Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Россиядан қайтган ҳайдовчи коронавирус аниқланганига қарамай Андижондаги уйигача етиб борди


Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳужжатларида COVID-19 аниқланган ҳайдовчи шеригининг намунаси натижаси билан божхона постларидан ўтгани айтилади. 
Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳужжатларида COVID-19 аниқланган ҳайдовчи шеригининг намунаси натижаси билан божхона постларидан ўтгани айтилади. 

Россияга помидор олиб бориб қайтган ўзбекистонлик ҳайдовчи Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси постидаги текширувда коронавирус аниқланганига қарамай, шериги билан Избоскан тумани (Андижон вилояти)даги уйигача етиб борган ва бошқа одамларга касалликни юқтирган бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳужжатларидан маълум бўлди.

Избоскан СЭОМи бош врачи имзоси билан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатда COVID-19 аниқланган 32 ёшли ҳайдовчи К.К. суртма натижасини олмай, 50 ёшли шериги Р.Р.нинг коронавирусга топширган манфий намуна натижаси билан Ўзбекистоннинг бир қанча постларидан ўтиб, Тошкент, Наманган ва Андижонда одамлар билан мулоқотда бўлгани айтилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Избоскан ва Балиқчи туманида коронавирусда гумонланган юк автомашинаси ҳайдовчиси билан мулоқотда бўлган юзга яқин одам 14 кунлик карантинга олинганини тасдиқлади.

Озодликка маълум бўлишича, 22 май куни Россиядан қайтиб келган ҳайдовчи ва унинг шеригидан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги Майский божхона постида вирусологик таҳлил учун суртма намуналар олинган.

Ҳайдовчида текширув натижаси коронавирусга мусбат (яъни касаллик бор), шеригида манфий чиққан.

Избоскан туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатда COVID-19 аниқланган ҳайдовчи К.К. суртма натижасини олмай, 50 ёшли шериги Р.Р.нинг коронавирусга топширган манфий (яъни касаллик йўқ) намуна натижаси билан Ўзбекистоннинг бир қанча постларидан ўтиб, Тошкент, Наманган ва Андижонда бир қанча одам билан мулоқотда бўлгани айтилади.

Икковлон юк машинасини Тошкент шаҳридаги базага қўйиб, йўлда такси ҳам ушлашган, Қўйлиқ бозорида ҳам бўлишган.

"Ҳайдовчилар Тошкентдаги Назарбек божхона постидан ўтиб, юк машина базасига машинасини қўйиб, "Матиз" русумли йўловчи машинаси ёрдамида Бектемир тумани Қўйлиқ бозорида жойлашган Coca cola базасининг ёнида турган шахсий "Ласетти" машинаси ёрдамида уйига қайтган. Наманган шаҳри орқали уйига қайтган ҳайдовчилар йўлда патир ва қуртоб сотиб олган ва 23 май куни уйларига кириб борган", дейилади Избоскан СЭОМи бош врачи имзоси билан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатда

Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатдан парча. .
Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатдан парча. .

Аммо, Россиядан қайтиб келган ҳайдовчи қандай қилиб шеригининг коронавирусга олинган текшируви натижаси билан божхона назорат постидан ўтказиб юборилган?

Бу ҳақда Озодлик Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасидан ҳам, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийларидан ҳам изоҳ ололмади.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Озодлик боғланган расмийси, Избоскан туманидаги Россияга бориб коронавирус юқтириб қайтган ҳайдовчи масаласида гапириш ваколатига эга эмаслиги, лекин Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган ҳар бир одам тиббий текширувдан ўтказилиши, текширув натижалари аниқланмагунига қадар карантинда ушлаб турилиши лозимлигини айтди.

- Келиши билан текширув қилинади, натижа маълум бўлгунга қадар карантинда ушлаб турилади. Агар натижа позитив бўлса дарров касалхонага жўнатилади, - деди Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийси.

Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатда ҳайдовчи билан мулоқотда бўлган юздан ортиқ одам, жумладан унинг ўндан зиёд қариндоши карантинга олингани айтилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Избоскан ва Балиқчи туманида коронавирусда гумонланган юк автомашинаси ҳайдовчиси билан мулоқотда бўлган юзга яқин одам 14 кунлик карантинга олинганини тасдиқлади.

Маълумотда айтилишича, 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р., Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ., билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган.

Шу куннинг ўзида ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ., да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.

“Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган. Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган”, - дейилади хабарда.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р., ва Б.Қ., билан мулоқотда бўлган 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Пандемия шароитида помидор экспорти

Озодликка маълум бўлишича, Андижон вилояти Избоскан тумани Жонобод маҳалласида яшовчи 32 ёши Р.Р. шу йилнинг 30 апрель куни Андижоннинг Балиқчи туманидан бўлган 50 ёшли шериги билан Тошкент шаҳрида юк машинага помидор юклаб Россиянинг Новосибирск шаҳрига йўл олган.

Икковлон Новосибирскда помидорни тушириб 8 май куни Томск шаҳрига ёғоч олишга боришган ва у ерда бир ҳафта қолишган.

