Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Ўзбекистон Жанубий Корея билан стратегик шерик бўлади


Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида стратегик шериклик тўғридаги келишувга имзо қўйилади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Жанубий Кореяга сафари олдидан шу ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, И.Каримовнинг Кореяга сафари давомида келаси йилларда мамлакат иқтисодиётига 1,8 миллиард доллар сармоя киритишни назарда тутувчи 15 ҳужжат имзоланади. Имзоланадиган ҳужжатлар, асосан, энергетика, нефть ва газ конларини ўзлаштириш ҳамда рангли металлургия соҳасига оиддир.

Ўзбекистон давлат телевидениеси президент И.Каримовнинг Жанубий Кореяга сафарини тарихий ташриф сифатида олқишламоқда.


Ўзбекистон БМТ бош котиби лавозимига Жанубий Корея ташқи ишлар ва савдо вазири Бан Ки Мун номзодини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ҳам президент И.Каримов Кореяга сафари олдидан эълон қилди.

Жанубий Кореяга кўрсатилаётган бундай илтифотли чиқишлар ортида, кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалардаги эврилишлари ётибди.

И.Каримов давлатлар ўртасида имзоланиши кутилаётган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига ишонишини айтди.

Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома аввалроқ АҚШ билан имзоланган, Тошкентнинг Вашингтон билан муносабатлари совуқлашгач, Россия билан иттифоқчилик алоқари тўғрисида келишувга эришилганди.

Энди эса Жанубий Корея билан стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланиши кутиляпти. Хўш, бу ҳужжат қандай соҳаларни қамраб олади?

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Жеоун Хюн Рью ушбу ҳужжат мамлакатлар ўрасидаги ҳамкорлик даражасини ҳар томонлама ривожлантиришга ёрдам беришига умид қилишини айтди.

“Ҳужжат икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликни қамраб олади. Ушбу келишув хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби масалаларда ҳамкорликни назарда тутади”, - деди Жеоунг Хюн Рью.


Корея томони Ўзбекистон билан муносабатлари марказига Ўзбекистондаги энергетика, нефть ва газ соҳалардаги иштирокини қўймоқда.


Жеоун Хюн Рьюнинг сўзларига кўра, Корея энергетика ва табиий захираларни ўзлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқмоқда.


Элчихона мулозими сўнгги пайтларда Кореянинг йирик бизнеси турли муаммолар сабабли Ўзбекистонни тарк этаётганини эътироф этди ва президент И.Каримовнинг сафаридан сўнг вазият яхшиланишига умид билдирди.

Сиёсий беқарорлик уюштиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб, Ғарб учун ўз эшикларини ёпаётган Ўзбекистон учун Жануби-шарқий Осиёнинг айрим давлатлари замонавий технологияларнинг ягона манбаига айланмоқда.

Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари кўп йиллик тарихга эга.
1992 йилда икки давлат ўрасида дипломатик алоқалар ўрнатилгач, Жанубий Корея ўзининг ташқи сиёсати нуқтаи назаридан Ўзбекистон учун ҳеч қачон ноқулай давлат бўлмагани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан яқин муносабатда бўлган вақтида ҳам Америка билан яқин иттифоқчилик муносабатга эга бўлган Жанубий Корея билан ҳамкорлик қиларди. Ғарб давлатлари билан муносабатлар совуган пайтда ҳам Корея билан ҳамкорликни давом эттиришга халақит қилувчи омиллар кўзга ташланмайди.

Кузатувчиларнинг фикрича, И.Каримов Корея тимсолида ўзи учун идеал дўст топгандек.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистон куч тизимлари Андижонда намойишчиларга қарата ўт очиши борасидаги расмий мавқеи шу вақтгача аниқ эмаслигича қолмоқда. Эҳтимол корейсларни Андижондаги инсон талафотлари унча ташвишга солмаётгандир. Эҳтимол кореяликлар бундай ташвиш билдириш орқали Ўзбекистон ҳукуматига таъсир этиб бўлмайди, деган фикрдадир...
XS
SM
MD
LG