Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Ғаллакорлар режадан ортиқча буғдойи олинаётганидан шикоят қилмоқда


Озодликка мамлакатнинг турли ҳудудларидан мурожаат қилган фермерлар ғалланинг режадан ортиғи ҳам тортиб олинаётганидан шикоят қилмоқда.

Ғаллакорлар иддаосига кўра, маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир фермердан шартномада кўрсатилган режадан ортиқча 40 тоннагача буғдой талаб қилмоқда.

Айни пайтда Сурхондарё вилоят ИИБси фермернинг режадан ошиқча ғалласи олингани ҳолатини ўрганишни бошлади.

Ҳокимнинг “темир дафтари”

Наманган вилояти Поп туманида 30 гектар майдонда ғалла етиштирган фермернинг аноним қолиш шарти билан айтишича, маҳаллий мулозимлар ғаллакорларни очиқчасига таламоқда:

“Ўз ҳосилингга ўзинг хўжайин эмассан. Шимолий Кореяга ўхшаб назорат ўта қаттиқ. Ички ишлардан, фавқулодда вазиятлар вазирлигидан, ҳокимликдан вакиллар бор. Улар фермерни очиқдан очиқ талашади. Дастлабки шартнома бўйича 90 тонна ғалла топширишим керак. Лекин ҳозир “130 тонна топширасан”, деб талаб қиляпти”.

Поплик фермерга кўра, шартномадан ортиқ ғалла учун бирор ҳужжат имзоламаган, бироқ бу ҳокимликнинг “темир дафтари”да қайд қилинган:

“Туман ҳокими ўз ҳолича фермерларга режа белгилайди. Буни фермерлар тилида “темир дафтар” дейилади. Мендан талаб қилинаётган шартномадан ортиқ 40 тонна ғалла ҳам шу “темир дафтар”га киритилган. Бу дафтар ҳокимлик вакилларида бўлади. ИИБ фермерлардан шу дафтардаги режани бажаришни талаб қилади. Шу дафтардаги режа бажарилмаса, фермер ўзига умуман буғдой ололмайди”.

Бугун-эрта поплик фермернинг буғдой даласида ўриш ишлари бошланади.

Айни пайтда Озодликка бўлаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, Попдаги вазият мамлакатнинг деярли барча жойида кузатилмоқда.

“Ғалла “солиғи”ни бермаган фермернинг ерини олишмоқчи”

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги бир гуруҳ фермерлар ҳам ғалласининг режадан ошиғи олиб қўйилаётганидан нолийди:

“Туман ҳокими ҳар бир фермерга 5 тоннадан 15 тоннагача қўшимча дон топшириш бўйича “солиқ” солди. Дон топширмаган фермер қўлидан ерни тортиб олиш билан қўрқитишади. Биз шартномада белгиланган ғалла ҳосилини топширсак, ортиқча дон топширишни талаб қилиш нимаси? Қолаверса, ҳоким фермерларнинг ҳосилига нега хўжайинлик қилади? 2020 йил ғалла мавсумида Шофиркон тумани бўйича 22 та комбайн ишлади. Комбайнлар ишини назорат қилиш учун 22 нафар вакил бириктирилди. 1 ой давомидаги меҳнати учун ҳар бир вакилга 1 тонна, жами 22 тонна ғалла хизмат ҳақи сифатида бериладиган бўлди. Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва бош прокуратура ушбу ҳолатларни ўрганса яхши бўларди”.

Қашқадарё вилояти Миришкор туманидан Озодликка боғланган ғаллакорлар ҳам режадан ортиқ ҳосилни ололмаётганидан шикоят қилган:

“Тошкент массивида фермерлар ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Ҳоким буйруғини рўкач қилган прокурор давлатга режадан ташқари ғалла топширишни талаб қилмоқда. Ишчилар режадан ошиқча қолган буғдойга умид қилаётган эди. Чунки ортиқча қолган буғдой ишчиларга берилади. Адолатсизликлардан тўйиб кетдик”.

ИИБ фермернинг ортиқча ғалласи олинганини ўрганмоқда

Поп, Миришкор ва Шофиркон туман ҳокимликларининг Озодлик боғланган ходимлари фермерлар иддаоларини инкор қилишга уринди.

“Фермерлар ғалла режасини топширса, ҳеч ким улардан ортиқча ҳосилни бер деб сўрамайди”,- деди Шофиркон туман ҳокимлиги ходими.

Айни пайтда Сурхондарё вилоят ИИБси фермернинг ошиқча ғалласи олингани ҳолатини ўрганишни бошлади.

Музработ туманидаги “Ханнаева Айсаат” фермер хўжалиги бошлиғи Ойсоат Ханнаеванинг ижтимоий тармоқлар орқали раҳбарларга мурожаат қилиб, 2 гектар ғалласи мажбуран ўрилганидан шикоят қилганди.

Расмий хабарга кўра, фермер ғалласини мажбуран ўрдирган Музработ тумани ИИБ ходими Тўра Эргашевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан идоравий хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Ғалла нархи

Андижон вилояти Асака туманидан Озодликка боғланган фермерлар эса буғдой нархига эътибор қаратган. Улар даъвосича, буғдой жуда арзон нархда қабул қилинмоқда:

“Фермерлар бир йилдан буён меҳнат қилиб ғалла етиштирдик. Ўрим даврига келиб, 1 гектар ерга экилган ғаллани ўриш учун 30 литр дизель (ҳар литри 8500 сўм) ва комбайн хизматига ҳар гектар учун 400-700 минг сўмгача талаб этилмоқда. Буғдой ташиш учун келган транспорт эгаларига тоннасига 30 минг сўмдан ёки 15 килодан буғдой бериш керак. Буғдой дон корхонасига олиб борилгач, анализга деб 1-2 челакдан буғдой олишади. Дон корхонаси эса ҳар килограм буғдойни 1350 сўмдан қабул қилмоқда. Буғдой етиштириш учун харажатларимиз эса килосига 2100-2200 сўмдан тўғри келмоқда. Бунақада фермер қандай фойда кўрсин?”

Поплик фермер ҳам буғдойнинг харид нархи ғаллакорларнинг харажатларини қопламаётганини айтади:

“Президентнинг ғалла нархини бозор тамойиллари асосида биржа савдолари ёки ички бозор нархларида сотиб олиш хақидаги қарори ижроси таъминланмади ва кучини йўқотди. Бунинг натижасида дехқонлар харажатини қоплай олмай қарзга ботмоқда. Давлат ғаллани 1500 сўмдан харид қиларкан. Фермерлар дод демоқда. Режани 75 фоизи дон заводга, 25 фоизи кластерга эркин нархда сотилиши керак бўлсада, ҳокимият 100 фоиз дон заводга топширишни талаб қилмоқда. Натижада фермерда рентабеллик йўқолиб қарзга киради. Қўшимча топшириб, кредитни қоплаган тақдирда ҳам НДС солиғи ва ер солиғи бор. Натижада фермер энди солиқдан қарз бўлади”.

Президент қарорига кўра, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилиши лозим эди.

Бироқ фермерлар билан эски нархда ёки ғалла нархи кўрсатилмаган шартномаларга мажбуран қўл қўйдириб олингани ҳақида Озодлик аввал ёзганди.

XS
SM
MD
LG