Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:55

Сирдарёда пахта теримига чиқарилган икки аскар трактор тагида қолиб ҳалок бўлди


Ўзбекистон Қуролли Кучлари аскарлари аравага пахта ортмоқда. 2019 йил пахта терими мавсумида келган сурат.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари аскарлари аравага пахта ортмоқда. 2019 йил пахта терими мавсумида келган сурат.

Сирдарё вилоят, Боёвут туманига пахта теримига олиб чиқилган ҳарбийлардан икки нафарини 13 октябрь куни трактор босиб кетди. Ҳарбий хизматга Фарғона водийсидан чақирилган бу икки аскар воқеа жойида ҳалок бўлди.

Озодликка воқеа гувоҳларидан келган ушбу хабарни Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари тасдиқлади.

Бошқармаси мулозимининг маълум қилишича, икки майитни ҳарбийлар айни куннинг ўзида вилоят моргидан Фарғона водийсига олиб кетганлар.

Уйқудаги ўлим

Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимасининг билдиришича, ҳарбий хизмат чоғида пахта теримига Боёвут туманига олиб чиқилган икки аскар "бахтсиз ҳодиса" туфайли ҳалок бўлган:

"Бизга маълум қилишларича, ёшлари йигирмалардан ошган икки ёш аскар пахта майдонида, ариқ ичида ухлаётган бўлган. Пахта ташувчи трактор уларни босиб кетган. Йигитлар ҳарбий кийимда бўлишган. Бахтсиз ҳодиса-да, шундай бўлишини кимам хаёлига келтиради!",

Соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлимларидан бири мудирининг айтишича, ҳодиса юз берган жойда ҳалок бўлган аскарлар зудлик билан вилоят моргига келтирилган, моргдан эса, туғилган юртига жўнатилган:

"Кечанинг ўзида ҳарбийлар келиб уларни Фарғона водийсига олиб кетишди".

Бошқарма мулозими қурбонларнинг ёши ва шахсига оид бошқа маълумотларни бера олмаслигини билдирди.

Боёвут туман марказий касалхонаси бош врачи Олим Бекмуродов мазкур ҳодиса ҳақида эшитгани, аммо ҳарбийлар хавфсизлиги учун масъулият пахта штабларида фаолият юритувчи ҳарбий шифокорлар зиммасида эканини билдирди.

У икки ҳарбий ўлими Боёвут туманида бу йил пахта терими пайтида юз берган илк бахтсиз ҳодиса эканини қўшимча қилди.

Оммавий терим

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида сентябрь бошидан пахта теримига старт берилди.

Ҳукумат жорий йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслигига ваъда қилганига қарамай, ишчи-хизматчилар пахтага мажбуран ҳайдалгани кузатилмоқда..

Вилоятлардаги кўплаб ташкилотлар ходимларидан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинди.

Ташкилотлар ходимларига пахтага чиқмаса, ишдан ҳайдалиш билан таҳдид қилинмоқда.

Пахта теримига ҳарбийлар, ички ишлар ходимлари ва маҳкумлар ҳам жалб этилган.

Бир ойлик ҳарбий хизматга юборилганларнинг айримлари, ҳарбий хизмат ўрнига пахта теримига чиқарилганидан шикоят қилмоқда.

XS
SM
MD
LG