Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

Санитар ходималар: Ўртасарой карантин лагерида ишладик. Ваъда қилинган иш ҳақини беришмади


Ўртасарой карантин лагерини қўриқлаётган ҳарбий, апрель, 2020
Ўртасарой карантин лагерини қўриқлаётган ҳарбий, апрель, 2020

Ўртасарой ҳудудидаги (Тошкент вилоят, Юқоричирчиқ тумани) карантин лагерида санитарка бўлиб ишлаган 10 дан ортиқ аёлга ваъда қилинган иш ҳақи берилмади.

COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморлар билан бевосита ишлаганини айтган бир неча аёлга кўра, карантин ҳудудига киришидан аввал уларга 5 миллион сўмдан иш ҳақи ваъда қилинган. Аммо иш тугагач, 1 миллион 300 минг сўмдан ҳақ берилган.

Аксари моддий ёрдамга муҳтож бўлган бу аёллар карантиндан чиққанидан буён қолган иш ҳақини ололмаётгани, айримлари эса бу пулни "мамлакатга эҳсон" сифатида воз кечиб юборганини айтмоқда.

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимининг айтишича, карантин лагерида ишлаётган шифокор, ҳамшира ва бошқа ходимларга, арзчи аёллар тилга олган ҳажмдаги иш ҳақи белгиланмаган.

Ҳокимлик мулозими ваъдаси бажарилмади

Янги қурилган Ўртасарой карантин лагерида 3 апрелдан 17 апрелгача ишлаган Эркиной Қодированинг айтишича, лагерда ишлашни уларга аввало маҳалла қўмитаси ва ҳокимият вакиллари таклиф қилган:

- Шунақа иш бор, карантин зона очиляпти. Агар ичкарига кириб қора ишда ишласангизлар, 14 кунга 5 миллион сўм ойлик берамиз, деб айтишди. Ичкари хавфли лекин, дейишди. Мен бир ўзим 3 жонни боққаним учун, пулга жуда муҳтожман, майли дедим. Тошкент ҳокимининг зами келди дейишди ва у киши билан ҳам учрашдик. Ойлик маошни олдиндан олсангизлар ҳам бўлади, деб айтди. Шу билан карантинга санитарка бўлиб кириб кетдик. Ҳужжат ҳам имзолатишмади, биз ҳам сўрамабмиз. 14 кундан кейин чиқсак, қўлимизга 1 миллион 300 минг сўмдан беришди.

Эркиной Қодировага кўра, уларнинг иш ҳақи оз берилгани тўғрисида қилган шикоятлари натижа бермаган.

Карантин лагерида уларнинг қўлларига маош берган мулозим, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан берилган кўрсатмага биноан, кўнгилли равишда ишга ёлланганларга 1 ойга 2,5 миллион сўм маош белгиланганини айтган, аммо ҳеч бир ҳужжат тақдим қилмаган.

Аввалдан 5 миллион сўмлик маош ваъда қилган мулозимлар ҳам ҳеч қандай ёрдам бермаган.

Қуйида Эркиной Қодирова билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:13 0:00
Бевосита линк

Иш ҳақини тўлиқ ололмаган 9 санитарка бор

Э. Қодирова каби айни карантин лагерида санитарка бўлиб ишлаганини айтган яна 2 аёл ҳам ваъда қилинган иш ҳақини ололмаганини билдирди.

Бу аёлларнинг айтишича, иш ҳақини тўлиқ ололмаган санитаркалар сони 9 нафар ва уларнинг қарийб ҳаммаси моддий таъминоти оғир аҳволда бўлган ёш болали аёллардир.

Жумладан, Эркиной Қодирова 2 ёш боласи ва кекса онасининг ёлғиз боқувчиси эканини айтди.

Исмини ошкор қилмаган яна бир санитарканинг қўшимча қилишича, у билан бир блокда ишлаган 6 нафар ҳамшира ва бир неча шифокор ҳам ваъда қилинган маошни ололмаган:

“Бизга кўнгилли ёллангансизлар, шартномали ишчи эмассизлар, деб қутулишди. Лекин, COVID-19 аниқланган одамларга қараган врачларга ҳам 15 - 25 миллион сўмлик ойликни беришмади. Бўлмаса, бизда ҳам мусбат натижали касал чиқди. Хуллас, буларда гап бошқа, иш бошқа бўлаяпти. Лекин, мен талаб қилиб югурмадим, майли шу юртимга эҳсон бўлсин, деб ташлаб қўйдим”, деди болаларини ёлғиз тарбия қилаётганини айтган аёл.

