Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Каримов Коизумининг "жасур қадами"га ойдинлик киритмади


Япония бош вазири лавозимдаги сўнгги расмий ташрифи давомида Жуничиро Коизуми ўз мамлакати учун Ўзбекистон урани, гази ва нефти захираларига йўл очишга эришди. Ҳар ҳолда шундай ваъдалар олди.

Япония тарихида Ж.Коизумидан ташқари Япониянинг бирорта бош вазири Ўзбекистонга ташриф буюрмаган эди. У Қозоғистон пойтахти Остонада Нурсултон Назарбоев билан музокаралар ўтказгандан сўнг Тошкентга учиб келиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

29 август куни И.Каримов билан учрашувдан сўнг Ж.Коизуми Марказий Осиёнинг икки асосий давлатига қилган ташрифи “Япониянинг минтақага нисбатан алоҳида қизиқиши сифатида талқин этилиши лозим”лигини таъкидлади.

“Умид қиламанки, менинг бу ерга ташрифим Японияда Марказий Осиё минтақасига катта қизиқиш борлигининг далили сифатида хизмат қилади. Япония бу ердаги жараёнларда фаол иштирок этиш ниятида”, - деди Тошкентда журналистлар билан учрашган Япония бош вазири.

Ж.Коизумининг Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафарини айрим оммавий ахборот воситалари “ядровий ташриф”, дея атади. Гап шундаки, Япония Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг уран захираларига алоҳида катта қизиқиш билдирди.

Президент Каримов бу борада Японияга кенг имкониятларни очиб беришни ваъда берди.

“Биз Япония билан унга ўз табиий захираларимизни, хусусан, уран хомашёсини етказиб бериш соҳасида истиқболли ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Япония учун нефть, газ ва бошқа табиий захираларимизни қазиб чиқариш ва етказиб бериш соҳасида ҳам мавжуд имкониятларимизни очишга тайёрмиз”, - деди И.Каримов.

Ўз навбатида, Япония томони Ўзбекистоннинг таълим дастурларини молиялаштиришни давом эттиришга ваъда қилди. Тошкентда имзоланган икки ҳужжат, асосан, таълим соҳасини қамраб олади.

И.Каримов Ж.Коизумининг Тошкентга қилган сафарини “жасур қадам”, деб атади. Аммо бу билан президент нимага ишора қилганини айтиш мушкул.

Ўтган йили май ойида Андижондаги норозилик ҳукумат кучлари томонидан бостирилгандан буён халқаро жамоатчилик кўз ўнгида обрўсизланган Ўзбекистон ҳукумати билан халқаро майдонда муомала анча сусайгани кузатилади. И.Каримов Япония бош вазирининг бунга кўз юмиб Ўзбекистонга шахсан келганини “жасорат” атаган бўлиши ҳам мумкин.

Аммо Ж.Коизуми ҳам инсон ҳуқуқлари масаласини мутлақо четлаб ўтмади.

Япониянинг ўз исми ошкор этилишини истамаган дипломати сўзларига кўра, Ж.Коизуми ва И.Каримов ўртасида бўлиб ўтган расмий ва норасмий мулоқотлар давомида Андижон тилга олинмаган эса-да, Япония бош вазири бу борадаги фикрларини аниқ-тиниқ ифодалаган.

Аммо Япониянинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирлари давлат раҳбарларининг шахсий мулоқотидан ташқарига чиқмайдиган кўринади.

Япония инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик соҳасида “Инсон хавфсизлиги” номини олган янги тамойили билан БМТга чиқиш ниятида.

“Халқаро амнистия” ташкилотининг Япониядаги раҳбари Макоту Теганакининг айтишича, Япония ташқи сиёсатининг ўзига хос хусусияти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият шароитида ҳам бу мамлакатга ёрдамларни қисқартиришни ёки босим ўтказишни назарда тутмайди.

“Айрим давлатлар инсон ҳуқуқлари масалаларида бошқа давлатларга босим ўтказади. Бу хусусда Япония ўзгача мавқега эга. У инсон ҳуқуқларини муаммо, деб билган тақдирда ҳам ҳукуматлар ўртасидаги мулоқотни сақлаб қолади. Япония ўзининг “Инсон хавфсизлиги” номли янги тамойили билан инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик масалаларни шу тарзда бирлаштиришга интилади”, – дейди М.Теганаки.
XS
SM
MD
LG