Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Зарафшонда марафонга чақиртирилган боғча опаларга кўча супуртирилди


Ўзбекистонда таълим ходимларининг соҳага алоқаси бўлмаган турли-туман ишларга жалб этилгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.
Ўзбекистонда таълим ходимларининг соҳага алоқаси бўлмаган турли-туман ишларга жалб этилгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида мактабгача таълим муассасалари ходимлари марафон тадбирига деб чақиртирилиб, кўча супуришга мажбурланганликлари ҳақида Озодликка арз қилди.

Навоийдаги болалар боғчаларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини истаган тарбиячиси 15 июл куни шаҳардаги бошқа таълим ходимлари билан бирга Янги Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тозалаш ишларига жалб этилганини айтди.

- Ўша куни "марафон спорт мусобақаси бўлади, спорт кийимида келинглар", деб айтишди. "Боғчада битта тарбиячи қолади, қолганлар ҳамма марафон спорт тадбирига", деди. Борганимиздан кейин ҳаммамизни Янги Зарафшон МФЙ ҳудудига олиб бориб кўча супуртирди, - деди зарафшонлик боғча тарбиячиси.

Озодлик билан суҳбатда бўлган зарафшонлик бошқа боғча тарбиячисининг айтишича, шаҳарда таълим ходимлари ободонлаштириш ишларига мунтазам жалб этилади, меҳнатдан бош тортган боғча ходимларига ишдан ҳайдаш билан таҳдид этилади.

- Марказий кон бошқармасига қарашли мактабгача таълим масканлари бор, уларни ободонлаштиришга олиб чиқмайди, фақат бюджетдагиларни олиб чиқади. Йўлкира ўзидан, обед ўзидан, қайси ҳудудга олиб чиқишидан қатъий назар, - дейди зарафшонлик боғча тарбиячиси.

Озодлик боғча тарбиячиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани юзасидан Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлимига боғланди.

Ўзини бўлим раҳбарининг ёрдамчиси деб таништирган мулозим таълим ходимларининг турли ишларга жалб этилаётганидан бехабарлигини айтди.

- Бизда ҳар ҳафта соғломлаштириш куни бўлади. Шу куни ходимларимиз бадантарбия қилади. Соғломлаштириш кунига бадан тарбия қилдириш ҳам мажбурлаш ҳисобланадими? Ўзини соғлиги учун гимнастика бажарса мажбурий меҳнатми?, - деди Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлими ходими.

Ўзбекистонда таълим ходимларининг соҳага алоқаси бўлмаган турли-туман ишларга жалб этилгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Кўчаларни тозалаш ва бошқа “жамоатчилик” ишлари, жумладан, супуриш, кўча бўйи ва истироҳат боғларига гул экиш ва уларни чопиқ қилиш, ариқ ва зовурларни тозалаш Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг пахта теримидан кейинги энг кенг тарқалган кўринишларидан ҳисобланади.

Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG