Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

1999 нинг совуқ ёзидан хотиралар: “Ўзбекистон ислом ҳаракати” Қирғизистонда...


Боткен воқеалари содир бўлган кунларда Қирғизистон армияси аскари йўлда соқчиликда турибди. 1999 йил.
Боткен воқеалари содир бўлган кунларда Қирғизистон армияси аскари йўлда соқчиликда турибди. 1999 йил.

Йигирма йил олдин “Ўзбекистон ислом ҳаракати” (ЎИҲ) жангарилари Қирғизистон жанубида пайдо бўлган ва маҳаллий қўшинлар билан тўқнашувлар чоғида бир неча кишини гаровга олган эди.

Улар сўнгги 60 йил ичида Марказий Осиё тупроғида ва минтақанинг постсовет тарихида энг катта хавф ва таҳдид туғдирди. ЎИҲнинг кириб келиши Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги умумий таҳдидга қарши курашишда алоқалар заиф бўлганини кўрсатди.

Мен ўша ердаги воқеаларнинг бевосита шоҳиди бўлиб, ҳамма нарсани ўз кўзим билан кўрган эдим.

Шундай бошланади Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири, Марказий Осиё бўйича мутахассис, инглиз тилидаги Qishloq ovozi блоги олиб борувчиси Брус Панниернинг қуйидаги мақоласи.

Қирғизистон жанубига 1999 йил сентябрида борган эдим. Бишкекда Қирғизистон ҳокимиятидан Боткенга бориш учун оғзаки рухсат олдим. У ёққа учоқ қатнамас эди, лекин қўлимдан келса, Ўшгача учоқда бориб, жанглар кечаётган жойга энг яқин бўлган Боткен шаҳрига етиб олишим мумкин эди. Ўша жойда жангариларга қарши амалиёт ўтказаётган қирғиз қўшинларининг асосий базаси жойлашган эди.

Марказий Осиё қишлоқларида тадқиқот ўтказаётган пайтим – 1992-93 йилларда Боткенни бошдан-оёқ кезиб чиққанман. Олган рухсатномамнинг “агар қўлимдан келса” деган қисмини изоҳлаш осон бўлмади. Ўшдан Боткенга элтувчи йўл Ўзбекистоннинг Сўх эксклавидан ўтишини ҳисобга олмаса, унчалик олис эмас эди, аммо шунинг ўзи бошоғриқ эди, чунки ўша ердан ўтиш учун менда – гарчи расман зарур бўлмас-да – Ўзбекистон визаси йўқ эди.

Боткен сари йўл

Рухсатнома олган куним Ўшга жўнаб кетдим.

“Озодлик” радиоси Қирғиз хизматининг (“Азаттиқ”) Ўшда мухбири бор эди. Унга олдиндан тайинланган экан, менга ҳайдовчи топиб қўйибди.

Сўх орқали ўтиш кутганимдан осон кечди. Унга шарқ томондан кираверишдаги билборд “қидирилаётган” ЎИҲ жангарилари билан тўлдириб ташланибди. У ерга 1996 йили охирги марта сафар қилганимдан бери ҳарбийлар сони анча-мунча оширилибди. Чегарачилар ва аскарлар “Озодлик” радиосидан келган америкалик журналистни эмас, ўша одамларни қидираётган эди, бу ерга келишимга оид бир неча саволга жавоб берганимдан сўнг тезда ўтказиб юборишди.

Сўхдан чиқиш жойига етиб борганимизда, қоронғи тушиб қолган эди ва дафъатан икки қир ўртасидаги йўл тўсиқларига дуч келдик. Автомобилимизга икки томондан ёқилган прожекторлар қаратилди ва рус тилида, қўлларингизни кўтаринг, деган овоз эшитилди. Ташқаридан кимдир эшикларни очиб, тушиш ва қўлларимизни кўтариб туришга кўрсатма берди. Ёруғлик юзимизга урилгани учун кўп нарсани кўра олмадим, лекин юзим ўша ердаги ўзбек аскарларини жангарилар эмаслигимизга ишонтирди. Аскарлар 20 га тўлар-тўлмаган катта ёшдаги ўсмирлар экан. Улар менга ўзбек тилида кимлигимни ва нега бу ерга келганимни тушунтирганимдан сўнг қаттиқроқ қизиқиб қолди.

