Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:50

Хитой Шинжондаги “бахтиёр мусулмонлар” ҳақидаги пропаганда фильмини эълон қилди


Хитой фильми қаҳрамонларидан бири Зилейхон Эйса.
Хитой фильми қаҳрамонларидан бири Зилейхон Эйса.

Ёш уйғур йигит «эски билан янгини қориштириш» учун Қашқарнинг тарихий Эски шаҳар қисмида қаҳвахона очиб, ўз орзусига эришганини сўзлаб берди.

Ёш мусулмон аёл ўз оиласи фаровон кун кечириши учун «яхши маош тўлайдиган» фабрикада ишлаш учун чекка қишлоғидан шаҳарга кўчиб кетди.

Уйғур ишбилармон аёл ўз жамоасидаги ёш аёлларга Ғарб услубидаги келин либосларини танлашда ёрдам бериб, стереотипларга қарши курашмоқда.

Уларнинг барчаси Хитойнинг Шинжон минтақасидаги фаровон ҳаётдан, танлаш эркинлигидан ва мўл-кўл имкониятлардан мамнун.

Хитой ҳозирлаган янги «Тоғлар ортида: Шинжон ҳаёти» деб номланган ҳужжатли фильмда минтақадаги этник уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликлар, хусусан, этник қозоқлар ва қирғизларнинг ҳаёти шундай тасвирланади.

Фильмда Шинжонда 2017 йилдан бери 1 миллиондан зиёд одам кўп ҳолатларда қамоқхонадан фарқ қилмайдиган оммавий меҳнат лагерларига юборилгани ҳақида ҳеч нима дейилмади.

Ҳужжатли фильм давлатга тегишли China Global Television Network телеканали томонидан апрель ойининг ўрталарида бир нечта тилда, шу жумладан, инглиз ва рус тилларида чиқарилди.

Русча версия: https://youtu.be/Hvg8yPovZRo

Бугунга қадар кўплаб шинжонлик минтақада мусулмонлар қўрқув ва зулм шароитида яшаётгани, расмийлар уларнинг маданияти, дини, оилавий ҳаёти ва урф-одатларини йўқ қилишга курашаётгани ҳақида сўзлаб берган. Хитой ҳукуматининг янги пропаганда видеоси ушбу ҳисоботларга жавобдир.

Ҳужжатли фильмда гўёки ҳукумат ёшларга спорт, мусиқа, бизнес ва бошқа соҳаларда ўз орзуларини рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратгани таъкидланади.

Озодликка интервью берган Шинжон фаоллари ҳужжатли фильмни Хитойнинг учига чиққан тарғиботи деб қораладилар.

Қашқар қаҳвахонаси ҳақидаги эртак

Ҳужжатли фильмда Қашқарнинг манзарали Эски шаҳрида жойлашган қаҳвахона тасвирланган.

Kashgar Corner Coffee & Tea ёш мусулмон тадбиркор Мардан Аблимитга тегишли стартап бизнесдир. Аблимит ўзини катта орзуларга эга «асл Қашқар ўғли» деб таърифлайди.

Аблимитнинг айтишича, унинг қаҳвахонаси ўз халқи тарихи ва маданиятини замонавий элементлар билан қориштиради.
У қаҳвахонада таклиф қилинадиган ичимликларни «ғарб қаҳваси билан маҳаллий ўтларнинг аралашмаси» деб таърифлади.

Қаҳвахона ранг-баранг болишлар ва гиламлар, шунингдек, анъанавий чойхона услубидаги мебеллар билан жиҳозланган.

Аблимит ўз қаҳвахонасини «кекса авлод янги нарсаларни синаб кўраётган» ва ўзига ўхшаган ёшлар «ўз орзуларига интилаётган» «кичик Қашқар» деб таърифлади.

«Мен бу ерда ҳеч қандай зиддият токи қарама-қаршиликни кўрмаяпман», - деди у Хитойнинг минтақадаги «тинчлик ва тотувлик» сиёсатини назарда тутиб.

Аблимитнинг таъкидлашича, қашқарликлар «эски фикрлаш тарзидан воз кечмоқда».

