Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:25

Қорақалпоғистонда "эшаклар қабристони" топилди - эшак гўшти таомларга тушгани текширилмоқда


Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани яқинида топилган "эшаклар қабристони".
Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани яқинида топилган "эшаклар қабристони".

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида "эшаклар қабристони" топилиши ортидан туман ҳуқуқ-тартибот идоралари қассобхона ва ошхоналарда рейдлар ўтказмоқда. Санитария-эпидемиология хизмати эшак гўшти жамоат овқатланиш муассасаларига етиб борган-бормагани юзасидан текширувларни бошлаган.

Маҳаллий блогер, "Ellikqala Info" юритувчиси Достон Болтаев икки кун аввал Элликқалъа тумани шарқидаги чўл ҳудудида элликдан зиёд янги сўйилган эшак суякларини топган.

Болтаевнинг Озодликка айтишича, кейинчалик шу ерга яқинроқ бошқа жойда ҳам ўнлаб эшакнинг суяклари топилган.

"Янги суяклар ҳам бор, эскилари ҳам бор. Фақат ичак-чавоқлари ва суяклари ётибди. Териси ва гўшти йўқ. Санаб чиқсак, бир уюмда камида эллик бешта эшак сўйилиб ётибди. Эшакни калласи ётибди. Қулоғи ётибди. Нимага ишлатилган булар? Буни ортида кимлар турибди? Бу ноинсофлар эшак гўштини қаерга беряпти? Ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар учун сўйилган десак, суяклари ётибди, ҳайвонларга суяги билан бериладику.

Машиналар излари ҳам бор. Эшак суяклари ва ичак-чавоқлари ташлаб кетилган. Суякларга қаралса, профессионал одам сўйгани кўринади. Бу иш билан шуғулланаётган одамлар эшакларни бошқа ерда сўйиб, бу ерга ташлаб кетаётган бўлиши ҳам мумкин", - дейди Достон Болтаев.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани яқинида топилган "эшаклар қабристони".
Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани яқинида топилган "эшаклар қабристони".

Элликқалъа туман Ички ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, "эшаклар қабристони"да топилган суяклар ортидан тергов-суриштирув бошланган, ҳудуд доимий кузатувга олинган.

Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ овқат махсулотлари хавфсизлиги давлат маркази Элликқалъа туман бўлими раҳбари Янгибо Қазимуратов эшак қабристони фош бўлгач, тумандаги бутун гўшт сотиладиган нуқталарда рейдлар ўтказилаётганини айтди.

"Бизнинг гумонимиз буни браконьерлар қилган бўлса керак-да. Қассоб акаларимиз бунақа ишни қилмайди бизда. Текшириб чиқдик, ота-боболаримиз қассоб бўлган, қилмаймиз бунақа ишни дейишяпти. Териси учун қилинган бўлиши ҳам мумкин. Чунки суяклар бор, териси йўқ. Гўштни колбасага берган десак, бизни туманда колбаса цехи ҳам йўқ. Буни бошқа жойда, қўшни туманларда сўйиб, суягини бизга ташлаб, гўштини, терисини бошқа жойга олиб кетишган бўлиши ҳам мумкин. Ҳозир буни ИИБ текширяпти, - деди Янгибой Қазимуратов.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати раҳбари Шерали Сатторов Қорақалпоғистондаги холатни улар ҳам ўрганаётганини айтди.

"Биз ҳам буни ўрганяпмиз. Истеъмолчиларга икки юз фоиз тоза маҳсулот боряпти ёки эшак гўшти таомларга тушмаяпти, деб айтолмаймиз, албатта. Чунки, буни текшириш учун бизни мустақил лабораториямиз йўқ. Йиллардан бери шуни айтиб келяпмиз. Агар шундай мустақил лабораторияга эга бўлсак бундай холатлар устидан назорат яна ҳам кучайган бўлар эди", - дейди Сатторов.

Эшак гўшти можаролари

Эшак гўштини сотиш билан боғлиқ ҳодисалар Ўзбекистонда янгилик эмас.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам "эшак қабристонлари" топилган. Эшак гўштидан тамаддихоналарда таом пишириш ва колбасаларга қўшиш ҳақида хабарлар чиққан.

Уч йил аввал Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан "мунтазам равишда эшак гўшти етказиб берилгани" шов-шув бўлганди.

Бош прокуратура: “Шаршара” колбаса цехида эшак гўшти ишлатилган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Қорақалпоғистонлик фаол, Нукусдаги "Чироқ" норасмий инсон ҳуқуқлари жамоатчилик ташкилоти раҳбари Азимбой Отаниёзов коррупция боис эшак гўштининг жамоат овқатланиш нуқталарига чиқиб кетишининг тўлиқ олдини олиб бўлмаётганини айтади.

"Эшак гўштининг колбасаларга қўшилиши кўп тарқалган. Афсуски, бу коррупция сабаб унча назорат қилинмайди. Ҳолбуки, эшак гўшти соғлиқ учун ҳам хавфли, динимиз ҳам уни истеъмол қилишга йўл қўймайди. Шунга қарамай, эшаклар сўйилиб, овқат, колбасаларга қўшилиб сотиляпти. Бу нарса анча йиллардан бери бор ,- дейди Отаниёзов.

Уч йил аввал Самарқанд шаҳри ёнидан "эшаклар қабристони" топилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

Беш кишидан иборат гуруҳ эшак бизнеси билан бир ой давомида шуғуллангани аниқланган. Аммо Самарқанддаги маҳкама гуруҳ фаолиятида жиноий аломатлар йўқ, деб топганди.

Ҳакам 5 кишини ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш айби билан маъмурий жавобгарликка тортган. Улар энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жаримага тортилгани хабар қилинган.

Шунингдек, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам эшак гўшти можароси ҳақида Озодлик хабар берганди.

XS
SM
MD
LG