Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

1.5 тонна макарон ва 180 литр ёғ. "Саҳоват ва кўмак" тадбирига солиқчилар ҳам қўшилди


Чилонзор солиқ инспекцияси Ягона мувофиқлаштириш марказига 1200 шиша ўсимлик ёғи етказган.
Чилонзор солиқ инспекцияси Ягона мувофиқлаштириш марказига 1200 шиша ўсимлик ёғи етказган.

Ўзбекистонда карантин даврида муҳтож аҳолига ёрдам бериш бўйича ҳукумат бошлаган "Саҳоват ва кўмак" кампаниясига айрим шаҳар ва туманларнинг солиқ ва прокуратура идоралари ҳам қўшилди.

Маҳаллий имомлар Рамазон муносабати билан тадбиркорлар ва ўзига тўқ оилаларни саҳоват тадбирида фаол иштирок этишга даъват этиб чиқди.

Асосан тадбиркорлар зиммасига юклатилган тадбир доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишидаги ёрдамлар ҳар бир шаҳар ва туманда ташкил этилган мувофиқлаштириш марказларида тўпланмоқда ва тарқатилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот ҳизмати 24 апрель куни ўз Telegram каналида Чилонзор солиқ инспекцияси Ягона мувофиқлаштириш марказига 1200 шиша ўсимлик ёғи, Учтепа солиқ инспекцияси 1.5 тонна макарон ва 180 литр ёғ, Яшнобод тумани прокуратураси 1 тонна ун, Юнусобод туман ҳокимлиги 3 тонна гуруч етказганини маълум қилди.

Учтепа солиқ инспекцияси Ягона мувофиқлаштириш марказига 1.5 тонна макарон маҳсулотлари ва 180 литр ёғ етказган.
Учтепа солиқ инспекцияси Ягона мувофиқлаштириш марказига 1.5 тонна макарон маҳсулотлари ва 180 литр ёғ етказган.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар ва туманларидаги солиқ инспекциялари ҳам ёрдам марказларига ун, гуруч етказиб бераётганини билдирди.

Сирдарё вилояти Солиқ давлат солиқ хизмати мухтожларга 3 тонна ун етказиб бергани ҳақида ўз расмий сайтида маълум қилган.

Бюджетдан маблағ олувчи бундай давлат ташкилотлари ёрдамларни кимнинг ҳисобидан ва қандай маблағ эвазига олиб келгани маълум эмас.

23 апрель куни Жиззах вилоят давлат солиқ хизматида ишловчи ходим Озодликка 7 кунлик иш ҳақи кам таъминланганларга ҳайрияга деб ушлаб қолингани ҳақда айтганди.

Озодлик хабари ортидан Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раҳбарияти ходимларни хайрияга мажбурламаслик ҳақида жойлардаги бўлимларига топшириқ бергани маълум бўлди.

- Сизларнинг хабарингиздан кейин тўхтатишди, ойликларни тўлиқ берадиган бўлди, - хабар қилди Жиззах вилоят давлат солиқ хизматида ишловчи ходим.

24 апрель куни "ЎзЭкспоМарказ" ҳудудида ташкил этилган тақсимот марказига ёрдам олиб келганлар орасида халқ депутатлари ҳам бор.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги каналида Юнусобод туман Халқ депутатлари Кенгашининг депутати Қаҳрамон Мухаммадқулов ҳамда "Premium engineering service" корхонаси биргаликда Ягона мувофиқлаштириш марказига 4 тонна картошка, 2 тонна пиёз ва 1 тонна сабзи олиб келгани ҳақда айтилган.

Лекин бу ёрдамда депутатнинг улуши қанчаю "Premium engineering service" корхонасиники қанча экани ҳақда маълум қилинмаган.

Шунингдек, “DMC – доктор Максудованинг клиникаси” Тошкентдаги Ягона мувофиқлаштириш марказига 1 тонна товуқ, “Navruz Invest” ташкилоти эса 1 тонна туз олиб келган.

Тошкент ҳокимлиги Telegram каналида билдирилишича, 23 апрель куни шаҳардаги 300 дан ортиқ маҳалланинг 2 ярим мингга яқин оиласига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган.

Ўзбекистон бўйича "Саҳоват ва кўмак" кампанияси бошланган 20 апрелдан буён тақсимот марказларига қанча ёрдам тушгани ва тарқатилгани ҳақида маълумот йўқ.

Ортиқхўжаев тадбиркорлар билан учрашди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 24 апрель куни Олмазор, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида тадбиркорлар билан учрашган.

Ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда ҳоким коронавирус пандемияси шароитида эҳтиёжманд оилалар ва қарияларни, атрофдагилар кўмагига муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилган.

Ортиқхўжаев учрашувда "ҳайрли ишларнинг бошини тутган тадбиркорлар учун қатор имтиёз ва имкониятлар яратилиши"ни айтган.

Тошкент ҳокими 24 апрель куни тадбиркорлар билан мухтожларга ёрдам масаласини муҳокама қилган.
Тошкент ҳокими 24 апрель куни тадбиркорлар билан мухтожларга ёрдам масаласини муҳокама қилган.

Тадбиркорларни "Саҳоват ва кўмак" кампаниясига қўшилишга даъват этиш мақсадида ўтказилаётган бундай учрашувлар бошқа вилоятларда ҳам ўтказилмоқда.

Андижон шаҳрида 23 апрель куни бўлган шундай учрашувда юздан ортиқ тадбиркорлар бири 10 тадан 500 тагача эҳтиёжманд оилани ўз қарамоғига олиш истагини билдиргани ҳақда маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни видеоселектор йиғилишида аҳолига ёрдамни бюджет эмас, балки тадбиркорлар зиммасига юкловчи янги "Саҳоват ва кўмак" умумхалқ ҳаракати тузиш ҳақида эълон қилган эди.

Айрим тадбиркорлар карантин даврида ўзлари мушкул аҳволга тушиб қолган бир пайтда ҳокимликлар муҳтожларга ёрдам беришга мажбурлаётганини Озодликка айтишганди.

Имомлар ҳам "Саҳоват ва кўмак" тадбирини тарғиб этмоқда

Айни пайтда бир қатор имомлар карантин даврида муҳтож аҳолига ёрдам бериш бўйича ҳукумат бошлаган "Саҳоват ва кўмак" кампаниясига қўшилишга даъват этиб чиқди.

Асосан тадбиркорлар зиммасига юклатилган тадбир доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишидаги ёрдамлар ҳар бир шаҳар ва туманда ташкил этилган мувофиқлаштириш марказларида тўпланмоқда ва тарқатилмоқда.

24 апрель куни Рамазон ойи бошланиши муносабати билан қилган онлайн ваъзида Тошкентдаги "Дўстжонбой" масжиди имоми Расулжон Маъмур ўғли "агар мусулмонлар ҳайру эҳсонларини жойлардаги ёрдамларни тақсимлаш марказларига олиб бориб беришса, уларнинг садақалари чиндан ҳам муҳтож оилага етиб бориши"ни таъкидлайди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар карантин даврида ҳайрияга қарши эмасликлари, лекин давлат тарафидан марказлаштирилган эҳсон йиғиш ва тарқатиш тизимига ишонқирамай қараётганликларини таъкидлашганди.​

Эҳсонларни йиғиш ва тарқатишни назорат қилаётган Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги расмийлари тадбиркорлар ва ўзига тўқ оилалар карантин даврида қийин аҳволда қолганларга кўнгилли ёрдам бераётгани ва жараённинг тўлалигича шаффофлигини ва ҳар бир ёрдам муҳтожларга етиб бораётганини айтишган.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан мамлакатда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

XS
SM
MD
LG