Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Россиялик ўзбек миллиардери “КоммерсантЪ”ли бўлди


Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, Кремлга мойил россиялик миллиардер Алишер Усмонов Россиядаги энг нуфузли “КоммерсантЪ” нашриёт уйини 200 миллион АҚШ долларига сотиб олди.

А.Усмоновнинг “КоммерсантЪ” нашрини қўлган киритиши, айрим таҳлилчилар фикрича, мустақил нашр сиёсатида бир қадар ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.

“КоммерсантЪ” шу вақтгача Кремлнинг душманига айланган қувғиндаги олигарх Борис Березовскийнинг бизнес ҳамкори грузиялик магнат Бадри Патаркацишвилли қўлида бўлиб, нашр мустақил фаолият олиб борар эди.

“КоммерсантЪ”нинг янги эгаси А.Усмоновнинг расмий Тошкент билан яқин муносабатлари газетада Ўзбекистон борасида бир ёқлама мақолаларнинг чоп этилишига сабаб бўлиши ҳам тахмин қилинмоқда.

Россиянинг энг жиддий одамлари ўз кунини “КоммерсантЪ” газетасини мутолаа қилишдан бошлашга одатланган. А.Усмонов нашр мижозларидан айрилиб қолмаслик учун “КоммерсантЪ”ни сотиб олганидан кейин дарҳол газетанинг мустақил сиёсатида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаслиги ҳақида баёнот берди.

“КоммерсантЪ” бош директори Демьян Кудрявцев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда газета ўзининг ҳозирги сиёсатини ўзгартирмаслигига умид билдирди.

“КоммерсантЪ” мамлакатдаги энг жиддий газета ҳисобланади ва шундай бўлиб қолишига умид қиламан”, - деди Д.Кудрявцев.

Аммо ОАВ эркинлиги борасидаги хавотирлар Россияда телеканалларнинг бирин-кетин Кремлга мойил шахслар қўлига ўта бошлаганидан буён мавжуд. Матбуотда эса Путин сиёсатини танқид қилиш давом этмоқда.

“Путиннинг мухолифи ҳисобланган Борис Березовскийга қарашли “КоммерсантЪ”нинг Кремлга мойил шахс Алишер Усмонов томонидан сотиб олиниши Путин матбуотни ҳам қўлга киритаётгани борасида хавотирлар туғдириши табиий”, - дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элеонор Пикот.

Москвалик журналист Санобар Шерматова эндиликда “КоммерсантЪ” сиёсати аста-секинлик билан, бироқ, албатта, ўзгартирилади, деган фикрда. Унинг айтишича, жорий вазият Россияда кутилаётган парламент ва президент сайлови билан боғлиқ.

Шу пайтгача “КоммерсантЪ” газетасида Ўзбекистон мавзуси анча холис ёритилганини кузатиш мумкин.

Андижондаги қонли воқеаларнинг бир йиллиги муносабати билан газета ҳатто мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан катта интервьюни чоп эта олди.

Энди эса бир вақтнинг ўзида ҳам Кремль, ҳам президент Каримов оиласига яқинлиги айтилаётган А.Усмоновнинг “КоммерсантЪ”ни қўлга олиши нашрнинг қўлини боғлаб қўйиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.

“Ҳар қалай Ўзбекистон ҳукумати шунга умид қилади”, - дейди мустақил журналист Сергей Ежков.

Шу каби тахминларга жавобан нашр бош директори Демьян Кудрявцев бу борада ўзгаришларнинг кутилмаётганини яна бир бор такрорлади.

“КоммерсантЪ”ни сотиб олган 53 ёшли миллиардер А.Усманов “Газпроминвестхолдинг” ёпиқ акциядорлик жамиятининг бош директоридир. У Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилган. Отаси Бурхон Усмонов маълум муддат давомида Тошкент шаҳри прокурори лавозимида хизмат қилган. 1976 йилда А.Усмонов Москва давлат халқаро муносабатлар университетини тамомлаган. 90-йиллар ўрталарида у москвалик дўстлари ёрдамида Россиянинг биринчи мустақил банкининг бошқарув раёсати таркибига кирган.

Сўнг ҳукумат доирасида обрў қозонган А.Усмонов 1998 йилга қадар “Интерфин” банклараро молия-инвестиция компаниясига раҳбарлик қилди. 1997 йилда у “Архангельскогеолқазиболиш” акциядорлик жамияти директорлар кенгаши таркибига кирди. 2000 йилдан буён эса А.Усманов “Газпроминвестхолдинг” ёпиқ акциядорлик жамиятининг бош директори ҳисобланади.


“Форбс” журнали маълумотларига кўра, 2,5 миллиард доллардан кўп маблағ тўплаган А.Усмонов Россиядаги энг бой одамлардан биридир.
XS
SM
MD
LG