‒ Бу ерда ҳарбий ҳолат жорий қилинган, ‒ деди улардан бири. ‒ Кечаси юрмаслигингиз керак.

Мен бир пачка сигарет олиб, уларга бердим ва Боткенга етиб олмагунча ҳеч қаерда тўхтай олмаслигимни айтдим. Улар мени нима қилишни билмас эди, апил-тапил бир пиёла чой ичгандан сўнг кетишим кераклигини айтдим. Уларга икки пачка сигарет бердим-да, бир-биримизга омад тилаб, қоронғи кечада Боткен сари йўлга чиқдик.

Сўх билан Боткеннинг ораси унчалик узоқ эмас, аммо қоронғи ва тупроқ йўл бўлгани учун бир неча марта қайси йўлдан юришни билмай қийналдик.

Эваз пули ва пора

Кичик аэропорт, стадион ва ҳарбий база ёнидан ўтиб, Боткенга кириб бордик. Қўшимча ҳарбий уловлар, яқинда бўялган деворлар ушбу одатда уйқусираган базанинг иши қизигандан-қизиб кетганидан шаҳодат берар эди.

Аҳолиси 12000 кишига етар-етмас Боткенда ўша кунлари ҳам одамлар хотиржам ухлаётган ва мен олти йил олдин оралаб ўтган шаҳардан деярли фарқ қилмаётган эди. Битта асосий кўчаси бўлиб, бозор унинг адоғида жойлашган, кўчанинг айни тарафида оддий ресторан ва шаҳар ҳокимлигининг маъмурият биноси жойлашган эди. Кўчанинг нариги бетида телефон биноси, шаҳар театри бўлиб, улар ортидаги истироҳат боғи кесиб ўтилса, шаҳардаги ягона меҳмонхонага етилар эди.

Брус Панниер (ўнгда) маҳаллий ҳарбий билан) 1999 йил
Брус Панниер (ўнгда) маҳаллий ҳарбий билан) 1999 йил

Меҳмонхонанинг номи аниқ эсимда йўқ, адашмасам, “Интурист” эди, лекин унда “Тунги клуб” рекламаси бор эди. Бир кеча тунаш ҳақи 2 доллар, кичик хонада салқиб қолган каравот ва стол бор эди. Исталган хонанинг калити меҳмонхонадаги барча хоналарни очиши мумкин эди. Одатим бўйича ўша кунлари исталган катта буюмга лаш-лушимни қулфлаб қўйиш учун велосипед занжирини олиб юрар эдим. Айни ҳолатда катта нарса салқи каравот бўлди. Уни хавфсизлик кафили дейиш қийин, лекин нарсаларимни ўғирлаб кетиш учун анча-мунча уннаш керак бўлар эди.

Тунги клуб турган хонамдан каттароқ бир хона бўлиб, унда қачон пиширилгани номаълум совуқ товуқ гўшти, чипс, ерёнғоқ ва керагидан ортиқ спиртли ичимликлар бор экан. Айнан спиртли ичимликлар сабаб журналистлар, ёрдам берувчи ташкилотлар ходимлари ва ҳарбий хизматчилар бу ерда йиғилиб туради.

Эртаси куни эрталаб Боткенда нималар бўлаётганини билиш учун ташқарига чиқдим. Воқеаларга аҳолининг муносабатини билиш қизиқ эди. Боткен илгари ҳеч қачон одамлар эътиборини тортмаган, мен уни бир автобусдан иккинчисига ўтирган жойим сифатида эслаб қолганман. Аммо август бошида ЎИҲ жангарилари пайдо бўлиши билан шаҳар ҳамманинг оғзига тушди.

