Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Жаҳон банки Ўзбекистонда қисқа муддатли дастурларни молиялашга розилик билдирди


Жаҳон банки Ўзбекистонда қисқа муддатли дастурларни молиялаштиришни қайта йўлга қўймоқчи. Ушбу дастурлар доирасида банк Ўзбекистонга 43 миллион АҚШ долларига тенг ёрдам кўрсатиши кутиляпти.

Ўзбекистон ҳукумати ислоҳот ўтказишга ваъда берганидан сўнг Жаҳон банки қисқа муддатли, яъни 12 ойдан 15 ойгача мўлжалланган дастурларни молиялашга рози бўлгани айтилмоқда.

Жорий йил мартда Жаҳон банки Ўзбекистонга йўналтирилаётган молиялар мақсадга мувофиқ тарзда сарфланмаслиги ҳақида айтиб, пул ажратишни мутлақо тўхтатиб қўйган эди.

Куни-кеча банкнинг бошқарув кенгаши йиғилишида Ўзбекистонда муваққат стратегия асосида ишни давом эттириш лозим, деган хулосага келинди.

Муваққат стратегиянинг асосий эътибори Ўзбекистонга техник ва иқтисодий-таҳлилий масалаларда кўмак кўрсатишга қаратилади. Банк молиялари парранда гриппига қарши кураш ва таълим дастурига йўналтирилади.

Жаҳон банки матбуот котиби Ник ван Прааг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда банкнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати кескин ўзгармаганини билдирди.

“Биз 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида Ўзбекистонда турли ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириб келамиз. Йил бошида Ўзбекистондаги фаолиятимизни жиддий чеклаш тўғрисидаги қароримиз мамлакатда ўша вақтдаги ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинган эди. Сўнгги ярим йил давомида биз Ўзбекистон ҳукумати билан жуда кўп бора музокара ўтказдик. Натижада Ўзбекистон халқи учун фойдали бўладиган дастур режаларини ишлаб чиқдик”, - деди ван Прааг.

Шунга қарамай, унинг таъкидлашича, ҳали ҳам вазият кескин ўзгаргани йўқ.

“Шу боис биз жуда қисқа муддатли дастурларни бошлаяпмиз, холос. Маълум вақтдан сўнг биз натижаларга қараймиз ва кейинги ишимизни қандай давом эттиришни ўйлаб кўрамиз”, - деди банк вакили.
XS
SM
MD
LG