Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Қозоқлар норозилигини билдирди


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек-қозоқ чегарасида содир бўлган ҳодиса юзасидан қатъий норозилик изҳор этди. Вазирлик тарқатган баёнотда Ўзбекистон чегарачилари хатти-ҳаракатлари “мутлақо номақбул” экани таъкидланади.

Қозоқ расмийларининг билдиришича, 19 апрель куни ўзбек чегарачилари Қозоғистон ҳудудига ўтиб, чорва боқиб юрган қозоғистонлик йигитни калтаклаб, сўнг ҳибсга олган.

Айни пайтда 24 ёшли Бауржон Аҳмедов бошига етказилган жароҳатлар сабабли Тошкентдаги тез тиббий ёрдам клиникасида оғир аҳволда ётибди.

Қозоғистон ТИВ вакили Ержон Ошиқбоев Қозоғистон томони Б.Аҳмедовга нисбатан содир этилган хатти-ҳаракатлар юзасидан қатъий норозилик изҳор этишини билдириб, уни зудлик билан ватанига қайтариш чорасини кўришни ҳамда унга жароҳат етказган чегарачилар жазоланишини талаб қилмоқда.

Қозоғистон норозилигига сабаб бўлган ушбу ҳодиса президент Н.Назарбоевнинг Ўзбекистонга расмий сафаридан кўп ўтмай юз берди.

Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Илёс Умаров Ўзбекистон чегарачиларнинг хатти-ҳаракати икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказишини таъкидлади.


“Чегарада бўлган ушбу ҳодиса Ўзбекистон чегара қўшинларидаги тартиб-интизомнинг заифлигидан далолат беради. Албатта, бу ҳодиса икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказади, айниқса, президентимизнинг Ўзбекистонга муваффақиятли сафаридан сўнг”, - деди И.Умаров.

Қозоғистон томони маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Остонадаги элчиси Турдиқуб Бутаёров Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Қозоғистон томонининг эътирозлари борасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча расман муносабат билдирмади.

Расмий Тошкент Қозоғистон фуқаросини калтаклаб деярли ўлим ёқасига олиб келган Ўзбекистон чегарачиларига нисбатан қандай чора кўрилгани борасида ҳам маълумот беришдан бош тортмоқда.

Тошкентдаги 16-шаҳар тез ёрдам клиникасида ётган Қозоғистон фуқароси Б.Аҳмедов бошидан операция қилинган. Тошкентдаги шифохонадан маълуш қилишларича, Бауржон Аҳмедов автоҳалокатга учраган Бобуржон Аҳмедов сифатида шифохонага ётқизилган.
XS
SM
MD
LG