Август бошида 25-30 чоғлиқ ЎИҲ жангариси Зардоли қишлоғида пайдо бўлгандан сўнг қочганлар ҳам, ҳукумат кейинчалик яшаб турган жойидан кўчирганлар ҳам Боткенга келди. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича агентлиги етиб келиб, футбол стадионида чодирлар тикди, мен борганимда у ерда фақат битта оила турган экан. Бошқалар уйларида яшаб туриш учун қариндошларини топибди. Улар яшаб турган хонадонларни топиб олиш қийин эмас эди. Ҳамма жойга кийимлар осиб ташланган, баъзи ҳолларда улар дарахтлар шохлари орасига тиқилиб, ўралиб ётар эди. Ҳаво ҳарорати 40 даражанинг нари-берисида бўлани учун ҳамма соя излар, бироқ яшаш жойидан кўчирилган, аммо шаҳар иссиғига кўника олмаётган қишлоқ одамлари дарров кўзга ташланар эди.

Қирғизистон ҳокимият идоралари 13 августда жангариларга гаровга олинган қишлоқ одамларини озод қилиш ва у ердан чиқиб кетиши учун эваз пули (айтилишича, 50 000 доллар) тўлади.

Боткенга олиб борувчи йўл. 1999 йил
Боткенга олиб борувчи йўл. 1999 йил

Бироқ кейинчалик Қирғизистон Ўзбекистон ҳукуматидан Тожикистонга қайтиб кетаётган жангариларни ўққа тутиш учун учоқлар жўнатишни сўради. Тожикистон ҳукумати жангариларнинг Тожикистонга бирор алоқаси борлигини инкор қилди, лекин харитага қаралса, улар фақат ўша мамлакатдан келиши мумкин эди. Ўзбекистон ҳокимият идоралари Душанбенинг баёнотига умуман ишонмади. Ўзбек учоқлари Қирғизистон жанубидаги ҳудудларни, Тожикистон ҳукуматидан рухсат ҳам олиб ўтирмай, Марказий Тожикистоннинг Тавилдара яқинидаги ЎИҲ жамлоғи борлиги ишонилган тоғли ҳудудни бомбардимон қилди. Ўзбек ҳукумати кейинчалик Тожикистон ҳудудини бомбардимон қилиш хато бўлганини айтди.

Буҳрон тугагани ҳақидаги аломатлар узоққа чўзилмади, чунки 21 августда ЎИҲ жангарилари бу сафар кўпроқ бўлиб, Қирғизистон жанубига қайтди ва бир неча қишлоқ кишилари ва ўша ерда ишлаётган япон геологларини гаровга олди. Айнан шундан сўнг гуруҳ Ўзбекистонга бемалол ўтиб кетишни талаб қилиб, баёнот берди, улар ўша ерга бориб, шу вақтда Ўзбекистон президенти бўлган Ислом Каримов ҳукуматини ағдариб ташлашга уриниб кўрмоқчи эди.

Жума Намангоний ва Тоҳир Йўлдош

Каримов Бишкекни улар Ўзбекистонга ўтишига рухсат бермаслик кераклигидан огоҳлантирди. Мен Боткенга етиб борган пайтим ўзбек учоқлари август охирида адашиб бир қирғиз қишлоғига бомба ташлаган, оқибатда тўрт киши, жумладан, бир қиз ҳалок бўлгани сабаб Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган эди. Ўшанда Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ёрдами ортиқ керак эмаслигини айтди ва иккала ҳукумат ўртасидаги муносабатлар узилар даражага келиб қолди. Айни чоқда Тошкент ҳам, Бишкек ҳам Тожикистон тоғларидаги жамлоқларда мавжуд жангариларни йўқ қилишни истамаётгани учун Душанбедан хафа эди.

Менга иш юзасидан берилган биринчи топшириқ яшаб турган жойидан кўчирилган кишилар ЎИҲ ҳақида нималар билишини аниқлаш бўлди. ЎИҲ етакчиларининг исми Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний, унинг асл исми эса Жумабой Ҳожиев эканини билар эдим. Ўзбекистон ҳукумати уларни бошқа нарсалар баробарида 1999 йил февралида уюштирилган бомба ҳужумлари учун ҳам айблаётган эди. Намангонийга яна 1997 йил ноябри ва декабрида Ўзбекистон шарқидаги Наманган шаҳрида 4 нафар милиция ходимини ўлдирганлик айби ҳам қўйилган эди.

