Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

НАТО Афғонистонда хавфсизлик ўрнатишда Ўзбекистон ёрдамига умид қилади


Латвия пойтахти Ригада НАТО саммити бошланди. Икки йилда бир марта ўтказиладиган бу учрашувда Шимолий Атлантика альянсига аъзо 25 мамлакат давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этяпти.

НАТОнинг энг аҳамиятли анжумани илк бор собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган давлатда ўтказилмоқда.

НАТОнинг дунё хавфсизлигидаги янги роли ҳамда Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар Рига саммитининг диққат марказида турибди.

Бу учрашув НАТОнинг ривожланиш тарихидаги янги босқичга асос солиши айтилмоқда. Фақатгина ҳарбий йўл билан хавфсизлик таъминланмаслигини эътироф этаётган альянс бундан буён Европа Иттифоқи, БМТ ва турли халқаро нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ришталарни ўрнатиш ниятида.

Бундай ташаббус айрим аъзо давлатлар Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар муваффақияти борасида шубҳа билдиргани сабабли юзага келгани айтилади.

НАТОнинг Афғонистондаги муваффақияти борасида иккиланмасдан ижобий фикр билдираётган ташкилот бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер ҳам альянс Афғонистонга ривожланиш олиб кела олмаслиги борасида очиқ баёнот берди.

“НАТО ривожлантириш ишлари билан шуғулланмайди. У гуманитар ёки нодавлат ташкилот эмас. Шунинг учун НАТОнинг 32 минг аскари қандайдир хавфсиз шароит яратаётган бир вақтда ана шундай ташкилотлар, қалтис бўлса-да, ривожлантириш ташаббусини ўз қўлига олиши жуда муҳим”, - деди Схеффер.

Афғонистондаги коалиция кучларига 2002 йилдан етакчилик қила бошлаган НАТО ўз тарихида илк бор аскарларини йўқота бошлади. 2002 йилда буён Афғонистонда НАТОнинг юздан зиёд ҳарбийси ҳалок бўлди.

Альянс “Толибон” ва Ал-Қоида” қодиқлари қаршилигини синдира олгани йўқ. НАТОнинг Афғонистондаги амалиётлари истиқболлари АҚШнинг Вьетнамдаги мағлубиятига таққосланмоқда.

Ригадаги НАТО саммити билан бир қаторда Афғонистон масаласига бағишланган анжуман ҳам ўтказилди. Хавфсизлик масалалари бўйича нуфузли таҳлилчи Кристофер Бертрам унда сўзга чиқиб, НАТОга аъзо баъзи давлатлар Афғонистондаги вазият ривожи борасида ўзгача фикрда эканини эслатди.

Унинг айтишича, АҚШнинг Вьетнамдаги мағлубияти НАТОнинг Афғонистондаги вазиятини эслатади. НАТОнинг исталган вақтда Афғонистондан чиқиб кетиши бу ташкилотга жиддий зарба етказмайди.

НАТО расмийлари Афғонистонда вазият масъулияти фақат аньянсга юклатилаётганидан норозилик билдиряпти. НАТО сиёсатини режалаштириш бўлими раҳбари, альянс бош котиби маслаҳатчиси Михаэл Рухле НАТО бундан буён Афғонистондаги вазият учун ягона масъул ролини бажаришдан воз кечишини билдирди.


“Афғонистондаги бўҳрон вазиятида биргина НАТО муваффақиятни таъминлаб бера олмайди. Биз буни билган ҳолда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан бормоқчимиз”, - деди М.Рухле.

Айни пайтда НАТО Афғонистонга чегарадош айрим давлатлар билан ҳам барқарор муносабат ўрнатишга эриша олмади. Ўзбекистон-НАТО муносабатлари бунинг яққол мисолидир. Ўзбекистонни “Толибон” таҳдидидан халос этган НАТО бугунги кунда расмий Тошкент томонидан мутлақо назар-писанд қилинмаяпти.

НАТО расмийлари собиқ Совет Иттифоқининг Афғонистонга қарши урушида асосий таянч нуқта ҳисобланган Ўзбекистон бу борада яна бир бор жуда қўл келишини инкор этмайди.

НАТО 2005 йилги Андижон воқеаларида Ўзбекистон ҳукумати вазиятга номувофиқ тарзда намойишчиларга қарши қурол ишлатгани юзасидан жиддий хавотир билдирган ва халқаро тергов ўтказиш чақириқларига қўшилган эди. Бу эса Ўзбекистоннинг альянс билан алоқаларни тўхтатишига олиб келганди.

Альянс расмийлари Ўзбекистон билан ҳамкорлик борасидаги мулоқотни давом эттириш ниятида эканини таъкидлаб келади.

НАТО бош котибининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Роберт Симмонс НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни қайта жонлантириш мақсадида сўнгги қарийб 2 йил ичида илк бор Тошкентга сафар қилишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG