Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Ўзбекистон Хитойнинг "ташна"сини қондиряпти


Хитой миллий нефть корпорацияси Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириб, мамлакатдаги нефть ва газ конларини қидирув лойиҳаларига сармоя киритиши ҳақида эълон қилинди.

30 август куни Ўзбекистон томони Хитой ва Корея миллий нефть корпорациялари, Малайзиянинг “Петронас” ҳамда Россиянинг “Лукойл” компаниялари билан Оролбўйи минтақасида углеводород захираларини қидириш бўйича қўшма лойиҳага имзо қўйган эди.

23 августда эса президент Ислом Каримов ўз қарори билан “Ўзбекнефтгаз” ва Хитой миллий нефть корпорацияси билан ҳамкорликда газ захираларини қидириб топиш бўйича беш лойиҳани бошлашга рухсат берди.

Ўзбекистонга улкан сармоялар киритиш масъулиятини олиб Россиянинг “Лукойл” ва “Газпром” компаниялари мамлакатдаги фаолиятини бошлаганига бир неча йил бўлди. Энди эса аста-секинлик билан газ ва нефтга ташна Хитой ва Жануби-шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари Ўзбекистонга кириб келяпти.


Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон нефть ва газ соҳасида фаолият юритувчи асосий ўйинчилар аниқланди. Улар орасида Ғарб давлатларининг нефть-газ компаниялари йўқ.

“Бунинг боиси, Ўзбекистон раҳбариятининг россияпараст сиёсат юритишга қарор қилгани эмас”, - дейди Лондондаги глобал энергетика тадқиқот маркази таҳлилчиси Манучеҳр Такин.


Иқтисодчи-журналист Дмитрий Поворовнинг таъкидлашича, совет даврида қурилган марказий газ қувурлари бугунги кунгача Ўзбекистонни газ-нефть соҳасида Россияга боғлаб турибти.


Ғарб компанияларнинг Ўзбекистонда жиддий фаолият бошлашга қаратилган уринишлари ҳеч қандай самара бермади.

“Ўзбекистоннинг Ғарб давлатларига тўғридан-тўғри чиқувчи қувурлари йўқ. Бир вақтлар АҚШнинг “Энрон” ширкати “Қандим” конларини ўзлаштириш бўйича лойиҳа тайёрлаган эди. Ўша пайтда Россиянинг “Газпром” ширкати америкаликларга ўз қувурларидан фойдаланишга рухсат бермади. “Энрон”нинг эса бу ерни тарк этишдан бошқа иложи қолмади. Бугунги кунда “Қандим” конларини мамлакатга бир миллиард доллар сармоя ётқизишни ваъда қилган “Лукойл” компанияси ўзлаштиряпти”, - дейди Д.Поворов.

Айни пайтда Россия компаниялари Ўзбекистоннинг нефть ва газ соҳасида ҳеч қандай қийинчиликсиз ишлаётганини айтиб келади. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати газ экспортини буткул Россияга боғлаб қўйиш келажакда муаммолар туғдириши мумкинлигини англаётгандек.

“Албатта, Ўзбекистон мувозанатни сақлаш учун Хитой инвесторлари билан ҳамкор бўлишни истайди. Хитойнинг қўшилиши Ўзбекистон учун газ экспортининг иккинчи йўналишини очишга ёрдам беради”, - деди Д.Поворов.

Ўзбекистон жорий йилда салкам 13 миллиард куб метр газ экспорт қилишни режалаштирган. Келаси йилдан бошлаб бу миқдор мунтазам кўпайиб боради. Аммо мутахассислар нефть захираларининг ўзлаштирилиши борасида ҳозир Ўзбекистонда абгор вазиятни қайд этади. Мамлакатда 5 миллиард тоннага тенг нефть захираси борлиги айтилса-да, қидириб топилган захиралар миқдори атиги 500 миллион тоннани ташкил этади.
XS
SM
MD
LG