Тоҳир Йўлдош. Сурат қачон олингани номаълум.
Тоҳир Йўлдош. Сурат қачон олингани номаълум.

Т.Йўлдош ҳам, Ж.Намангоний ҳам 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши вақтидаги Тожикистон ҳукумати мухолифлари – Бирлашган тожик мухолифати сафларига бориб қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетди. Илк ЎИҲ жангариларининг Қирғизистонга кириб келиши Тожикистондаги фуқаролар урушидан сўнгги қуролсизланишнинг охирги босқичи билан бир вақтга тўғри келди, бу 1997 йил июнида эришилган тинчлик битими шартларидан бири эди. Ўша битим кучга киргандан сўнг Намангоний гуруҳининг Тожикистонда қолиши номақбул бўлган кўринади.

Боткендаги яшаб турган жойидан кўчирилган ва ЎИҲга мезбонлик қилган қишлоқ одамларига кўра, жангарилар уларга яхши муносабатда бўлган, еган овқати учун сахийларча пул ҳам тўлаб турган. Баъзи маълумотларга кўра, қишлоқ одамлари жангариларга озиқ-овқат сотиш учун “навбатга ҳам” турган эмиш.

Қишлоқларнинг биридан қочиб кетмоқчи бўлган кекса киши отиб ўлдирилган, лекин мен суҳбатлашган кишиларнинг ҳеч бири бу ҳақда эшитмаган экан.

Намангоний кимлигини кўпчилик эшитган. У Афғонистон шимолидан Тожикистон орқали Қирғизистон жанубига наркотиклар ташиш учун асосий маршрутни назорат қилиб турган. Тожикистондаги нисбатан камсонли бўлган ўзбек жангарилари сафи Тошкентдаги бомба ҳужумларидан сўнг кенгайиб кетди гўё. Ўзбекистон ҳокимият идоралари бошлаган қатағон оқибатида минглаб мусулмонлар ҳибсга олинди, юзлаб кишилар эса Намангонийнинг Тожикистондаги жамлоғига қочиб борди.

Ж.Намангоний билан Т.Йўлдош Қирғизистон жанубига келмаган кўринади. Абдулазиз исмли киши ЎИҲ кучларининг ўша ердаги “дала командири” бўлган.

ЎИҲ тоғ қишлоқларида қолиш ва Қирғизистон кучлари ўзининг олдига келишини афзал билди. Қирғизистон ҳарбийлари жангариларга қарши курашишга яхши тайёргарлик кўрмаган эди.

Қирғизистон 1991 йили мустақилликка эришгандан бери қуролли кучларига маблағ ажратмаётган, ҳарбий учоқлари йўқ эди. Боткен ҳудудидаги аскарлар 1999 йил сентябрида асосан ҳарбий хизматга чақирилган йигитлардан иборат бўлди.

Бир куни тонгда югураётган бўлинма аскарлари ёнидан ўтдик. Айрим аскарларнинг тўлиқ формаси ҳам бўлмай, спорт кийими, айримлари ҳатто шиппак ҳам кийиб олган экан. Ҳукумат ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, уйига қайтганларга, ушбу ҳудудни яхши биладиган овчиларга ташкил қилинаётган бўлинмага қўшилиш даъвати билан чиқди.

Боткенда ғалати команда пайдо бўлди, улар орасида ягона қуроли бўлган пичоқни кўтариб юрадиган ҳарбий кийимдаги йигит ҳам бор эди. Бошқа сафар Боткен чеккасида автомобилда кетаётганимизда, ёнимиздан бир мотоцикл ўтиб кетди, унинг кажавасида афтидан славян бўлган бир киши автоматни елкаси оша осиб олганини кўрдик.

Боткенликларга инсонпарварлик ёрдами етиб келди. 1999 йил.
Боткенликларга инсонпарварлик ёрдами етиб келди. 1999 йил.