Озодлик бу шикоятлар ортидан Ўртасаройдаги карантин лагери раҳбарияти билан боғланишга уринди, аммо натижа бўлмади.

Карантиндаги тўлов шифохонаникидан бошқача

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, карантинда ишлаётган шифокор, ҳамшира ва бошқа ходимларга, арзчи аёллар тилга олган ҳажмдаги иш ҳақи белгиланмаган:

“Уларнинг иш ҳақларига 6 фоизлик устама қўшиб берилади, холос. У сиз айтган 5 миллион 15 миллионлик иш ҳақи вирус аниқланган беморлар билан ишлаётган шифохоналарда ишлаётган персоналга белгиланган”.

Президент қарорида қайси ходимлар назарда тутилган?​

2020 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4652-сонли "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга мувофиқ, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгилан:

- врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;

- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;

- кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;

- бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Карантиндаги ходимлар ҳам оғир риск остида

Ўртасаройдаги карантин лагеридан эса, Озодликка мурожаат қилган санитаркалар ишлаган муддат, 4 апрелдан 17 апрелгача камида ўнлаб бемор аниқланган.

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими бу фактни тасдиқларкан, карантин ҳудудида ишлаётган тиббий персоналдаги риск ва масъулият шифохонадаги ходимларникидан оз эмаслигини эътироф этди:

“Тўғри, карантин ҳудудларида аниқлаяпти вирусни юқтирганлар. Аниқлангунча, уларни врач кўради, ҳамширалар анализлар олади. Санитаркалар ҳам шундай. Аслида риск даражаси Вирусология институти клиникасида ишлаётганларникидан каммас. Президент қароридаям бевосита мулоқот қилганлар дейилган. Лекин, нега бу медперсоналга унақа иш ҳақи берилмаётганига мен жавоб беролмайман. Лекин, яхши бўларди, шу оғир шароитларда ишлаётган ходимларга ҳам қўшимча ҳақ берилса!”

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимининг айтишича, карантин зонасида ишлаётган ходимлар, хусусан, Ўртасаройдаги карантин лагери назорати тўлиқ Соғлиқни сақлаш вазирлигида, якуний жавобни вазирликдан олиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевдан эса бу борада ҳозирча бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

52 мингдан ортиқ одам карантинда сақланмоқда (05.04.2020)

Ўртасарой ҳудудидаги карантин лагерининг биринчи блоки бир ҳафта ичида қурилиб 28 мартда фойдаланишга топширилган.

Бу лагерь 10 минг кишига мўлжалланган. Бу ерга хориждан қайтаётган ўзбекистонликлар жойланмоқда.

Озодликка мурожаат қилган санитарка аёллар эса, лагерь очилиши билан ишга олинган.

Унга қабул қилинган илк мижозлар орасида Тошкент вилоят Қуйичирчиқ туманидаги “Сокол” лагерида карантинда сақланган ўзбекистонликлар бўлган. Сокол” болалар лагерига Россиядан илк чартер рейс билан олиб келинган юзлаб одам жойлаштирилган эди.

Ўз вақтида Озодлик болалар соғломлаштириш лагерига карантинга олинганлар санитария талабларига зид равишда олиб келингани, 1 хонага 5 кишидан жойлаштирилгани ҳақида хабар қилган эди.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековга кўра, 5 май ҳолатига келиб, Ўзбекистонда 52 мингдан ортиқ фуқаро стационар ва уй шароитида карантин муддатларини ўтамоқда.

Ўртасаройдаги контейнер лагери каби карантин ҳудудлари Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ташкил қилинган.

Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан карантин ҳудудларида бевосита ишлаган, аммо иш бошида ваъда қилинган меҳнат ҳақи берилмагани ҳақида тиббий ходимлардан шикоятлар бошқа вилоятлардан ҳам Озодликка йўлланган.

Бундай мурожаатлар билан Озодликнинг жонли блогида танишишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG