Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:34

Президентдан бош вазирга айланиш операцияси бошланяптими?


Ўзбекистон ҳукуматининг энг юқори поғонасида мамлакат бошқаруви жиловини амалдаги президент Ислом Каримов қўлида қолдириш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда.

“Ўзметроном” сайтидаги бу ҳақдаги мақолада И.Каримов мамлакатни парламент республикасига айлантириб, ўзи бош вазир сифатида ҳокимият тепасида қолиши тахмин қилинади.


Ўзбекистонда жорий йил охирига белгиланган президент сайлови яқинлашар экан, ҳозирча фақат юқори табақа мулозимларига маълум режалар ошкор бўлиб боради.

2007 йил 22 январда президентнинг мухолифлари мамлакат конституциясига мувофиқ И.Каримовнинг президентлик муддати якунлангани ҳақида эслатди.

Расмийлар конституциянинг сўзма-сўз тушунилишига қарши чиқиб, амалдаги давлат раҳбарининг ваколат муддати расман йил охирига қадар давом этишини билдирди. Аммо Ўзбекистон раҳбари билан ҳозир ҳам, кейин ҳам биров хайрлашишга шошилмаётир.

“Каримов ҳам ўзининг ҳукуматдан кетиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англайди, – дейди сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. - Андижон воқеаларига йўл қўйган Каримов бу воқеалар юзасидан ҳар қандай жиддий терговдан омон чиқмаслигини яхши билади”.

Журналист Сергей Ежков И.Каримов ўзининг давлат бошқарувида қолиш истагини ўзи бошлаган ислоҳотларни давом эттириш лозимлиги билан изоҳлаши мумкинлигини айтади. Қолаверса, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти мамлакат тарихида ёруғ юз билан қолишга интилишини ҳам инкор этиб бўлмайди.

С.Ежков бош муҳаррирлик қилаётган “Ўзметроном” сайтининг ёзишича, президентлик муддати тугаб бораётган И.Каримов ҳокимиятда қолиш учун давлат қурилишининг асосий принципларини ўзгартириши мумкин.

“Назаримда Каримов учун қолаётган ягона вариант, бош вазир лавозимига ўтиб, конституцияга ўзгартириш киритиб, мамлакатни парламент республикасига айлантиришдир”, – дейди С.Ежков.

Ҳозир Ўзбекистон парламентининг иккала палатаси мамлакатдаги сиёсий партияларнинг давлат аҳамиятига молик қарорларни чиқаришдаги ролини оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини муҳокама этмоқда. Бу лойиҳаларни президентнинг ўзи ноябрь ойида таклиф этгани учун ҳам уларнинг қабул қилинишига ҳеч ким шубҳа билдирмайди.

Ўзбекистоннинг парламент республикасига айланиш эҳтимоллари И.Каримовнинг бош вазир сифатида давлат бошқарувида қолиш муддатини узайтириш билан бир қаторда, С.Ежковнинг фикрича, мамлакатнинг нуфузини бироз кўтаришга хизмат қилиши мумкин.

“Агар парламент республикасига айлансак, дунё жамоатчилиги буни олқишлайди. Чунки бу барибир қаттиққўл авторитар тизимдан бироз чекинишни англатади”, – дейди С.Ежков.

И.Каримов мамлакатни парламент республикасига айлантириш режасини маъқул топса, кейинги президентнинг ваколатлари мутлақо чекланади. У ҳолда мамлакат президентининг кимлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этмай қолади.

Сиёсатшунос Т. Йўлдошевнинг таъкидлашича, кўрилаётган бошқа режалар орасида И.Каримовнинг президент сифатида мамлакат тепасида қолишига имкон берувчи референдумни ўтказиш режаси ҳам бўлиши мумкин.

Аммо муайян муддат билан чекланган президент бўлишдан кўра, кўпроқ ваколатга эга ва чекланганмаган муддатга ҳокимиятда қолиши мумкин бўлган бош вазир бўлиш барибир афзалроқ.

Қўшни Туркманистоннинг авторитар раҳбари Сапармурод Ниёзовнинг тўсатдан вафот этиши эса давлат раҳбарининг муддати ўлим билан ҳам чекланганини барчанинг ёдига солди.
XS
SM
MD
LG