Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:32

“Қаламкаш” милиционерлар жиноятчими?


“Ўзметроном” сайти тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали икки расмийси - полковникларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Вазирликнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айбланаётгани айтилаётган жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Алишер Шарипов ва вазирликнинг собиқ матбуот котиби ҳамда “Постда” газетаси ва “Қалқон” журнали бош муҳаррири Азиз Эрназаров ишдан бўшатилган. Ҳатто А.Шарипов ҳибсга ҳам олинган.


“Ўзметроном”нинг ёзишича, А.Шарипов вазирликнинг босма нашрлари учун зарур бўлган қоғозни қимматроққа сотиб олиш эвазига бюджет маблағларини талон-тарож қилганликда айбланмоқда. Унга нисбатан жиноят иши ўтган йилнинг ўрталарида қўзғатилганига қарамай, унинг президентнинг собиқ матбуот котиби ҳамда ИИВнинг юқори мартабали расмийси билан дўстона муносабатлари сабабли тергов амалиёти сусткашлик билан олиб борилган.


ИИВнинг бир неча расмийси А.Шариповнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. ИИВ матбуот маркази ходими Исмоил Миновваровнинг айтишича, юқорида номи зикр этилган полковниклар хизмат вазифаларидан озод этилган.

“Уларнинг жиноят ишлари тафсилотлари бизга маълум эмас, бу иш билан прокуратура шуғулланяпти. Лекин Алишер ака таътилга чиқиб, қайтиб келганидан кейиноқ пенсияга кетиш тўғрисида ариза ёзган”, - деди И.Миновваров.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова ИИВнинг юқори мансабли ходимларига нисбатан қўзғатилгани айтилаётган жиноят ишлари тафсилотлари унга маълум эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги мансабдорларнинг жиноят ишлари борасидаги маълумотлар одатда ошкор этилмайди.

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов фикрича, куч тизимлари ўз таркибидаги жиноят ишлари билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашдан идора нуфузига путур етказмаслик мақсадини кўзлайди.

“Қандайдир жиноят ишлари ёки ҳибсга олишлар борасидаги маълумотларни чиқаришга қўрқишади. Назаримда Ўзбекистонга ўхшаш тоталитар мамлакатларда ҳар бир мулозим ўзига нисбатан исталган вақтда жиноят иши қўзғатилиши мумкинлигидан ҳам қўрқади. Шунинг учун ҳам раҳбарият розилик берсагина бундай ахборотлар расмий даражада пайдо бўлади”, – дейди Д.Кислов.

Ички ишлар вазири ўринбосари Алишер Шарафуддинов вазирликнинг икки юқори мартабали мулозимига нисбатан қандай чоралар кўрилаётганидан бехабарлигини билдирди. Аммо, унинг айтишича, бу каби хабарлар рост бўлса, вазирлик уларни сир сақламасликни афзал кўради.

“Жавобгарликка тортилаётган ходимларимиз бор. Айби бўлса, жавобгар бўлади. Бу хабарларни яширмаймиз”, - деди А.Шарафуддинов.

Аммо сўнгги воқеа мисолида ҳам куч ишлатар идора ходимларига нисбатан қўзғатилаётган жиноят ишлари борасида маълумот олиш ниҳоятда қийинлигини кўриш мумкин. Ўзбекистон Жиноят кодексида давлат идоралари ходимларига нисбатан жазонинг кучайтирилган кўриниши тадбиқ этилиши кўрсатилганига қарамай, кузатувчилар фикрича, бундай ходимларнинг кўпчилиги жавобгарликка тортилмаслик ёки жазони шартли асосда ўташ йўлларини топади.
XS
SM
MD
LG