Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Қозоғистон молияси Ўзбекистонда фаоллашмоқда


Тошкентда Қозоғистон тараққиёт банки ваколатхонаси очилди. Бу Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг жорий йил март ойида Ўзбекистонга қилган илк давлат ташрифи натижасидир.

Бироқ, маълум бўлишича, ҚТБ ваколатхонаси банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

“Ўзбекистон Қозоғистон сармоядорлари учун кенг имкониятларни яратганигача йўқ. Бу Қозоғистон тадбиркорлари Ўзбекистондаги ҳусусийлаштириш жараёнига ёпирилиб келади, дегани эмас. Бу борада Ўзбекистон ҳукуматининг ўзига хос хусусиятли сиёсати аввал барча ички имкониятларни ишга солишдан иборат”, - дейди Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбай Жубаев.

Ўзбекистон Марказий банки матбуот котиби Асқар Ҳайдаровнинг билдиришича, ҳозирча ҚТБ, асосан, Ўзбекистондаги иқтисодий имкониятларни ўрганиб боради.

“ҚТБ Ўзбекистондаги бизнес лойиҳалари билан танишиб боради ва ўзига маъқул келган лойиҳаларда қатнашади”, – деди А.Ҳайдаров.

ҚТБ давлат банкидир. Президентлар ўртасидаги музокараларнинг натижаси ўлароқ, ҚТБ ваколатхонасини очиш мушкул бўлмади. Аммо Қозоғистондаги мустақил бизнес ва молия тузилмаларини Ўзбекистонда жалб этиш анчайин мураккаб вазифа кўринади.

“Ўзбекистондаги сиёсий вазият туфайли Европа молияси бу мамлакатга келишга гумонсираб турибти. Қозоғистон сармоядорлари бугун-эрта Ўзбекистонга борайлик, деган фикрда эмас. Ўзбекистондан фойда олиш мураккаб, конвертация масалаларида эркинлик йук. Давлат аралашуви юқори”, – дейди С. Жубаев.

Сўнгги вақтларда шу пайтгача анча совуқ бўлган Тошкент ва Остона муносабатларида илиқлик аломатлари пайдо бўлаётгани кузатилмоқда. Н.Назарбоевнинг ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида илк марта Тошкентга давлат ташрифи билан келиши бунинг исботидир.

Бироқ Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг абгор ҳолати икки давлат президентларнинг ўзаро муносабати билан боғлаб келинган.

Қозоғистон очиқ иқтисодий сиёсат юргизиб, олға кетаверди. Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётдаги давлат назоратини камайтирмади.

Қозоғистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари Ўроз Жандасов фикрича, ўтган муддат давомида давлатлар турли ички иқтисодий тизимлар яратган.

“(Шу сабабли) президентларнинг яқинлиги (бугунги кунда) иқтисодий ҳамкорлик даражасига жиддий таъсир этиши мушкул”, - дейди у.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётини жонлаштиришнинг ягона имконияти Қозоғистон билан чегараларнинг очилишидир. Аммо чегараларни очиш ҳақида ҳозирча бирор расмий баёнот янграганича йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. 2005 йилда давлатлар ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми ярим миллиард доллардан ошган.
XS
SM
MD
LG