У ерда БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича агентлиги (UNHCR) ходимлари ҳам бор эди. Олдин эслаб ўтганимдек, мен у ерга борганимда шаҳар стадионидаги чодирларда фақат бир оила яшаётган эди. Бироқ жангариларни тоғлардан ҳайдаб чиқариш бўйича амалиётлар давом этгани сари стадион янги яшаш жойларидан кўчирилган қишлоқ аҳолиси билан тўлиб борди. Мен Боткендалик вақтимда UNHCR ходимларининг қўли қўлига тегмас эди.

У ерда 20-30 чоғли журналист бўлиб, аксарияти Қирғизистоннинг ўзидан эди. Боткенга борганимда, бир гуруҳ россиялик журналистлар ҳам бор экан, лекин улар кейинчалик Чеченистондаги иккинчи урушга дебоча бўлган Буйнакск, Москва ва Волгодонскдаги даҳшатли бомба портлашларини ёритиш учун қайтиб кетди.

Қирғизистон ҳарбийлари жангариларга қарши курашда Россиядан ёрдам олиши мумкинлиги ҳақидаги умидлар ўша одамлар ўлимига сабаб бўлган портлашлар ортидан чиппакка чиқди.

Боткенда 4 нафар геолог гаровга олингани сабаб воқеани ёритаётган бир неча япон журналисти ҳам бор эди.

Яна мен бор эдим.

“Азаттиқ” билан RFE/RLнинг Ўзбек хизмати (“Озодлик”) мен Боткендан тайёрлаган материал асосида хабарларни эфирга узата бошлагач, Бишкекдаги ҳокимият вакиллари менга, сиз Боткенга бориш учун аккредитация олмагансиз, деб шикоят қилиб қолди. Мана сизга оғзаки келишувнинг оқибати.

“Кимлигингизни биламан”

Тоғдаги жангларга бағишланган кунлик брифингда қатнашиш учун Боткен маъмурияти биносига борсам, мэр мени кутиб турган экан. У яхши инсон бўлиб, август бошида жангарилар билан музокара қилиш учун Зардолига борганида, яна уч амалдор билан қисқа муддат гаровга ҳам олинган эди.

− Сиз аккредитация олишингиз керак, − деди у менга.

− Яхши, аккредитация олиш учун нима қилишим керак? – дедим мен.

− Менга 50 доллар беринг, ишни ўзим ҳал қиламан, − дея жавоб қайтарди у.

Гапи жўяли туюлди. Мен Боткенда кўп пул сарфламаётган эдим.

Эртаси куни шаҳарнинг бош кўчасидан кетиб бораётсам, қарама-қарши тарафдан мэр ўзим томон келаётганини кўриб қолдим.

− Менга аккредитация олдингизми? – деб ҳайқирдим.

− Кимлигингизни биламан, − деди у табассум билан қўлини силкир экан.

Ўша куни иш жуда кўп бўлди. КамАЗ юк машиналари гуманитар ёрдам олиб келган, яқинда ташкил этилган “Ата мекен” партияси раҳбари Феликс Кулов қандайдир тадбир уюштираётган эди.

Кулов бир неча ой олдин Бишкек шаҳри мэри бўлган. Тарқалган миш-мишларга кўра, Ички ишлар вазирлиги ветерани, собиқ вице-президент президент Асқар Акаевни лавозимидан четлаштиришни режалаштираётган экан. Кулов билан партияси гуманитар ёрдам ташкил қилибди, аммо тез орада унинг Боткенга келиши сабаби маълум бўлди – 2000 йил февралида бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан кампания ўтказиш экан.

Куловнинг одамлари мени излаб топиб келди. Унинг “Ғарб” журналисти билан гаплашиш имкониятини қўлдан бой бергиси келмаётган эди. Кулов билан учрашган пайтим ванна ёки душни кўрмаганимга бир ҳафтадан кўп бўлган эди, бироқ у ўзаро ҳурматга путур етмайдиган масофадан туриб, назарида жуда юмшоқ ўтказилаётган ҳарбий кампания, жангарилар чиқиб кетиши учун эваз пули тўлаш билан келиша олмаслигини айтди.

