Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Ваколатхона ёпилди, лекин ишлар давом этади


БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Тошкент ҳукумати талабига мувофиқ Ўзбекистонни тарк этганини маълум қилди. Ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси душанбадан расман ёпилди.

Ўзбекистон ҳукумати ўтган ойда комиссарликдан 17 апрелга қадар мамлакатдаги ваколатхонасини ёпишни талаб қилганди.

Комиссарлик вакиласи Астрид ван Гендерен Строт хонимнинг билдиришича, ташкилот Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қароридан афсусда, шунга қарамай, белгиланган муҳлатда мамлакатни тарк этишга қарор қилинган.

“Ташкилотимиз у ёки бу давлат таклифига биноан иш олиб боради. Шундай таклиф йўқ экан, мамлакатни тарк этмай иложимиз йўқ. Бизга мамлакатни тарк этишимиз учун жуда оз муҳлат берилди. Имконимиз борича офисимизни олиб чиқишга ҳаракат қилдик”, - Строт хоним.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Ўзбекистонда 1993 йилдан бери фаолият олиб бораётган эди. Бу давр ичида ташкилот Ўзбекистондан паноҳ топган юзлаб афғон ва тожик қочқинларига ёрдам бериб келди. Ваколатхона Ўзбекистонни тарк этиши талаб қилинган пайтда мамлакатда қолган 1800 қочқинга қандай ёрдам бериш савол остида қолаётган эди.

Строт хонимнинг таъкидлашича, бу ишлар эндиликда БМТнинг Тараққиёт дастури орқали амалга оширилиши режалаштирилган.

“Шуни хурсандчилик билан айтиш керак, 1800 қочқинга ёрдамни давом эттириш борасида ўтган ҳафтада Тараққиёт дастури билан келишув имзоладик. Улар бизнинг айрим ишларимизни Ўзбекистонда давом эттиради”, - деди комиссарлик вакиласи.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича идораси Андижон воқеалари пайти Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбекистонликларни бехавотир мамлакатларга кўчиришга кўмаклашганди. Тошкент ҳукумати эса ташкилотни жиноятчи ва террорчиларга ёрдам беришда айблаганди.

Астрид ван Гендерен Стортнинг айтишича, унинг ташкилоти ватанидан олисда яшаётган ва мамлакатига қайтган тақдирда қийноққа солиниш хавфи бўлган ўзбек қочқинларига ёрдам беришда давом этади.
XS
SM
MD
LG