Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:20

Хоразмда ички ишлар ходимлари "Муштум" журнали мухбирининг телефони ва ноутбукини олиб қўйди


Журналист Болтабой Матқурбонов
Журналист Болтабой Матқурбонов

21 июль, тушдан кейин Хоразм вилоят, Қўшкўпир туман ички ишлар ходимлари айни туманнинг Ғозиобод қишлоғида истиқомат қилувчи журналист, "Муштум" журнали мухбири Болтабой Матқурбоновнинг уйига бориб, унга тегишли ноутбук ва қўл телефонини олиб кетган.

Бу ҳақда Озодликка 26 июлда хабар қилган 59 яшар Болтабой Матқурбоновнинг айтишича, икки нафар ички ишлар ходими унинг ноутбуки ва телефони ўрганиш учун олинаётганини билдирган, бироқ журналистга ҳеч қандай баённома тақдим этмаган.

Қўшкўпир туман Ички ишлар бўлими навбатчиси Озодлик мухбирига айни ҳодиса юзасидан изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Текширув

Болтабой Матқурбоновнинг айтишича, ноутбуки ва қўл телефони олиб қўйилганидан икки кун ўтиб, 23 июль куни ички ишлар ходимлари уни Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) Урганч филиалига чақирганлар.

ТАТУ биноасида компьютер мутахассислари гувоҳлар ўнгида журналистнинг ноутбуки ва телефонини текшириб чиққан.

- Урганчда ТАТУга чақиришди. Ўша ерга ноутбук ва телефонни олиб бориб, мутахассисларга кўрсатишди. Телеграмни кўриб, ичидаги суҳбатларни суратга, видеога олишди. Кейин терговчига борасиз, сизни терговчи чақиради, дейишди. Шу бўлдию чақирмадиям. Нарсаларим ички ишларда ётибди, деди Болтабой Матқурбонов.

Журналистнинг қўшимча қилишича, ички ишлар ходимлари телефон ва ноутбукни текширишдан мақсадлари унинг бошқа бир журналист, Маҳмуд Ражаб билан алоқаси ва ёзишмаларини ўрганиш эканини айтганлар.

Болтабой Матқурбонов журналист Маҳмуд Ражабов билан дўстона муносабатлари борлигини инкор этмади.

Болтабой Матқурбонов "Муштум" ҳажвий журналининг Хоразм вилояти бўйича мухбиридир.

У Хоразм вилоятидаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳажвий мақолалари орқали ёритиб келади.

СамДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган журналист 2014 йилда "Ғозиобод илҳомлари" номли шеърий китобини нашр этган.

Тақиқланган адабиётлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 14 май куни билдирув эълон қилиб, шоир ва журналист Маҳмуд Ражабга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

"Жиноят ишига, 2019 йилнинг 26 март куни “Тошкент” аэропортида кўздан кечирилган Маҳмуд Ражабнинг қора рангли сумкасидан чиққан 26 дона китоб, бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва ундаги ёзувлар сабаб бўлгани" ҳақида хабар қилган ИИВ бошқармаси.

Шу йилнинг март ойида Маҳмуд Ражаб Тбилисидан Истанбул орқали шоир ва мухолифатдаги "Эрк" партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган эди.

"Дўстларни узоқлаштириш"

Маҳмуд Ражаб 26 июль куни Озодлик билан суҳбатда 10 май куни хавфсизлик ходимлари томонидан унинг уйидан олиб кетилган ноутбук, Муҳаммад Солиҳнинг “Пайғамбарлар тарихи” китоби ва унинг марҳум умр йўлдоши Ойдин Солиҳнинг "Ҳақиқий тиббиёт" китоби ҳалиям қайтариб берилмаганини айтди.

- Уйдан олиб кетилган телефонимни қайтариб беришди, лекин ноутбукни ҳали беришгани йўқ. Текшириш хулосалари чиққанидан кейин маълум бўлади. Кейин кўрамиз у ёғи нима бўлишини, - деди Маҳмуд Ражаб.

Болтабой Матқурбоновдан ноутбуки ва қўл телефонининг олиб қўйилишини Маҳмуд Ражаб бевосита ўзига қўзғатилган жиноят ишига боғлади:

- Мақсад - менга яқин бўлган дўстларимни узоқлатиш. Бу кўриниб турибди. Иккинчидан, менинг ишимда - аэропорт воқеасида ҳам, менинг уйимни тинтув қилиб ҳам - бирон бир жўяли айб топиша олмади. Энди ўзлари айб қўя олмагандан кейин журналистлардан, менга яқин касбдошларимиздан менга қарши бирон бир нарсаларни режалаштираётган бўлишлари мумкин, - деди Маҳмуд Ражаб.

Маҳмуд Ражаб, Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек журналистидир.

Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.

Қўшкўпир туман Ички ишлар бўлими навбатчиси Озодлик мухбирига Болтабой Матқурбоновнинг ноутбуки ва қўл телефони олиб қўйилгани юзасидан изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бошқармаси ўзининг Telegram каналида 18 июль куни аккредитациядан ўтмаган хориж оммавий ахборот воситалари хабарларига муносабат билдирмаслигини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG