таклиф қилди. Бироқ тадбир иштирокчиларининг “Шарманда, шарманда”, дея бақиришлари карнай овозларини босиб кетди.

Намойишчилар “Путинсиз Россия” ва “Йўқолсин коррупциялашган ҳукумат” шиорларини айтиб ҳам бақирди. Баъзилар қўлида “Путин жуда ҳам ёмон, Касьянов эса ҳақгўй одам” сўзлари битилган плакатлар бор эди.

“Озодлик” мухбирининг айтишича, намойишчилар милиция кордонини ёриб ўтиб, шаҳарнинг кенг кўчалари бўйлаб юришга отланган.

“Намойишда бошиданоқ жуда кўп, балки икки ёки уч минг одам қатнашди. Кейинроқ уларга эҳтимол кўпроқ одам қўшилгандир. Милиция кучлари уларни калтаклар, четга олиб ўтишга ҳаракат қилар эди. Уларга Суворов проспекти бўйлаб юришга ижозат берилмади. Юриш Невский проспекти бўйлаб давом этди”, - дейди мухбир.

Намойиш давомида жуда кўп одам ҳибсга олинди. Ҳибсга олишлар тадбир бошланмасдан олдиноқ бошланган эди. Жумладан, “Бошқача Россия” мухолифат блоки лидерларидан бири, миллатчи сиёсатчи Эдуард Лимонов намойиш олдидан ушланган чамаси 100 кишидан бири бўлди.

Т.Волцкаянинг билдиришича, намойиш хавотирли руҳда ўтган. Милициянинг махсус бўлинмалари намойишчиларни аёвсиз калтаклаган, уларнинг қўлидаги плакатларни юлиб олган.

Мазкур намойиш Санкт-Петербургда 11 март куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлардан, куз фаслида парламент ҳамда роппа-роса бир йилдан сўнг бўладиган президент сайловидан олдин ўтказилмоқда.

В.Путин кейинги йилги президент сайловига ўз номзодини қўймаслигини билдирган. Аммо унинг қаттиққўл ҳокимияти даврида Кремлга қарши намойишлар сони анча камайган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Путин режимини матбуот эркинлигини бўғишда ҳамда мухолифатни бостиришда айблаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG