Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Ўзбекистонга яна бир офат - Туркманистондан келаëтган чигирткалар хуружи таҳдид солмоқда


БМТ маълумотига кўра, чигирткалар галаси бир кунда 35 минг одам ейдиган озиқ-овқатни еб битиради.
БМТ маълумотига кўра, чигирткалар галаси бир кунда 35 минг одам ейдиган озиқ-овқатни еб битиради.

Яқиндагина довулдан зиён кўрган Ўзбекистоннинг Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларига яна бир офат - чигирткалар хуружи таҳдид солмоқда.

Қашқадарёнинг Нишон, Ғузор, Деҳқонобод туманларидаги фермерларга кўра¸ май ойи бошида қўшни Туркманистондан учиб келаётган чигирткалар тўдаси ўз экинзорларида пайдо бўлган.

Озодлик туркман хизмати хабарига кўра, чўл чигирткалари Туркманистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Лебаб вилоятида кўпайган.

6 май ҳолатига қадар чигирткалар Лебаб вилоятининг Карки туманида 35 минг гектардан ортиқ майдонда экилган буғдой, шоли ва бошқа экинларни еб битирган.

Қашқадарёнинг Туркманистонга чегарадош Нишон туманида яшовчи фермернинг Озодликка айтишича, чигирткалар сабзавот ва полиз экилган ерларда шу ой бошидан кўрина бошлаган.

Ўн йиллар олдин дори сепиб йўқотганимиздан кейин йўқолиб кетганди. Мана ҳозир яна пайдо бўляпти.

- Ҳозирча кўп эмас, лекин иссиқ бошланса кўпаяди. Ўн йиллар олдин дори сепиб йўқотганимиздан кейин йўқолиб кетганди. Мана ҳозир яна пайдо бўляпти.

Озодлик гаплашган фермерларга кўра¸ чигирткалар яқиндагина довулдан зиён кўрган Бухоронинг Олот ва Хоразмнинг Туркманистонга чегарадош Ҳазорасп туманлари экин майдонларига ҳам хавф солмоқда.

"Бир ёқда коронавирус, сўнгра довул, энди чигиртка..."

Олотлик фермер 27 апрель кунги ​довул ва кучли ёмғир оқибатида экинзорлари шундоқ ҳам пайҳон бўлганини айтади.

- Бир ёқда коронавирус, бунинг устига довул ва сув тошқинлари келди¸ энди чигиртка. Бало бир келса¸ ботмонлаб келар экан-да.

Хоразмлик фермер Дилшод Саидов, чигирткаларнинг Туркманистондан учиб келаётгани сабабли улар жойида йўқ қилинмаса курашнинг самарасиз бўлишини айтади.

Чигирткалар кўпаядиган жойнинг ўзида йўқ қилинмаса¸ дори сепганнинг фойдаси йўқ, яна учиб келаверади.

- Ҳозир пайдо бўлишни бошлади булар. Чигирткалар кўпаядиган жойнинг ўзида йўқ қилинмаса¸ дори сепганнинг фойдаси йўқ, яна учиб келаверади. Олдин ҳам шундай бўлган-ди.

Илмий манбаларга кўра¸ чигирткалар бир кунда 70-80 километрдан 200 километргача масофани босиб ўтиш ва бир неча минг километргача учиб боришга қодир.

Туркманистон ва Ўзбекистон орасидаги асосан текисликлардан иборат ҳудудда бу зараркунандаларнинг тез ҳаракатланиши айтилади.

Туркманистонга чегарадош Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Қишлоқ xўжалик бошқармасининг чигирткага қарши курашиш бўлими мулозимларидан бири 7 май куни Озодлик билан суҳбатда чегара ҳудудлардаги фитосанитария ҳолати ҳақида туркманистонлик ҳамкасблари билан мунтазам маълумот алмашилаётганини билдирди.

- Туркманистоннинг бизга чегарадош Лебаб вилоятида чигиртка кўпайгани ҳақида улардан (Туркманистон томонидан) расмий хат келган. Ҳар куни кузатяпмиз, лекин бизнинг ҳудудда чигирткаларнинг катта галаси ҳали кузатилмади. Шунга қарамай, дори сепадиган ускуналар, дори пуркагичлар, чигирткаларга қарши пестицидларни шай қилиб қўйганмиз, - деди мулозим.

Ҳосил хавф остида

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 2007 йилнинг октябрь ойида чигиртка ва бошқа қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши биргаликда курашиш бўйича битим имзоланган эди.

Айни битимда томонлар дипломатик каналлар орқали чегарадош ҳудудларидаги фитосанитария ҳолати тўғрисида доимий равишда ахборот алмашиб туришлари, зараркунандаларга қарши кураш ҳаракатларини мувофиқлаштиришлари айтилган.

Чигиртка босқинига учраган Туркманистоннинг Лебаб вилояти, Карки туманилик фермерлар Озодлик туркман хизмати мухбири билан суҳбатда зараркунандаларга қарши давлатдан етарли воситаларни ололмаётганликларини айтган.

- Зараркунандаларга қарши воситалар йўқ, техника йўқ, давлат ҳолимиздан хабар олмайди. Шундай бўладиган бўлса¸ бу йилги ҳосилимиз барбод бўлади, - деб айтган лебаблик фермерлардан бири.

Озодлик туркман хизмати ​хабарига кўра, 6 май ҳолатига қадар чигирткалар Лебаб вилояти Карки туманида 35 минг гектардан ортиқ майдонда экилган буғдой, шоли ва бошқа экинларни еб битирган.

Чигирткаларнинг кичик тўдасида бир неча юз миллион ҳашарот бўлади.

БМТ Озиқ-овқат ташкилоти маълумотига кўра, чигирткаларнинг бундай галаси бир кунда 35 минг одам ейдиган озиқ-овқатни еб битиради.

Чигирткалар хуружи турмуш фаровонлиги асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосилига боғлиқ бўлган Ўзбекистон каби давлатлар аҳолиси учун жиддий хатардир.

2005 йилда Туркманистон ҳудудидан учиб ўтган чигирткалар Ўзбекистонда 70 минг гектардан ошиқ майдонига зарар етказган.

XS
SM
MD
LG