Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:20

Эрон-туркман чегарасидан ўтказилмаëтган ўзбек ҳайдовчилари 20 кундан бери юк машинасида яшамоқда


Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган ўзбек фурачилар.
Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган ўзбек фурачилар.

Коронавирус сабабли Эрон-Туркманистон чегараси ёпилгани ортидан ўндан зиёд ўзбекистонлик ҳайдовчи йигирма кундирки Эроннинг "Лутфобод" ва "Сарахс" чегара масканида қолмоқда.

Озодликка боғланган ҳайдовчилар 23 февралдан буён антисанитария ҳолатида юк машиналарида яшаётганликлари, пуллари ҳам тугаб бўлганини айтди.

Теҳрондаги Ўзбекистон элчихонасининг Озодлик боғланган вакили чегарада қолиб кетган ҳайдовчилар билан доимий мулоқотда эканликлари, уларни Ўзбекистонга олиб ўтиш бўйича Эрон ва Туркманистон идоралари билан музокара олиб борилаётганини билдирди.

Мулозимга кўра, ҳайдовчилар юк машиналарини божхона постида қолдириб, ватанга қайтиш таклифни рад этган.

Озодлик гаплашган ўзбекистонлик фура ҳайдовчилари озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ортилган юк машиналарини чегарада қолдириб кета олмасликларини билдирди.

Исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик фура ҳайдовчиси 20 кундан бери Эроннинг Туркманистон билан чегарасидаги "Лутфобод" божхона постида антисанитария вазиятида яшаëтганини айтади:

- Йигирма кундан бери кабинада ëтиб-турамиз. 100 фоиз антисанитария ҳолатидамиз, лекин коронавирусни юқтирмаганмиз. Соппа-соғмиз. Коронавирус биздан 1000 километр узоқликда. Ҳозир пулларимиз ҳам тугаган. Элчихона фураларни чегарада қолдирсангизлар¸ Ўзбекистонга боришларингизга ëрдам берамиз, деди. Лекин бировнинг омонат юки, ташлаб кетолмаймиз. Конвой билан бўлса ҳам бу ердан олиб чиқиб кетишсин. Бошқа давлатлар, мана Туркманистон ўзиникиларини олиб чиқаяпти, биз ҳали шу ерда ётибмиз, - деди Туркманистон-Эрон чегарасида қолиб кетган ўзбекистонлик ҳайдовчилардан бири 11 март куни Озодлик билан суҳбатда.

Теҳрондаги ўзбек элчихонаси расмийларидан бири Озодликка ҳайдовчиларнинг юк ортилган машиналар билан қайтишига рухсат олиш уринишларини бораëтганини билдирди:

- Туркманистон коронавирус сабаб чегарани ёпган. Шунинг учун буларга машиналарни чегарада қолдириб, самолётда Ўзбекистонга боришларига ёрдам таклиф этилди, улар бу таклифга кўнишмади. Ҳозир уларни масаласи бўйича Туркманистон ва Эроннинг тегишли идоралари билан мулоқот олиб борилаяпти, - деди Теҳрондаги Ўзбекистон элчихонасининг исми очиқланмаслигини истаган расмийси.

Эронда қолиб кетган ўзбек ҳайдовчилари 7 март куни ватанларига қайтишга ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига мурожаат билан чиққан эди.

Эронда коронавирус шиддат билан тарқалиши ортидан унга қўшни бўлган Покистон, Ироқ, Туркия қатори Туркманистон ҳам февраль ойи ўрталаридан бу мамлакат билан чегарасини ёпган эди.

Бунинг оқибатида Эроннинг Туркманистон билан чегарасидаги "Лутфобод" ва "Сарахс" масканида 700 дан зиёд юк машина тўпланиб қолган.

Туркманистон томони Эрон билан чегара қачон очилишини маълум қилмаган.

- Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Коридор очиб берса, конвой билан олиб чиқиб кетса бўлди эди. Боргандан кейин, карантинга олса ҳам розимиз. Ватанга етиб олсак бўлди. Илтимос, ёрдам беринглар, мурожаатимизни президентимизга етказинг, ватанимизга, бола-чақанинг олдига етиб олайлик, - дейди Туркманистон-Эрон чегара постида қолган ўзбекистонлик ҳайдовчи.

11 март ҳолатига кўра, Эронда 9 мингдан ортиқ одамнинг коронавирусга чалингани қайд этилган.Эпидемиядан ўлганлар сони 350 нафардан ошган.

XS
SM
MD
LG