Мен унга қишлоқ аҳолиси билан япон геологларини эслатдим.

− Агар уларни ҳайдаб чиқармасангиз, яна қайтиб келаверади, − деди у менга.

Феликс Кулов (чапда) ва Брус Панниер
Феликс Кулов (чапда) ва Брус Панниер

Кулов Боткендан кетди, эртаси куни эса ҳукуматнинг гуманитар ёрдами ортилган бошқа КамАЗлар етиб келди.

Совет даврида Қирғизистонни узоқ йиллар бошқарган раҳбар, ўша пайтлар 80 ни қоралаб колган Турдохун Усубалиев ёрдам олиб келаётган делегацияга бошлиқ экан. Амалиёт командири, генерал Абдигул Чўтбоев у билан бирга келди, икки ёнида – ҳарбий кийимдаги икки аёл. Манзара ўта карнавалбоп эди.

Тоғдаги жангарилар

Усубалиев ҳам мен билан қисқароқ гаплашишга вақт ажратиб, ҳукуматнинг жангариларга қарши курашаётганини олқишлади. Лекин у Боткенга театрда шаҳар ҳокимлиги вакиллари билан учрашувга раислик қилгани келган экан.

Қуролли кучларнинг сара бўлинмаси “Скорпион” ҳам пайдо бўлиб қолди. Кўринишидан ўта жиддий кўринган ҳарбий хизматчилар театрнинг орқа қаторларини эгаллади. Усубалиев сўзга чиқиб, Қирғизистон ЎИҲни енгишини ваъда қилди. У ЎИҲ жангарилари ўлдирган кишининг ўғлига товон пули берди.

UNHCRнинг ёнимда ўтирган рус миллатига мансуб вакили мен томон эгилиб шивирлади: “Жангарилар унга бунлан кўпроқ пул берган бўлса керак”. Афсуски, у ҳақ эди. Қирғизистон ҳукумати августда эваз пулини ЎИҲга қишлоқ аҳолисининг хайрихоҳлиги ва розилигини қозонишда жангариларга ёрдамлашиш учун тўлаганига шубҳа қолмаган эди.

Мен Боткенда қарийб икки ҳафта яшаб турган, энди қачон лаш-лушимни олиб, кетиш вақтим бўлишимни билишга қизиқаётган эдим. Кетиш қарорини ўрнимга бошқалар қабул қилди.

Бир куни эрталаб меҳмонхонанинг рўйхатга олиш столида ишлайдиган жувон хонам эшигини тақиллатди.

‒ Жангарилар бугун кечаси тоғдан пастга тушибди, улар Ўшга борадиган йўлни тўсиб қўймоқчи эмиш, ‒ деди у.

Маъмурият биносига бориб, мэрдан билганларини сўраб олиш учун вақтим бор эди. ЎИҲ тоғдан тушиб келган эди. Йўл ҳозирча очиқ бўлса-да, жангарилар Боткенни қуршаб ола бошлаган ва йўл тез орада ёпилиб қолиши мумкин эди. Дала командири Абдулазиз ўлдирилибди.

Бир кеча олдин ҳайдовчим билан тунги клубга борган эдик. Мен ундан олдинроқ чиқиб кетдим. Уни кўндириб, йўлга чиққунимизча бир чойнак чой ичарлик вақт ўтди.

Йўлда ҳеч ким йўқ экан. Қишлоқлар оралаб ўтдик, эрталабки чой дамлаш учун ёқилган оловнинг кўкка ўрлаётган тутуни кўзга ташланиб қолар, атрофда на одамлар ва даҳшатлиси, на подани кўриш мумкин эди. Ҳайдовчим билан йўлдан бизни тўхтатмоқчи бўлган қуролли кишилар чиқиб қолса, нима қилишимиз кераклигини гаплашдик. Унда ҳам, менда ҳам бунга жавоб йўқ эди.

Ниҳоят, Қоратўқай деган чоғроқ жойга етиб келдик. У ерда қирғиз чегарачиларининг назорат пункти бор экан, аммо армияга кўзим тушиши билан ҳуррам учиб кетди.

