Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:28

ХТВ ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати тақиқланганини эслатди - аммо у давом этмоқда


Ўзбекистонда ўқитувчи ва бошқа бюджет ходимларини асосий вазифаси четда қолиб, бошқа ишларга жалб этиш мажбурий меҳнатнинг кенг тарқалган кўринишларидан
Ўзбекистонда ўқитувчи ва бошқа бюджет ходимларини асосий вазифаси четда қолиб, бошқа ишларга жалб этиш мажбурий меҳнатнинг кенг тарқалган кўринишларидан

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш қонунда тақиқланганини яна бир бор эслатди.

Вазирлик баёноти айрим вилоятларда ўқитувчилар ҳамда ёшлар етакчилари ҳокимлар буйруғи билан уйма-уй юриб, ишга яроқли шахслар рўйхатини тузишга сафарбар этилаётгани ҳақидаги хабарлар манзарасида янграмоқда.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги мактаб ўқитувчилари асосий вазифаси бир четда қолиб, пахта теримига одам йиғиш учун 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсизлар рўйхатини тузишга ж​алб этилганликларини айтишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган муаллимларга кўра, бу ишни қилишдан бош тортган ўқитувчилар ишдан ҳайдалиш, дарс соатларининг қисқартирилиши ва ё маошларининг бир қисми ушлаб қолиниши билан қўрқитилган.

"Олдинлари ёшларга кредит бериш борасида уйма-уй юришга мажбурлашди. Энди пахтага 30 ёшгача бўлганлар рўйхатини тузишга мажбурлашяпти. МОТ (таҳр: Халқаро меҳнат ташкилоти) келяпти, деб пахта даласини кўришга ҳам мажбурлашади. Далада болалар кўринса балога қоламиз-да. Пахтага чиқарилмаганимиз билан уйма-уй юриш ҳам яққол мажбурий меҳнат-ку. Илтимос? ҳокимлар бизни тинч қўйишсин, ўқувчиларга билим ва тарбия беришга ҳалал беришмасин", - дейди ишидан айрилишидан қўрқиб исми очиқланишини истамаган муаллим.

Наманган вилоятининг Косонсой ҳамда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманилик муаллимлар ҳам уйма-уй юриб? маълумот тўплашга мажбурланаётганлари ҳақида Озодликка хабарлар йўллашган.

Қоракўллик мактаб ўқитувчиси бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Бухоро пахта теримида орқада қолаётган экан. Шунга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсизларни рўйхатини тузяпмиз. Бизни мактабдан етти ўқитувчи чиққанмиз. Ҳар биримизга кўчалар бўлиб берилган. Тайёр бўш анкета бор, исми, паспорт рақами, ишлайдими йўқми, ногиронлиги борми йўқми, шуларни уйларга кириб тўлғиздирип юрипмиз, - дейди анонимлик асосида Озодликка гапирган бухоролик муаллим.

Ўқитувчилар уларга уйларга кириб тўлдириш учун берилган анкета нусхасини Озодликка тақдим этишди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳолини рўйхатга олиш анкетаси.

Наманганлик ўқитувчилар жўнатган анкета нусхасида уни тўлдирувчи шахснинг исми-шарифи, манзили, туғилган жойи, паспорт ёки метрика рақами, рўйхатга олинганлиги, қаерда ишлаши, қаерда ўқиши, синфи, ногиронлигига оид маълумотлар сўралган.

НАМАНГАН вил. – “Ўқитувчилар уйма-уй юриб, хонадон аъзолари ҳақида маълумот ёзар экан”
НАМАНГАН вил. – “Ўқитувчилар уйма-уй юриб, хонадон аъзолари ҳақида маълумот ёзар экан”

Ўқитувчиларнинг бу жараёнга қай асосда жалб этилгани ҳақида изоҳ олиш учун Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимлиги ва Халқ таълими бўлими расмийларига боғланиб бўлмади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати мулозими Озодлик билан суҳбатда муаллимларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш нафақат тақиқланиши, балки мажбурловчилар жазога тортилишини эслатди.

"Ўзбекистон президентининг икки йил аввал қабул қилган 3907-сонли қарорини ҳеч ким бекор қилган эмас. Ўша қарорда халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланиши, бу талабларни бузганлар тегишли жавобгарликка тортилиши ҳақида айтилган. Шунинг учун биз яна бир бор эслатамиз, қайсидир халқ таълими ходими қандайдир ўз вазифасига кирмайдиган ишга мажбурланса Бош прокуратуранинг 1007, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 200-06-00 ишонч телефонларига хабар бериши мумкин. Шунингдек, бундай ҳолатларда Халқ таълими вазирлигига ҳам мурожаат қилишлари учун алоҳида тизим яратилган", - деди Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати мулозими.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз отган муаммолардан саналади.

Халқ таълими тизими ходимлари маҳаллий ҳокимликларнинг "дастёрларига айланиб қолгани"ни ҳукумат расмийлари ҳам тан олган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз чиқишларида мактаблар ҳокимликларга бўйсунмаслиги ҳақда таъкидлаган.

2018 йилда Ўзбекистон президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарори қабул қилинган.

Қарорнинг 16-бандида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши кўзда тутилган.

Аммо ўтган вақт мобайнида мажбурий меҳнатнинг айни кўриниши билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG