Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Россиядаги қурилишда ўғли нобуд бўлган ота ҳақиқат изламоқда


Жасур Менглиев.
Жасур Менглиев.

Краснодардаги қурилишлардан бирида ҳавозадан қулаб тушган 20 яшар Жасур Менглиев воқеадан 4 ой ўтиб маҳаллий шифохонага оғир аҳволда олиб кетилганидан кейин 21 май куни вафот этганини Озодликка куни кеча унинг отаси билдирди.

Тожикистонлик этник ўзбек муҳожирнинг отаси Турдали Менглиев нима сабабдан қурилишда жароҳат олган ўғлига 4 ой давомида ёрдам кўрсатилмагани ва ўлим сабаби "нотўғри кўрсатилгани"ини тергов қилишни талаб қилмоқда.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Носир Хусрав туманидан Озодликка мурожаат қилган Турдали Менглиев Россиянинг Краснодар шаҳрида ўғли Жасур Менглиев ўлими билан боғлиқ тафсилотларни сўзлаб берди.

Отасининг айтишича, унинг ўғли, 20 яшар Жасур Краснодарда қурилишлардан бирида шу йил бошида олган жароҳати оқибатида нобуд бўлган:

- 7 февраль куни қурилиш лифтида тушаётганида қулаган. Ҳушимдан кетиб йиқилдим, деди. Кейин болалар келиб сув сепиб ҳушига келтирган. Лекин болани дўхтирга олиб бормаган, “Сени документинг йўқ!”, деб. Мен “Болам, тез қайтасан, ўзингга келгин”, дедим. Орадан 10 кун ўтиб болам ишга чиққан. Нега ишга чиқдинг десам, “Ота, минусга кетяпти ишим. Менга бу ерда ким нон беради? Яшашим қийинлашади, қарз бўлиб қолмайин, ота”, деди? - дея кўзига ёш олди Турдали Менглиев.

Ота фарзандига Тожикистондан туриб ташҳис қўйишга ҳаракат қилиб кўради. У учраган шифокорлар Жасурнинг лат еган жойида йиринг йиғилиб қолган бўлиши мумкинлиги ва уни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш мумкинлигини айтади.

Турдали Менглиев Тожикистонда туриб, телефон орқали ўғлининг Краснодардаги бригадирларидан уни шифохонага олиб боришни талаб қилган.

Шундан сўнг Жасурни яна касалхонага олиб боришади. Ота ўғлининг айтганларини бундай эслади:

- Рентгенга тушириб, “Орқадаги нерв томирим қисилган экан. Шунга укол қилди. Шу укол билан оғриғим тўхтаркан, эртага яхши бўлиб кетаман. Телефонни ўчиринг - чарчаганман”, деди ўғлим.

Отанинг кейин билишича, оғриқ пасаймаган ва бригадирлар аҳволини кўриб, “скорий” чақиртирган.

"Кейин нима бўлгани менга қоронғу. Мен болам нима касалдан кетганини билмоқчиман – бу оёқ деяпти, булар ўпка шамоллашидан кетди деяпти!", деди Турдали Менглиев.

Жасурнинг ўлими юзасидан берилган ҳужжатларда “ўлим сабаби” графасида “инфекция-токсик шок” дея ёзилганини кўриш мумкин.

20 яшар Жасурнинг ўлими юзасидан берилган маълумотнома.
20 яшар Жасурнинг ўлими юзасидан берилган маълумотнома.

Турдали Менглиев ўғлини кейинги йил уйлантириш ниятида юрганини ҳам айтди.

Суҳбатдош Жасурнинг жасади ўзи ишлаган маош ва қурилишда ишлаётган бошқа муҳожирлар йиққан пул эвазига она юртига келтирилганини маълум қилди.

Турдали Менглиев:"Россияда ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:20 0:00
Бевосита линк

Озодлик 20 ёшли Жасур Менглиев жароҳат олган қурилиш объекти Краснодар шаҳрининг Уральская кўчаси, 71 манзили бўйича жойлашганини аниқлади. Олинган маълумотга кўра, кўп қаватли турар-жой қурилишини маҳаллий “Хорошее дело” ширкати олиб борган. Ширкатда Озодлик сўровига Жасур Менглиев масаласи билан боғлиқ ҳодиса борасида маълумотга эга эмасликлари – қурилиш ишлари асосан майда пудратчи ширкатлар томонидан олиб борилишини билдиришди.

Жасур билан бирга ишлаган ва ҳодиса гувоҳи бўлган ишчилардан бирининг айтишича, Жасур бошқа ўнлаб ўзбек-тожик ишчилар каби ҳужжатсиз ишлаган, унда на ишга рухсатнома ва на тиббий суғурта бўлган:.

- Уни шифохонага биринчи маротаба олиб боришганда на полиси, на ҳужжати бор деб, қабул қилишмади, қарашмади. Иккинчи бор ҳам тезда кўриб, битта оғриқ босадиган укол бериб, чиқарворишганди. Бу ерда ҳаммамиз шу аҳволда – ким касал бўлса, жароҳат олса ўзини ўзи эплаб кетади, Тепадан йиқилганда Жасурни пули бўлмаганми, отасига айтишга уялганми – кетмади Тожикистонга, ишда қолди. Бу вазиятда бригадирларнинг ҳам айби йўқ – шундай шароитда ишлайди ҳамма, деди исмини айтмаган ўзбек муҳожири.

Турдали Менглиев ўғли Жасур Менглиевнинг ўлими билан боғлиқ жумбоқларни ечишда мутасадди идоралар ва жамоатчилик ташкилотларидан ёрдам сўраб, Россия ҳукумати ва Краснодар шаҳар маъмурияти томонидан унга бу масалада кўмак берилишига ишониб қолишини билдирди.

XS
SM
MD
LG