Барча уловлар текширилаётган экан. Ўша пайтда нарсаларим орасида энди расм бўла бошлаган сунъий йўлдош телефони бор эди. У солинган металл қути ёзув машинкаси қутисича келар эди. Керакли сунъий йўлдошга тўғриланган қути антенна вазифасини ўтар ва ундан дунёнинг исталган жойига қўнғироқ қилиш мумкин эди. Қоратўқайдаги аскарлар (боткенликлар ҳам) бунақа нарсани умрида кўрмаган экан.

‒ Бу сизники эканини қандай биламиз? – деб сўради аскарлардан сурбетроғи.

Гап қаерга қараб кетаётганини тушундим, лекин ўтиб олиш учун “совға” таклиф қилмаслик фикрида қатъий эдим.

‒ Бу ерда шунга ўхшаш нарсани сотиб олиш учун кимнинг пули бор? – деб жавоб қайтардим.

‒ Бу ўзингизники эканини исботланг, ‒ деган жавоб бўлди. Мен уларга RFE/RLга тегишли пресс-картамни кўрсатдим ва RFE/RL логотипига ишора қилдим. Қути устида телефон шитрих-кодидаги сингари қўнғироқ расми бор эди. У менинг картамдаги таниқлилик рақамига ва штрих-кодга қаради ва деди: ‒ Рақамлар ҳар хил экан.

‒ Жиддий гапиряпсизми? – деб бақирдим мен.

‒ Жиддий гапиряпман, ушбу телефон, камера ва диктофонни мусодара қиламан, ‒ дея жавоб берди у.

‒ Яхши, ‒ дедим мен. ‒ 28 соатда нарсаларимни олиб кетиш учун МЕНИНГ элчихонам билан СИЗНИНГ ҳукуматингиз одамлари билан бирга қайтиб келаман.

Бу катта хато бўлган эди.

У бир-икки қадам нари юриб, кўкрагимга тирашдан олдин Калашников автоматини қўлига олди.

‒ Сизни ҳеч бир сабабсиз бу ерда 15 кун ушлаб туришим мумкин, ‒ деди у.

Гапи тўғри эди. Ҳарбий ҳолат.

Мен аста-секин кафтларим очиқ ҳолда қўлларимни юқори кўтардим ва кулиб дедим:

‒ Бу суҳбатни жуда қўпол бошладик. Келинг, йўл четига чиқиб, одоб билан гаплашиб олайлик.

Гапни қисқа қилиб айтмоқчиманки, орадан кўп ўтмай, барча нарсаларимни олиб, у ердан кетдим.

Муаммо шу билан тугаб қолмади.

Биз Сўхга етиб келдик. Ўша ёш ўзбек аскарлари постда турар эди. Брюс, деб бақирди улардан бири. Дўстона юзларни кўриб хурсанд бўлдим, тўхтаб, сигарет чекиб, улар билан гаплашдик. Уларни хурсанд қилмайдиган гап айтганим ўзимга ҳам ноқулай бўлди. Билганимдек, шу яқин атрофда жанглар бўлаётган, жангарилар Ўзбекистон ҳудудига етиб олишга умид қилаётган, бунга мос келадиган энг яқин маскан Сўх эди.

Мен Сўх томон йўл олдим, лекин шарқий чегарага етиб борганимизда ҳарбийлар менга жуда қизиқиб қолди. Биз тўхтаб, машинадан тушишимиз керак эди. Қирғиз ҳайдовчим қаттиқ хафа эди. Мен ҳам. Кутиб туришни тайинлашди, орадан кўп ўтмай, ўзини Сўхдаги қўшинлар командири деб таништирган зобит пайдо бўлди.

‒ Сиз ичкарига киринг, саволларга жавоб беришингиз керак, ‒ деди у.

Абдулазиз ҳалок бўлган

Менга бунақа таклифлар ёқмагани учун қаттиқ эътироз билдирдим, лекин командирнинг буйруғи билан бир неча аскар атрофимни қуршаб олди. “Бу шу бугун иккинчи марта иш бермади”, деб ўйлашдан ўзга чорам қолмади.

