Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Милиция амалдори машинаси билан авария содир этган 20 ёшли йигитнинг дараги чиқмаяпти


Абдуллоҳ Тоҳиров "Ласетти" машинаси ёнида.
Абдуллоҳ Тоҳиров "Ласетти" машинаси ёнида.

Андижонлик деҳқон Дилмурод Тоҳиров вилоят ички ишлар бошқармасининг юқори мартабали амалдори машинаси билан йўл ҳодисаси содир этган 20 ёшли ўғлининг қаердалиги ҳақида Бош прокуратура ҳам Ички ишлар вазирлиги ҳам 12 кундан буён маълумот бермаётганини айтди.

Дилмурод Тоҳировнинг даъво қилишича, ўғли Абдуллоҳ 26 октябрь куни "Ласетти" машинасида Андижон вилояти ИИББси терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашев бошқариб кетаётган​ "Некция-2" машинага бориб урган.

Кечқурун ички ишлар ходимлари Абдуллоҳ Тоҳировни ходимлари уйидан олиб кетган.

Озодлик Абдуллоҳ Тоҳиров тақдири борасида ИИВдан изоҳ ололмади.

Дилмурод Тоҳировнинг айтишича, 26 октябр куни ўғли Абдуллоҳ Тоҳиров Андижон вилояти ИИББси терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, полковник Қаҳрамон Эргашев бошқариб кетаётган машина билан йўл транспорт ҳодисаси содир этган ва шу куни ички ишлар ходимлари Абдуллоҳни уйидан ушлаб кетишган.

Бугун 12 кун бўляпти Абдуллоҳнинг қаердалиги ва нимада айбланаётгани ҳақида бизга маълумот беришмаяпти.

- Бугун 12 кун бўляпти Абдуллоҳнинг қаердалиги ва нимада айбланаётгани ҳақида бизга маълумот беришмаяпти. Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон президенти халқ қабулхонасига бу ҳақда ёзма мурожаат қилганман. Мурожаатингиз қабул қилинди, деган жавобни олдим, лекин ўғлим ҳақида маълумот йўқ, - дейди Дилмурод Тоҳиров.

Абдуллоҳ Тоҳировни 26 октябр куни милиция ходимлари уйидан олиб кетган, ўшандан бери оиласи унинг қаердалигини билмайди.
Абдуллоҳ Тоҳировни 26 октябр куни милиция ходимлари уйидан олиб кетган, ўшандан бери оиласи унинг қаердалигини билмайди.

Озодлик юқори лавозимли милиция амалдори машинаси билан йўл-транспорт ҳодисаси содир этган Абдуллоҳ Тоҳировни милиция ходимлари уйидан олиб кетгани ҳақида 2 ноябр куни қисқа хабар берган эди.

Дилмурод Тоҳиров ўшанда авария ўғлининг айби билан бўлгани сабаб улар милиция амалдорига машинасини таъмирлаб беришини ва устага кўрсатиш учун машинасини видеотасвирга олганини айтганди.

- Кейин билсак, бу машина Андижон вилоят ИИБси Терроризмга кураш бўлими бошлиғининг машинаси бўлиб чиқди, машина ичидан "VSF" категориясидаги давлат рақами ҳам чиқди. Улар видеога олганимизни билиб қолиб, ўғлимнинг кетидан тушишди. Ҳозир ўғлимни қаердалигини ҳам билмайман, ҳеч ким ҳеч нарса айтмаяпти, - дейди Тоҳиров.

Дилмурод Тоҳиров ўғлининг қаердалигини сўраб Андижон вилояти ИИББси Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Эргашевга ҳам боғланганини айтди.

Тошкентдан буйруқ бўлган, Россиядалиги пайти катта оилани аъзоларини сўкиб ёзган интернетда, деб айтаяпти, лекин мен бунга ишонмайман

- У Абдуллоҳни Тошкентга олиб кетишгани, бунинг аварияга алоқаси йўқлигини айтаяпти. Тошкентдан буйруқ бўлган, Россиядалиги пайти катта оилани аъзоларини сўкиб ёзган интернетда, деб айтаяпти, лекин мен бунга ишонмайман, - дейди Тоҳиров.

Дилмурод Тоҳиров ўғлининг милиция томонидан ушлаб кетилишини машина багажидаги давлат рақамини тасвирга олгани билан боғламоқда.

Аммо, Ички ишлар органи ходимлари нега видеони олган отани олиб кетмасдан ўғлини олиб кетган бўлиши мумкин, дея сўраганида Дилмурод Тоҳиров "улар видеони ўғлим олган деб ўйлашяпти, мени олганимни билишмаяпти", дея жавоб қилди.

- Ўғлимни олиб кетишган куни уйимизни тинтув қилиб телефонларни ҳам олиб кетишди. Лекин, машина видеосини ўчириб ташлаган эдим, - дейди Тоҳиров.

Дилмурод Тоҳировнинг айтишича, ўғли Абдуллоҳ 2018 йил ноябрида маҳалладаги таниш-билишлари билан бирга Россияга ишлагани кетиб, шу йил май ойида қайтиб келган.

Жалақудуқ туманида у деҳқончилик билан шуғулланган.

Абдуллоҳ Тоҳировнинг адвокатига кўра, вилоятдаги барча суд идоралари унга нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилмаганини айтишган.

"Андижондаги маҳбусларни вақтинча сақлаш муассасаларига ҳам сўровнома бердик, улар ҳам Абдуллоҳ Тоҳиров исмли шахс уларга олиб келинмаганини маълум қилишди", - деди адвокат.

Дилмурод Тоҳиров ўғлининг тақдири ҳақидаги сўровига Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Президент халқ қабулхонасидан жавоб кутаётганини айтади.

-Ўғлинг мана бу холат бўйича айбланяпти ва шу жойда ёки мана бу ертўлада сақланяпти, деб айтишса кўнглим таскин топарди, ҳозир ҳар куни стресс билан яшаяпмиз, - дейди Дилмурод Тоҳиров.

Озодлик Абдуллоҳ Тоҳировнинг тақдирига ойдинлик киритиб беришни сўраб Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Телефон гўшагини кўтарган вазирлик расмийси матбуот хизматига боғланишни тавсия қилди.

Вазирлик сайтидаги матбуот хизмати телефон рақамларига Озодлик кун давомида қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

XS
SM
MD
LG