Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

МДҲ доирасида ягона энергетик бозор яратишга уринилмоқда


Ҳамдўстлик давлатлари иқтисодий кенгаши 15 декабрь куни Москвада МДҲ доирасида энергетика бозорини шакллантириш масаласида йиғилиш ўтказади ва тузилманинг ягона бюджети лойиҳасини кўриб чиқади.

Шунингдек, йиғилишда 10дан ортиқ масала муҳокама этилади.

Мутахассислар МДҲ доирасида ягона энергетика бозорини шакллантириш истиқболлари борасида шубҳа билдиради. Бу ташаббус эса МДҲда етакчилик қилаётган Россия фойдасига йўналтирилгани борасида ҳам хавотирлар мавжуд.

Россиянинг Марказий Осиё табиий захиралари ва энергетик имкониятлари устидан назоратни қўлга олишга интилаётгани юзасидан ҳайратланиш шарт эмас. Бунга Россия бизнеси қанчалик эришмоқчи бўлаётган бўлса, ҳукумат даражасида бунинг геосиёсий фойдаси аллақачон англашилган.

МДҲ доирасида ягона энергетика бозорини шакллантириш ташаббуси ташкилотда етакчилик қилаётган Россия истаги билан илгари суриляпти. Аммо бу уриниш муваффақиятлари борасида айрим етакчи таҳлилчилар шубҳа билдирмоқда.

“Энергетика захиралари бўйича МДҲ аъзоларининг манфаатлари бир-бирига зиддир. Бир гуруҳ давлатлар энергетик захираларни ишлаб чиқарса, бошқалари истеъмол қилади. Ишлаб чиқарувчилар билан истеъмолчиларни бир саватга солиш имконсиз”, - дейди Швецияда нашр этиладиган “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали бош муҳаррири Мурод Эсенов.

Айни пайтда Россия ўз назарини шу манбаларга қаратган. Россияда нефть ва газ соҳасидан келаётган улкан маблағлар Марказий Осиё ҳамда дунёнинг турли давлатларидаги нефть-газ конларини ўзлаштириш тармоқларига йўналтириляпти.

“Буни истеъмолчиликнинг бир кўриниши сифатида қабул қилиш шарт эмас. Барча давлатлар, жумладан, Россия ҳам шундай қилади”, - дейди М.Эсенов.

Сўнгги йилларда Россиянинг етакчи нефть-газ компанияларида давлат улуши ортиб бормоқда. Давлат бу ширкатларнинг Марказий Осиёдаги манфаатларини кўпроқ рағбатлантира бошлади.

“Геосиёсий омиллар бор бу ерда. Россия катта давлат сифатида дунёда етакчи мавқега эга бўлишга интилади. Бошқа масала, кичик давлатлар бунга тоқат қилиш керакми? Албатта, йўқ... Улар ҳам Россияга рақобатбардош бўлишга интилиши ва ўзини ҳимоя қилиши керак”, – дейди Қозоғистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Тўлаган Жўқиев.


Қозоғистон компаниялари аллақачон Россия ширкатлари билан рақобат қилишга тайёрдек. Қозоғистон бозорида Россия нефть-газ ширкатларининг монополия ўрнатиш эҳтимолига мутлақо жиддий қаралмайди.

Бу эса нефть ва газ соҳаларига кўпроқ Россияга имконият бераётган Ўзбекистонда хавотир уйғотмоқда. Жуда қисқа муддат давомида Россия бу мамлакат энергетика захираларига улкан сармояларни ётқиза олди. Аммо Т.Жўқиев фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти ҳам Россияга ўта стратегик захиралар устидан назоратни бериб қўймайди.

“14-15 йил давомида Россияни мамлакатдан сиқиб чиқариш ва тарихни бошқатдан ёзиш билан шуғулланган ўзбек режими бирдан Россиянинг ҳар томонлама иттифоқчисига айлангандек кўрияпти. Ўзбек режими яна руспараст бўлиб қолганига ишонувчи одамлар топилмаса керак. Бу фақатгина вақтинчлик эврилишдир”,– дейди Т.Жўқиев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳеч бир давлатга устиворлик бермасдан барча сармоядорларга йўл очишни ўрганиши керак. Россиянинг Марказий Осиёдаги табиий захираларга табиий интилишини шу йўл билан бир қадар жиловлаш мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG