Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

"Ўздавкарантин" мева-сабзавот экспортини тақиқламоқчи бўлган Қирғизистондан далил сўради


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

"Ўздавкарантин" инспекцияси қўшни Қирғизистонга мева ва сабзавот экспорти давом этишини маълум қилди.

13 ноябрь куни Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги, Ўзбекистондан фитосанитар талабга жавоб бермаган маҳсулотлар келаётгани боис, вақтинча тақиқ қўйишидан огоҳлантирган эди.

"Ўздавкарантин" инспекцияси 16 ноябрь куни берган хабарга кўра, Қирғизистондан бу тақиқ учун "асосли далиллар" сўралган.

Инспекция шу кунга қадар “Дўстлик” чегара назорати пунктидан ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш давом этаётгани ва бирор юк орқага қайтарилмаганини таъкидламоқда.

Инспекция шу йилнинг 15 ноябрь куни, Қирғизистондан Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлигидан мактуб борганини маълум қилди. Айтилишича, мактубда Ўзбекистондан фитосанитар сертификатисиз маҳсулот олиб киришга уриниш бўлган 356 та ҳолат аниқлангани билдирилган.

Шунингдек, бу мактубда Қирғизистон томони, “Дўстлик” чегара назорат пунктида шу йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистондан 35 тонна нок, беҳи, нўхат ва зираворни чегарадан киритмаганини маълум қилган.

Бунга сабаб сифатида фитосанитар сертификат ва махсус этикеткалар бўлмагани айтилган.

"Ўз навбатида “Ўздавкарантин” инспекцияси мазкур масала юзасидан жавоб хати йўллаган бўлиб, унда Инспекция юқоридаги каби ҳолатларга қарши ҳамкорликда курашишга тайёр экани қайд этилган ҳамда қирғиз томонидан кўрсатилган ҳолатлар юзасидан асосланган далиллар ва маълумотлар тезкорликда юборилиши сўралган", дейилади "Ўздавкарантин" инспекцияси баёнотда.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги Ўзбекистондан борадиган мева-сабзавотни вақтинча тақиқлаши мумкинлиги ҳақида 13 ноябрь куни огоҳлантирганди.

Қирғизистон томонига кўра, тўхтатиб қолинган айрим маҳсулотлар, жумладан анорда "Ўзбекистоннинг фитосанитар назорати сертификати бўлган", бироқ Ўшдаги лаборатория айни маҳсулотда “Grapholitha molesta Busck” ҳашароти борлигини аниқлаган.

"Ўздавкарантин" инспекцияси, шунингдек, Қирғизистон томони 2019 йил бошидан буён аниқлаган ҳолатлардан вақтида расман огоҳлантирмаган, демоқда.

"Импорт қилувчи давлатнинг карантин хизмати фитосанитария талаблари бузилганлиги юзасидан маҳсулотни экспорт қилган давлатга нотификация (билдиришнома) юбориши лозим. Бироқ, шу кунга қадар ҳеч бир ҳолат юзасидан Қирғизистон карантин хизмати томонидан асослантирилган расмий нотификациялар (билдиришномалар) келиб тушмаган", дейилади инспекция баёнотида.

Инспекцияга кўра, ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон карантин хизматлари ўртасида 2019 йил 1 августда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик Битими” асосида ҳамкорлик қилинади.

Шу йилнинг 19 февралида Қозоғистон ҳам Ўзбекистондан маҳсулотлар олиб кирилишига вақтинчалик тақиқ қўйганди.

Ўшанда Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирлиги Ўзбекистондан борадиган анорда "Комсток қурти" аниқланганини билдирган.

XS
SM
MD
LG