Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Жанубий Кореяни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти қизиқтирмайдими?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга сафари давомида икки давлат ўртасида жуда кўп соҳаларда ҳамкорлик қилишни назарда тутувчи ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишувга эришилди. Дунёнинг суюлтирилган табиий газ сотувчи энг йирик компанияси - Корея газ корпорацияси Ўзбекистон билан газ ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ниятини билдирди. Корпорация мулозимлари жорий йил давомида маҳсулот тақсимотига оид шартномаларга имзо чекилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Жанубий Корея Ўзбекистондаги ўрта мактаб таълим тизимини ривожлантириш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли қарз беради.

Сеулга жўнаб кетиши олдидан Ислом Каримов Жанубий Кореяда имзоланиши кутилаётган ҳужжатлар мамлакатга қарийб 2 миллиард доллар сармоя киритишга имкон бериши, шунингдек, икки давлат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияга қўл қўйилиши ҳақида айтган эди.

Андижондаги қонли воқеалардан сўнг Ғарб танқидлари остида қолган Ўзбекистон ҳукумати янги шерикларни излашга киришгани табиийдир.

Шерик инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари ҳақида камроқ тўхталса, ундан ҳам яхши.

Хўш, Жанубий Корея Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги талабларига қанчалик мос келади?

Корея Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини ошкор этишни истамаган мулозими сўзларига кўра, расмий Сеул учун иқтисодиёт, айниқса, табиий захиралар устивор йуналишдир.

“Биз сиёсий эмас, иқтисодий алоқаларга диққат қаратяпмиз. Айни пайтда Корея томонини Ўзбекистонга киритган ёки киритадиган сармоялари қанчалик ҳимояланиши ташвишга солмоқда”, - деди вазирлик вакили.

Ўзбекистонда касодга учраган “Кабул текстайлс” компанияси раҳбари Донг Кангнинг айтишича, Жанубий Корея бизнесининг Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш соҳасига келиши жуда қийин.

“Ҳозирча мен яхшиси Ўзбекистондан узоқроқ бўлиб туришни афзал кўраман. Кореялик тадбиркорлар, афсуски, Ўзбекистонга ишонмайди”, - деди Д.Канг.

“Кабул текстайлс” қўшма корхонаси Жанубий Кореянинг Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича энг йирик лойиҳаси эди. Корхона Ўзбекистонда экспорт учун ишлаб чиқариладиган пахта толасининг 30 фоизини берарди.

Донг Кангнинг таъкидлашича, қўшма корхона тўлалигича Ўзбекистон ихтиёрига ўтганига қарамай, компанияни олиб қўйганларнинг кучи уни юргизишга етмаётир.

“Корея ҳукумати Ўзбекистондаги муаммоларни англаган ҳолда иқтисодий алоқалардаги асосий эътиборни ишлаб чиқаришга эмас, Ўзбекистондаги табиий захираларга қаратади. Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан йўқолган ишончни қайта тиклаш учун узоқ муддат лозим бўлади. Ўзбекистонда ишлаш мумкин. Аммо ҳукумат сиёсати тубдан ўзгармаса, бунинг имкони йўқ. Зеро, ҳукумат корхоналарнинг ишларига ҳаддан зиёд кўп аралашади”, - дейди Донг Канг.

Иқтисодчилар фикрича, Жанубий Корея ва Ўзбекистон иқтисодий алоқалари истиқболлари борасида гапириш бирмунча эрта. Айни пайтда ушбу алоқалар сиёсий йўналишда ҳам бориши мумкин.

“Жанубий Корея АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни тиклашда воситачи бўлиши мумкин. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги жарлик кенгайиб борар экан, бундай таклиф ҳам Каримовга, ҳам Бушга маъқул келиши эҳтимолдан йироқ эмас”, - дейди Жон Ҳопкинс университетининг Марказий Осиё давлатлари бўйича таҳлилчиси Сванте Корнел.
XS
SM
MD
LG