Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

“Эрсизлар рўйхати”даги аёл: Вазни оғирларни “ностандарт” деб ДХХга ишга олишмади


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Аёлни давлат ишига қабул қилишда унинг эрсизлиги ва вазни асосий критерийлар эканлигини кўриб, хўрлигим келди.

Бу гапни “эридан ажрашган андижонликлар рўйхати”га тушиб, 11 июль куни ДХХ га ишга кириш учун суҳбатга таклиф қилинган, лекин танлов ўтказувчининг хотин-қизларга муносабатидан дили оғриган ёши 35 лардаги ўқитувчи аёл айтди.

Меҳнат кодексида фуқароларни ишга қабул қилишда чеклашларга йўл қўйилмаслиги ва ҳар қандай чеклов камситиш деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига кўра, рўйхат аёлларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилиш учун тузилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига кўра эса, рўйхат турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга, моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилган.

Андижонда “шубҳали рўйхат” тузилаётгани тўғрисида биринчи бўлиб ёзган журналист номаълум шахслар таҳдидига учраётганини хабар қилди.

Мавзу ортидан бориб Озодлик топган андижонлик ўқитувчи, исми айтилиши у ёқда турсин, ҳатто овози ёзилиб қолишидан қўрқиб, ўзи қатнашган ДХХ кастинги тафсилотларини ижтимоий тармоқлар орқали ёзма баён қилишга рози бўлди.

Қуйида “ёши 35 атрофидаги ажрашган аёл” эканлигини билдирган, сўзларининг исботи сифатида бошлиғидан келган СМСлар скриншотларини юборган ўқитувчи аёлнинг битикларини тўлиқ келтирамиз.

ДХХга ишга қабул қилиш учун суҳбатга таклиф қилинган аёл ҳикояси

Мен мактабда педагогман. 11 июль куни ХТБ даги ўзимизга тегишли раҳбаримиз телефон қилди, СМС ёзди. Бугун суҳбат бор, қатнашишингиз шарт, деди.

Қанақа суҳбат, десам, СНБ га ишга олишаркан, ўзини босиб олган, гап-сўзлари жойида, сир сақлай оладиган яхши кадрлар беринг, дейишди, сизни рўйхатга киритдим, объективкаларингиз кетди юқори ташкилотга, деди.

Тўғриси, қизиқдим ва ўша куни соат 4 га Андижон шаҳар прокурори штаби жойлашган кайсидир коллежга бордим. (вилоят касалхонаси ёнидаги коллеж)

Коллеж биноси ташқарисида 10 га яқин қиз-жувонлар тўпланган эканмиз, оқ Кобальт машинада бир одам келди-да, суҳбатга келдингларми, деди ва бизни бино фойесига олиб кирди.

У ерда қўлидаги папкасини очиб, объективкаларимиз асосида йўқлама қилди, мени шубҳалантирган биринчи саволи бу бўлди:

ОИЛАЛИЛАР БОРМИ? АЖРАШГАН ВА ТУРМУШГА ЧИҚМАГАНЛАР БЎЛСА БИР ТОМОНГА ЎТИНГЛАР деди.

Мен ажрашганман, 10 та аёлдан 8 тамиз алоҳида бўлиб ўтдик, 2 та қизнинг оиласи бор эдийкан.

Кейин ҳаммамизни бинонинг нариги зданиесига олиб кирди ва диван-кресло жойлашган фойеда қисқача суҳбат ўтказди.

Шу ерда ҳалиги одам ҳаммамизга РАЗМ СОЛИБ ТЕКШИРДИ. Орамизда тўладан келган икки аёл бор эди.

Ҳалиги одам бизга шахсий саволлар бера бошлади, опа весиз неччи деди, ҳалиги гавдали аёлдан. Шу саволни бошқасига ҳам берди. Уям 100 килонинг тепасини айтди. Ҳалиги одам “Йўўўқ, бизда вес стандарти бор” деди.

Кейин ким қайси чет тилларини яхши билиши ҳақида сўради. Кимдир рус, кимдир рус ва инглиз, кимдир турк тилиниям билишини айтди. Бирма-бир оғзаки жавоб бериб чиқдик ўтирган жойимизда.

Кейин ҳалиги одам “Опалар, бизда вес стандарти деган нарса бор, узр вақтингизни олдик сизларнинг”, деди вазни баландроқ аёлларга.

Кейин ҳалиги одам “Опалар, бизда вес стандарти деган нарса бор, узр вақтингизни олдик сизларнинг”, деди вазни баландроқ аёлларга.

