Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:23

Бахтиёр Исабеков: “Ҳукуматнинг ўзи айирмачи сиёсат юргизмоқда”


Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармаси турли омиллар сабабли парчаланиш таҳдиди кучли бўлган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритди. Бу рўйхатда Ўзбекистон 24-ўринда турибди.

Рўйхатни тузганлар фикрича, постсовет давлатлари орасида, айниқса, Ўзбекистонда беқарор вазият юзага келиш эҳтимоллари юқори бўлиб, бу вазият мамлакатнинг парчаланишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, жамғарма мутахассислари яқин келажакда Африканинг 11 давлати дунё харитасидан ғойиб бўлиши ҳамда Ироқ ва Афғонистоннинг парчаланишини кутиш мумкинлигини башорат қилган.

Аксар таҳлилчилар Африка давлатлари, Ироқ ва Афғонистоннинг тақдири борасидаги фикрларга жон борлигини айтса-да, Ўзбекистон борасида бундай якдилликка бормаяпти.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Алексей Малашенко Ўзбекистоннинг давлат сифатида парчаланиши фақатгина назарий эҳтимол эканини билдирди.

“Назарий жиҳатдан бу ерда исломий инқилобнинг рўй беришини ҳамда Фарғона водийсида халифалик ташкил этилиб, унинг ажралиб чиқишини тахмин қилиш мумкин. Аммо ҳатто исломчилар халифалик ҳақида гапирганда, аслида бўлинишни эмас, балки халифаликни кенгайтиришни назарда тутади”, – дейди А.Малашенко.


Айрим таҳлилчилар Ўзбекистоннинг парчаланиш эҳтимолларини мамлакатни бошқариб турган ягона шахснинг ҳокимиятни тарк этиши билан ҳам боғлайди.

“Агар Ўзбекистонда ҳукм сураётган амалдаги тузум қулаб, Самарқанд, Тошкент ёки Фарғона кланлари ўртасида кураш ўз ечимини топмаса, муаммо давлатни бўлиш орқали ҳал этилиши мумкин. Аммо бу кланлар ҳам Ўзбекистонни бугунги шаклда сақлаб идора қилишдан манфаатдор. Бугунги вазият давом этса, Ўзбекистонда юқори лавозимларни эгаллаб келаётган Тошкент ва Самарқанд кланлари давлат бошқарувини ўзаро бўлишиб олаверади”, - дейди А.Малашенко.

Аммо ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Бахтиёр Исабеков Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозир юргизаётган сиёсати бўлгинчилик ва давлатнинг парчаланиб кетиши учун имкон яратадиган сиёсат эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ичида ҳаракатланишга қўйилган чекловлар айирмачиликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

“Ўзбекистон ичида бир вилоятдан бошқасига ўтиш учун ҳам чегара бор. Тошкентга бошқа вилоятдан келиб, бир-икки кун юриш қийин. Уларга гўё бошқа давлатдан келган одамлар сифатида муомала қилинади. Ҳукумат Тошкентнинг пойтахтлигини эсдан чиқарди. Ана шу бўлгинчиликка олиб келади. Демак, бу бошқа мамлакат экан, деган кайфият пайдо бўлади”, -дейди Б.Исабеков.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукуматининг ўз миллатига таянмаган ҳолда юргизаётган сиёсати ҳам фуқаролар бирлигини сўндириши мумкин.

“Бу ҳамма нарсада - ҳукуматнинг ўзбек тилига бўлган муносабатида, ўзбекларга бўлган муносабатида кўринади. Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати учун Ўзбекистондан ташқарида ўзбек йўқ. Бўлгинчилик сиёсатини ўзлари аллақачон бошлаб юборган. Бунинг ўзи миллий парчаланишга олиб келади”, - деди Б.Исабеков.


Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи етакчи таҳлилчиси Майкл Ҳолл Ўзбекистоннинг яқин ўртада бўлмаса ҳам, узоқ келажакда парчалиши борасида хавотирланишга асос борлигини айтди.

“Аммо ҳукумат одамларнинг муаммоларини ечишга кўпроқ эътибор қаратса, бу хавотирлар осонлик билан бартараф этиши мумкин, - дейди у. -Давлат парчаланишининг олдини олиш учун энг яхши йўл одамлар эҳтиёжлари қондирилган, ҳукуматнинг фуқаролар олдидаги жавобгарлиги йўлга қўйилган бир давлатни барпо этишдир. Агар одамлар марказий ҳукумат уларнинг муаммоларини ҳал этаётганини кўрса, назаримда ягона миллат туйғусини берувчи бундан яхши чора бўлмаса керак”.
XS
SM
MD
LG