Аблимитнинг эришган ютуқлари ҳақидаги ҳикоясини текшириш мушкул.

Реал ҳаётда Хитой ҳукумати Шинжондаги мусулмонларнинг маданий марказларини ёпиб қўйган, минглаб масжид ва тарихий мусулмон иншоотларига зарар этказган, жамоат раҳбарларини қамоққа олган.

Кўп ҳудудларда 18 ёшга тўлмаган мусулмонларга масжидга кириш тақиқланган.

Минглаб одам намоз ўқигани, исломий байрамларни нишонлагани ёки анъанавий кўп болали оила қургани учун қамоққа улоқтирилган.

Кўплаб мусулмон болалар ўз оилаларидан ажратилиб, махсус мактаб-интернатларга жойлаштирилади. Фаолларнинг фикрича, бундан мақсад ёш авлоднинг «миясини ювишдир».

Хабарларга кўра, Расмий Пекин ассимиляция кампанияси доирасида Шинжондаги мусулмон оилаларга кўз-қулоқ бўлиши учун 1 миллиондан ортиқ этник хан давлат хизматчиларини минтақага сафарбар қилган.

АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссиясининг 2020 йил 28 апрелда эълон қилинган йиллик ҳисоботида Хитойда «шахслар узун соқол қўйгани, спиртли ичимлик ичишдан бош тортгани ёки расмийлар назарида «диний экстремизм» ҳисобланган бошқа хатти-ҳаракатлари учун лагерларга юборилган», дейилади,

«Фабрикамдан миннатдорман»

Ҳужжатли фильмининг катта қисми ёш мусулмон аёлларга бағишланган. Видеога кўра, бу аёллар ўз жамиятларидаги консерватив қарашларга қарши чиққан.

Зилейхон Эйса Кучар қишлоқ туманидан бўлиб, Шинжоннинг нисбатан бой шимолий қисмида жойлашган Бортала шаҳрида заводда ишлайди.

Эйса ойига тахминан 600 доллар ишлаб топади. Бу эса Кучардаги камбағал оиласини таъминлаш ва ўзи шаҳарда яшаши учун етарли.

Эйса юборган пуллар билан онаси Турсунгул Режеп даволаниб келади, отаси эса машина харид қилган.

«Мен фабрикамдан миннатдорман», - дейди Эйса видеода.

Видеода айтилишича, Эйса шаҳарда «кўплаб янги нарсаларни ўрганган». У ўз қишлоғига қайтиш ниятида эмас ва яқин орада турмуш қуришни режалаштираётгани йўқ.

Анъанавий уйғур оилаларда никоҳни одатда ота-она ташкил этади. Аммо видеода Эйсанинг онаси Режеп уйғур тилида сўзлаб, қизи кимни танласа, ўшанга берилишини айтди.

Эйса ҳужжатли фильмда тасвирланган бошқа барча мусулмон ёшлар сингари мандарин хитой тилида интервью берди.

Фильмда Эйсанинг яхши кийинган оиласи Кучардаги кенг ҳовлида мамнуният билан тарвуз еяётгани тасвирланган.

Самира Аркин ўз халқи урф-одатларидан воз кечиб, «бошқа кўплаб ёшларга ўрнак бўлган» яна бир мусулмон аёлдир.

Аркин Қашқарда келинлар салонига эгалик қилади. У мусулмон келинларга тўй учун замонавий оқ либосларни танлашда ёрдам беради.

Аркин 2010 йилда ўз тўйида қариндошларининг қаршиликларига қарамай, Ғарб услубидаги келин либосини кийганини сўзлаб берди.

Аркиннинг сўзларига кўра, унинг жамиятида замонавий тўй либосларига ёмон назар билан қаралган.

Ҳужжатли фильмнинг бошқа қаҳрамонлари сингари у ҳам «мусулмон», «Ислом» ёки «уйғур» каби сўзларни тилга олмади.

Аркиннинг айтишича, у баъзи аёллар «юзларини ёпишга мажбур экани» ва ҳатто кўчага маҳрамсиз чиқиш ҳуқуқига эга эмаслигини кўриб, кўнгли хира бўлган.

У ўз норозилигини бизнес имкониятига айлантириб, салон очганини айтади.