Шунда мен менинг ҳам вазним баландроқ, мен ҳам сизларга тушмасам керак, дедимда, мен ҳам суҳбатга кирмадим.

Тўғриси, жаҳлим чиқди, тез чиқиб кетдим у ердан.

У ерда тўпланган аёллар орасида мактаб ўқитувчилари, Нархоз, Андижон давлат университети, Пахатачилик институти каби ОТМларда ишлайдиган жувонлар ҳам бор эди.

Ўқитувчи аёлнинг ёзувлари шу ерга келганда Озодлик ундан сўради:

- Бу танловдан асл мақсад нима эди, деб ўйлаяпсиз? Суҳбатга борганлардан бирон киши ишга қабул қилиндими?

- Асл мақсадини билмадиму аммо аёлни давлат ишига қабул қилишда унинг эрсизлиги ва вазни асосий критерий эканлигини кўриб, хўрлигим келди. Менга кейин у ерда бўлган қизлардан бири турмушга чиқмаган 2 та педагог суҳбатдан аниқ ўтганини, улардан бири "ЗУЛФИЯЧИ" қиз эканлигини айтди.

- Демак, ҳаммаси бўлиб 10 га яқин аёл ҳақида кетаяптими гап?

- Мен фақат биринчи кун бордим, бошқа кунлари ҳам бўлди у жараён. Туманда яшаб, ишлайдиган бирга ўқиган курсдош дугонам ҳам менга ўртоқ, ҳалиги сен борган суҳбатга мениям чақиряпти, нималарни сўраяпти, деб телефон қилди. Мен вазнга ва нечта тил билишига қараяпти, дедим. Ҳаа. Унда бормайман, деди.

Икки аёл вазни “ДХХ стандартларига тўғри келмагани учун” бу идорага ишга қабул қилинмаганидан уларни ва ўзини хўрланган ҳисоблаётган бу аёл билан ёзишма тугагач, ДХХ Андижон вилоят бошқармасидан изоҳ олишга уринишларимиздан наф чиқмади.

Қонун ДХХ учун қонун эмасми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида фуқароларни ишга қабул қилишда чеклашларга йўл қўйилмаслиги ва ҳар қандай чеклов камситиш деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Кодекснинг 6-моддаси “Меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши” деб аталади ва унда бундай дейилган:

Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

“Эрсизлар рўйхати”нинг бир-бирини инкор этувчи икки расмий изоҳи

Жорий ой бошида ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25-35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумотлар пайдо бўлган эди.

ХҚҚ ва ХТВ баёноти

Рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган.

Бу маълумотлар ортидан Хотин-қизлар қўмитаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма баёнот эълон қилиб, унда “рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилгани” айтилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги баёноти

Бироқ Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг “Янгиланаётган Андижон” Телеграм каналида рўйхатнинг бошқа талқини берилгани тўғрисида human.uz хабар қилди. Унда Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг қуйидаги баёноти келтирилган:

“Мана яна бир туҳмат! Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот бўлими ходимлари шу масала бўйича зудлик билан суриштирув ишларини олиб борди. Оқибатда, хақиқатан ҳам мақолада кўрсатилган рўйхат мавжуд экан.

Рўйхат Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими хотин- қизлар қўмитаси ходимлари томонидан тузилган бўлиб, турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга, моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилган.

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими хотин- қизлар қўмитаси ходимлари томонидан тузилган бўлиб, турмушга чиқмаган ва оиласидан ажрашган қизларга, моддий-ижтимоий ёрдам бериш учун шакллантирилган экан. Қолаверса , бундай руйхат керакли органларга хам тақдим этилган. Нима учунлиги биз учун қоронғу! Демак керак бўлган…”

"Сирли рўйхат" сири ҳақида ёзган журналист таҳдид остида

Айни пайтда бу “сирли рўйхат” ҳақида биринчи бўлиб ёзган журналист Хуршид Далиев ўзига таҳдидлар қилинаётгани тўғрисида ёзди.

Далиев ўзининг Фейсбук саҳифасида 29 август куни эълон қилган постида Андижон шаҳридаги мактабларда ишловчи боши очиқ аёлларнинг рўйхати ҳақида ёзгани учун рақами маълум телефондан бир шахс қўнғироқ қилиб ҳақорат ва таҳдид қилганини, журналистнинг бу таҳдид муносабати билан ёзган аризалари айланиб-айланиб Наманган шаҳар ички ишлар идорасига бориб тушганини, ариза ўрганилаётганидан дарак берувчи ишоралар мавжудлигини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG