Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Сохта диплом билан ишлаган 140 ўзбек қурувчиси Финляндиядан депортация қилинадиган бўлди


Yle финн телерадиокомпанияси эълон қилган қалбаки ҳужжатлардан бири
Yle финн телерадиокомпанияси эълон қилган қалбаки ҳужжатлардан бири

11 июль куни Финляндия Migri иммиграция хизмати​Ўзбекистондан келиб Финляндияда ишлаётган жами 139 ишчига депортация тўғрисида ҳужжат тақдим этганини эълон қилди.Ўзбекистонлар Финляндияда сохта дипломлар билан ишлаганликда айбланмоқда.

Аммо улар ўз дипломини 3 ойлик ўқув курсларини битириб олганини айтмоқда. Мигрантлар мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан Ҳельсинки судига мурожаат қилди.

Финляндия миграция идораси ўзбекистонлик гражданларни қалбаки дипломлар билан ишлаётганликда айблаб, мамлакатдан бадарға қилиш тўғрисида май ойида қарор қабул қилган эди.

Миграция хизматининг маҳаллий матбуот орқали эълон қилинган ҳужжатларига кўра, депортация қилинаётганларнинг деярли ҳаммаси “Туямўйингидрострой” трестининг Ўқув комбинатида қурувчиликнинг турли йўналишларида таҳсил олгани тўғрисида диплом тақдим этган.

Дипломга қўйилган муҳрда “Ўзбекистон Сув хўжалиги қурилиши давлат қўмитаси; “Туямўйингидрострой” қурилиш-монтаж трестининг Ўқув комбинати” деб ёзилганини, диплом 1999 йилда берилганини кўриш мумкин.

Дипломлар 1993 йилда ёпилиб кетган ўқув комбинати номидан берилган
Дипломлар 1993 йилда ёпилиб кетган ўқув комбинати номидан берилган

Текширувчилар ҳужжатлар жуда ёмон сифатда, оддий принтерда чоп этилгани, сертификатлар рақамлари бир хилда чиқарилганини эълон қилишди.

Бу иш тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Ҳельсинкидаги ўзбеклар жамияти раҳбари Мавлуда Пейпонен дипломларнинг сохталиги ўтган йилнинг октябрида Финляндия чегарачилари томонидан аниқланибди, дейди:

- Муаммо айнан дипломларда. Депорт берилаётган мана шу 140 кишининг диплом рақамлари бир хил экани маълум бўлибди. Кейин, бу диплом 1993 йилда ёпилиб кетган ўқув маркази томонидан ёзиб берилган экан. Дипломлар хатолар билан ёзилганини кўриш мумкин. Гап шундаки, улар ҳужжат топширганида дипломнинг фақат нусхасини сўрашади, шу боис “қалбакиси ҳам бўлаверади”, деб ўйлашган бўлса керак. Диплом илгари сўралмас эди – охирги 4-5 йилда бундай талаб жорий қилинди. Чунки ўзбекларимиздан ташқари Шарқий Европа, Сурия ва Яқин Шарқдан келган муҳожирлар кўпайиб кетди. Масалан, 2015 йилларда Финляндия 10 минг қочқинни қабул қилди. Ўзбекистонликлар Россияда ҳам ҳеч қандай дипломсиз ишлашадику?! Қалбаки диплом чегарада аниқланиб, қолганларга чиқишибди. Улар ҳаммаси Хоразмдан, қариндошлар. Бу ҳужжатлар Россияда, Ўзбекистонда – пулга истаган жойингизда тайёрлаш мумкин Ўзбекларимиз финларнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланишган, - деди ўзбек диаспораси раҳбари.

Суҳбатдошнинг айтишича, қурувчиларни депорт қилиш тўғрисида қарор шу йилнинг май ойида қабул қилинган. У 10 йилча ишлаб келаётган ўзбекистонлик бу қурувчилар орасида жанжаллар ҳам бўлиб турганини эслади. У 2015 йилдан олдин келган ўзбек муҳожирларининг айримлари уй-жойли, оилали бўлган, деди.

Маълум қилинишича, бугунгача Финляндиянинг бир нечта саноат марказлари қурилиш ишларига 800 га яқин ўзбек ватандоши жалб қилинган.