Командир ўта хушмуомала экан, сўроқ қилишга хонага олиб киргани учун узрхоҳлик ҳам қилди.

‒ Қирғизистон тарафи нималар бўлаётгани ҳақида бизга ҳеч нарса айтмаяпти. Сиз ҳозиргина ўша ёқдан келдингиз, билганларингизни бизга гапириб берсангиз.

У мени бу ерда ушлаб туриш ҳуқуқи борлигини эслатиб гапини тугатди.

Ичкарига кириб, ўтирдим, командир сигарет чекишни таклиф қилди.

‒ Бу – Америка сигаретлари, – деди ва “Pine” сигарети пачкасини берди, ўзбек ва рус тилларида унинг “АҚШ”да ишлаб чиқарилгани реклама қилинган эди. Қўшма Штатларда 30 йил яшаб, бунақа брендли сигарет борлигини эшитмаганимни айтиш мавриди эмасдай туюлди.

Биз бир неча дақиқа ЎИҲ ва Боткен атрофидаги жанглар ҳақида гаплашдик, суҳбатимизга бошқа бир киши келиб қўшилди. Оддий кийимдаги турқи соқув галстукли киши кириб келиб, стулга ўтирди. Юрагим қаттиқ уриб кетди: СНБ келди.

У савол беришни давом эттирди. Мен Абдулазиз ўлганидан қандай хабар топдим? Менга буни ким айтган эди? Буни ўша киши қаерда ва қачон айтган эди? Ҳоказо ва ҳоказо. Биз фақат бир жойда айлана бошладик – сўроқ учун алмисоқдан қолган саволлар эди булар. Агар саволни қайтарсам ва дастлабки изоҳларимдан адашиб кетсам, тўхтаб, яна ҳаммасини бошидан такрорлашимиз керак эди. Аскарлар машинадан сумкамни олиб келди. У диктофондаги ҳар бир суҳбатни эшитиб кўрди, баъзи жойларда тўхтатиб, ким гапираётганини, суҳбат қачон ва қаерда ёзилганини мендан сўрар эди.

Орадан 3 соат ўтиб, орада 7-8 та сигарет чекилгач, ишни тугатдик ва катта лаганда ош келтирилди. Иккаласи ҳам ноқулайлик учун узр сўради ва мен ҳар доим бўлганидек, компаниямнинг содиқ ходими сифатида, агар сизлар “Озодлик” радиосининг Ўзбек хизмати хабарларини тинглаб борганингизда, ҳозир айтган гапларимнинг ҳаммасини ўша ердан билиб олар эдингиз, деб айтдим.

Мен жўнаб кетдим, аммо қирғиз аскарлари билан ЎИҲ жангарилари ўртасидаги жанглар октябргача давом этди. Қиш бошлангач, ЎИҲ тоғлар томон чекинди.

Ниҳоят, Япония ҳукумати товон пули тўлади ва қолган гаровдаги кишилар, жумладан, япон геологлари ҳам қўйиб юборилди.

1999 йил ёзидан сўнг Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарани ёпа бошлади. Боткен 1999 йил ёзида ҳам Ўш вилоятига қарар эди, лекин октябрда ҳукумат Боткен вилоятини ташкил қилди, Боткен шаҳри вилоят маркази бўлди. Бундай йўл тутилишидан мақсад вилоят маъмурияти келгусида шунга ўхшаш вазиятларга яхшироқ тайёргарлик кўришидан умидворлик эди.

ЎИҲ Тожикистонга қайтди, бир неча томон иштирокидаги музокарадан Россия чегарачилари бошқарган Тожикистон чегарачилари вертолётларида Афғонистон шимолига ўтказиб қўйилди.

Кўпчилик ЎИҲ 2000 йилда қайтишига ишонган эди, улар қайтди ҳам. Мен ҳам қайтдим. Лекин бу ҳикоя келаси йил ёзигача кутиб туради.

Брус Панниер (Bruce Pannier)

XS
SM
MD
LG