19 май куни улар Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига етиб келишади.

22 май куни Ўзбекистон ҳудудига ўтганларида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги Майский постида ҳайдовчилар тиббий кўрикдан ўтказилади ва улардан бирида коронавирус аниқланади.

Ўзбекистонда 30 мартдан бошлаб, вилоятлар маркази, Тошкент ва Нукус шаҳрида аҳамияти юқори бўлмаган ҳамда шахсий автомобиллар ҳаракатига чеклов жорий этилди. Аммо ушбу чора-тадбир юк машиналар ва қишлоқ хўжалигида техника воситаларига нисбатан татбиқ этилмади.

Май ойи бошидан баъзи ҳудудларда карантин чоралари енгиллаштирилган бўлса-да айрим вилоятларда аввалги чоралар ўз кучида қолмоқда.

Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатдан парча.
Избоскан тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи В. Қодиров номидан 26 май куни туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи номига ёзилган хатдан парча.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 29 май кунига қадар коронавирусга чалинганлар 3463 нафарни ташкил этмоқда.

Хориждан, айниқса Россиядан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида касалланганлар энг кўп.

14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган ўзбекистонликларнинг 86 нафари Covid-19 аниқланган.

26 май холатига кўра, Қозоғистоннинг “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида эса 99 нафари коронавирусга чалингани маълум бўлди.

Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирус тарқалиши борасида ўрнатилган назорат издан чиққанини тан олган.

Мамлакатнинг расмий ЎзА агентлиги мухбири билан 27 май кунги суҳбатда Отабеков аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар аниқланаётгани ва уларнинг бу касалликни кимдан юқтирганини аниқлашнинг имкони бўлмаётганини таъкидлаган.

"Ҳар биримиз кўчага чиққандан кейин оиламиз бағрига соғлом қайтиб келиш ҳақида ўйлашимиз керак", деган республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатда Covid-19 коронавируси инфекцияси кенг тарқалишини олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатганини билдирган.

"Мураккаб шароитда амалга оширилаётган кенг қамровли тушунтириш ишлари ва қўрилаётган чораларга қарамасдан, чет элдан қайтиб келган ва карантинга жойлаштирилган айрим фуқароларимиз томонидан амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди", дейилади Бош прокуратура баёнотида..

Бундай ҳолатлар юзасидан Ўзбекситон Жиноят Кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиши мумкин.

Ўрнатилган тартибга биноан коронавирус аниқланган туманлар ёки шаҳарлар хавф даражаси юқори бўлган "қизил тоифали" ҳудудга айлантирилиши, бундай ҳудудларда эса ҳеч қандай оммавий тадбирлар ўтказишга йўл қўйилмайди.

Избосканда оммавий тадбирлар

Ўзбекистонда карантин чекловлари ҳали амалда бўлишига қарамай, Андижон вилоятининг бир қанча туманлари, жумладан камида бир одамда коронавирус аниқланган Избоскан туманида ҳам оммавий юришлар ўтказилди.

Избоскан тумани ҳокимлиги 25 май куни карантин чекловлари ҳали амалда бўлиб турган бир пайтда, юзлаб одамларни кўчага олиб чиққан.

25 май куни "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" тадбирида юзлаб одамлар ҳеч қандай ижтимоий масофани сақламай кўчаларда тўплангани ҳақда Озодлик хабар берган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бу тадбирни "Вирус юқтириш учун 5000 қадам" дея киноя қилинган шархлар билан қаршилашди.

Хабарларда айтилишича, "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" тадбири Ўзбекистон президентининг топшириғи бўйича ўтказилган.

Андижон вилояти Избоскан тумани Майгир МФЙ дан исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган аёл туманда "бефарқлик ҳукмрон"лигини айтади:

- Бизда бир нафар фукарода "Covid-19" вируси аникланди. Қанчадан - қанча оилалар, одамлар бесарамжон бўлди, лекин шу аҳволни кўриб ҳам инсонларда оиласи, фарзандлари, қариндош- уруғ, маҳалла-кўй саломатлигига бефарқлик билан кўчаларда бамайли хотир юрганларига, меҳмондорчилик, уни буни йўқлаш, кучоқ очиб, қўл бериб кўришиш, карантин коидаларига риоя этмаслик, тўпланиб кўчаларда туришлик, ҳатто йул транспорт машиналарида одам ташиш холатлари жуда кўп учрамоқда. Маҳалла фаоллари қаерга қарашмокда. Миллий гвардия, ИИБ ходимлари ва маҳалла профилактика инспекторлари назоратга олиб беришларини сўрайман. Ҳар биримизни саломатлигимиз ўз қўлимизда ваҳоланки, - дейди избосканлик аёл.

Билдирилаётган эътироз ва хавотирлар юзасидан Озодлик Избоскан тумани ҳокимлиги расмийларидан изоҳ олишга уринди, лекин улар билан боғланишга ҳаракат натижасиз бўлди.

XS
SM
MD
LG