Финляндиянинг Migri иммиграция хизмати “Туямўйингидрострой” қурилиш-монтаж трестининг Ўқув комбинати борасида Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонасига сўровнома юбориб, бундай ташкилот ҳақиқатан 1993 йилда ёпилиб кетганини тасдиқлаганини эълон қилди.

Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонасида Озодлик сўровига Финляндиядаги ўзбек қурувчилари борасида "ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмаганини" билдириш билан кифояланишди.

Бунинг ортидан бошланган оммавий текширувлар яна 240 нафар ўзбекистонлик қалбаки ҳужжатларни тақдим этганини аниқлади ва улар ҳам “доимий яшашга рухcатнома”лардан маҳрум этилгани айтилди. Migri жами сохта ҳужжатлар эгалари 400 кишига яқинлашганини билдирди.

Ҳельсинкида яшаб келаётган яна бир собиқ ватандош – шоир ва муҳаррир Ҳамдам Зокиров ўзбекистонлик ишчилар Россиядан кўра кўпроқ ҳақ олсаларда, ҳатто Финляндияда оғир шароитларда яшаб келишларини айтади.

- Уларнинг айримлари қандайдир йўллар билан Эстониядаги даллоллар ёрдамида Финляндия ишчи визасини олишган экан. Уларнинг аксари жуда аянчли аҳволда ҳам ишлаб келишгани, иш берувчиси қўлида деярли қулдек ишлатилганини биламан. Уларга биз ўз ҳуқуқлари учун курашишни ҳам тавсия қилганмиз, аммо кўпчилик қўрқарди қарши чиқишга. Айтишларича, бу текширувлар бир нечта муҳожир узаро жанжаллашиб қолгани ва биттаси бошқаси устидан полицияга хабар берганидан кейин бошланган, деди Ҳамдам Зокиров.

Ҳамдам Зокиров, шунга қарамасдан, ўзбекистонлик ишчилар меҳнаткашлиги ва маҳоратли устачилиги учун фин иш берувчилари томонидан қадрланиб келганини ҳам маълум қилди.

Айни пайтда, Миграция хизмати қарори ортидан Финляндия Қурилиш саноати конфедерацияси (RT) қурувчи ўзбекларнинг депортацияси мамлакат қурилиш секторини фалаж ҳолатга келтириши мумкинлигидан огоҳлантирди. Конфедерация раҳбарияти ўзбекистонлик ишчилар асосан саноат комплексларида бўяш ва сувоқ қилиш ишларига жалб қилинганини билдирди.

2018 йилда Финляндиядан 18 нафар Ўзбекистон ватандоши миграция қоидаларини бузгани учун чиқариб юборилган бўлса, 2017 йилда бирорта ҳам ўзбек депорт қилинмаган.

Озодлик депортация бўлганларнинг бир қисми Ўзбекистонга ёки бошқа мамлакатларга чиқиб кетганини аниқлади.

Қўлида депорт қоғози бўлган хоразмлик Тоҳирбек шулар жумласидандир. У Ўзбекистонда бу дипломни олиш учун ҳақиқатан ўқув машқларига 3 ой қатнагани ва фин миграция ҳукумати қарори устидан судга шикоят қилганини Озодликка сўзлаб берди.

- 100 дан кўп одамга депорт эълон қилди. Дипломингиз фалшивий экан -чиқиб кетишингиз керак экан”, деб май ойида айтишди. Лекин биз билмаган эдик уни фалшивий эканини. Сен 30 кун ичида чиқиб кетишинг ё судга оширишинг керак, дейишди. Кўпчилик кетишни бошлади. Декабрь ойида 10 болани депорт қилишганди.

2005-2006 йилларда Хоразмдан бир нечта болалар келган ва бизларни Москва орқали фирмадан чақиртириб олган ишга, ўзлари ҳужжатларни тайёрлаб. Ўзбеклар асосан Эспо, Эсмики ва Вантаа шаҳарларида ишлайди. Лекин, биз 3 ой ўқиганмиз, қурилишга борганмиз: қандай қилиб дипломлар фалшифий чиққанини билмадим. Биз бу ерда сувоқ, краска ишларидамиз. Ҳозир ишимизни судга оширдик, деди депортацияга тушган ўзбек муҳожири.

Финляндия Иммиграция хизмати сохта ҳужжатлар билан мамлакатга кириб келган ўзбек муҳожирларига 2 йилга Шенген ҳудудига кириш тақиқини қўйганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG