Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:49

Ёмонда илғор, яхшида...


Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда инфляция даражасини жиловлаш учун бозор ислоҳотларини жадаллаштириш ва давлатнинг иқтисоддаги аралашувини камайтиришга чақирди.

ХВЖ вакили Дэвид Овен Олмаотада Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиш истиқболлари ҳақидаги ҳисоботни тақдим этар экан, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича минтақанинг бошқа давлатларидан орқадалигини қайд этди.

ХВЖнинг билдиришича, иқтисодий ўсиш бўйича 9 фоиз кўрсаткичга эга Қозоғистон ва Тожикистон минтақада етакчилик қилмоқда. Инфляция даражаси эса Қозоғистонда 8-9 фоиздан, Тожикистонда 10 фоиздан ошмаётир. Қирғизистонда ҳам иқтисодий ўсиш суръатлари барқарорлашиб, инфляция даражаси нисбатан паст даражада қолмоқда.

Мазкур ҳисоботда Марказий Осиё минтақасида умуман барқарор иқтисодий ривожланиш кузатилаётганини қайд этилади.


Аммо иқтисодий кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон бошқалар ортидан судралиб бораётгандек.

Жамғарма ҳисоботига кўра, ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти атиги 5 фоиз ўсди. Инфляция эса 21 фоизни ташкил этди. Жорий йилда Ўзбекистондаги инфляция даражаси қарийб 19 фоизлик кўрсаткичда мустаҳкамланиб қолади.

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати келтираётган рақамларга мутлақо мос келмайдиган бундай кўрсаткичлар расмий Тошкент эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки матбуот котиби Асқар Ҳайдаровнинг айтишича, ХВЖ Ўзбекистондаги иқтисодий вазият билан яқиндан таниш бўлмагани сабабли мамлакатда ифляциянинг олдини олишга қаратилган чоралар ҳақида ҳам билмайди.

“Ўзбекистонда ташқи савдодан келадиган ортиқча даромадлар барқарорлаштириш ва ривожлантириш жамғармасига тушади. Бу маблағлар турли сармоявий дастурларга йўналтирилади. Бундан ташқари, Марказий банк облигациялар чиқаради”, - дейди А.Ҳайдаров.

Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда мамлакатдаги инфляция даражаси 8 фоиздан, келаси йилда эса 7 фоиздан ошмаслигини ваъда қилмоқда. Аммо ХВЖ ҳамда Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати инфляция даражасини доимо камайтириб кўрсатишини таъкидлаб келади.

Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Анна Уолкернинг таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати айтаётган рақамлар доимо шубҳали бўлиб келган.

“ХВЖ ҳамда Жаҳон банки рақамлари ҳақиқатга кўпроқ тўғри келади, деган бўлардим. Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондаги инфляцияга ва нарх-навонинг ошиб кетаётганига савдога ўрнатилган чекловлар ҳам сабаб бўлмоқда”, - дейди Анна Уолкер.

Халқаро ташкилотлар келтираётган рақамларга эътироз билан ёндашишга одатланган расмий Тошкент нарх ошишини ўта кескин муаммо сифатида эътироф этмайди.

Ўзбекистонда нархларнинг ошаётгани қанчалик жиддий муаммо эканини ҳукумат мулозимлари ёки халқаро мутахассислардан кўра оддий ўзбекистонликлар яхшироқ билади.
XS
SM
MD
LG