«Мен [Қашқар] келинларининг кийиниши ва бу ҳақда қандай фикрлашларини ўзгартирмоқчи эдим», - деди у.

Ишбилармон аёл сўзларига кўра, кўплаб одам унга «тўғри қарор қилганини» айтган.

Хитойда паранжи диний экстремизм белгиси ўлароқ тақиқланган.

Шунингдек, Пекин мужмал қонунлар билан баъзи исломий исмлар ва бошқа очиқланмаган «экстремизм белгиларини» тақиқлаб қўйган.

Баъзи бир мусулмон аёллар узун кўйлак кийгани учун полиция таъқиб қилгани ҳақида сўзлаб берган.

Мажбурланган актёрлар?

Аркин, Эйса, Режеп ва ҳужжатли фильмнинг бошқа қаҳрамонлари чин кўнгилдан гапиргани ёки расмийлар айтган сўзларни такрорлашга мажбур бўлганини аниқлашнинг иложи йўқ.

Айни дамда Қозоғистонда яшаётган шинжонлик фаол Қайрат Байтолла Хитойда аҳоли Коммунистик партиянинг «буйруқларини бажаришга» мажбурланишини айтди.

«Агар улар бундан бош тортсалар, қамалишлари, таъқиб қилинишлари ва ҳатто отиб ўлдиришлари мумкин», - деди у.

Айни пайтда Шинжоннинг Или қозоқ мухтор префектурасида жойлашган Олтой шаҳрида яшаётган этник қозоқларнинг бири чет элдаги қариндошларига расмийлар уни АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпеонинг Шинжон ҳақидаги билдирувини қоралашга мажбурлаётганини сўзлаб берди.

Январь ойида Помпео Хитой Шинжонда мусулмонларга қарши «давом этаётган» геноцид содир этаётганини таъкидлаган эди.

Олтойлик шахс, шунингдек, Хитой полицияси унга рафиқаси Алтинай Арасанни қоралаб, ундан ажрашишни талаб қилганини айтди.

Арасан айни дамда Қозоғистонда яшайди ва Хитой дипломатик идоралари олдида Пекинга қарши намойишларда қатнашади.

Арасаннинг сўзларига кўра, полиция унинг эрига агар у видео баёнот беришдан бош тортса, ўлдирилиши ҳақида огоҳлантирган.

Айни дамда шинжонлик фаол Бекзат Мақсутхан мусулмонлар орасида «коммунистик партияга кўр-кўрона ишонадиганлар» ҳам борлигини айтди.

«Расмийлар бу каби ташвиқотлари учун ҳеч қачон ташқи дунёни кўрмаган жоҳил, гўл ва маълумоти оз одамларни танлайди», - деди у Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозир Қозоғистонда яшаётган Мақсутханнинг айтишича, баъзи мусулмонлар молиявий мақсадларни кўзлаб ёки бирор амални қўлга киритиш учун давлат тарғиботида қатнашади.

Аммо фаолларнинг таъкидлашича, кўпчилик, шу жумладан, кўплаб ёш бола Пекин ҳозирлаган сценарий матнларини камера олдида ўқишга мажбур.

Хитой Шинжонда инсон ҳуқуқлари кенг миқёсда бузилаётгани ҳақидаги барча ҳисоботларни рад этиб келади.

Хитой расмийларига кўра, минтақадаги лагерлар бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказларидир.

Аммо гувоҳлар у ерда сақланаётганлар мунтазам равишда қийноқ, зўрлаш ва мажбурий меҳнат қурбони бўлаётгани ҳақида сўзлаб берган. Айрим аёллар мажбуран стерилизация қилинаётганида ҳақида хабарлар ҳам мавжуд.

Ҳужжатли фильм эълон қилинишидан олдин АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқи Шинжондаги ҳуқуқбузарликларга алоқадор бир нечта Хитой расмийсига қарши санкция жорий қилган эди.

22 апрель куни Буюк Британия парламентининг қуйи палатаси Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларга қарши инсониятга қарши жиноятлар ва геноцид содир этилаётгани тўғрисидаги декларацияни қабул қилди.

XS
SM
MD
LG