Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Сатторий иши давоми: Effect.uz ўзининг уч журналисти устидан суд жараёни ҳақида сукут сақламоқда


Effect.uz сайтининг судланаётган уч журналистидан бири Озодликка сайт раҳбарияти суд жараёнига оид маълумотларни очиқлашдан тийилиб туришни тавсия қилганини билдирди.

6 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган сурхондарёлик блогер ишини батафсил ёритган Effect.uz сайти ўз журналистларининг судланаётгани тўғрисида бирорта ҳам маълумот, ҳатто Олий суднинг 27 май кунги баёнотини ҳам эълон қилмади.

Effect.uz сайти бош муҳаррири суд ишига оид хабарларни бермай туриш тўғрисидаги қарорни ўзи қабул қилганини билдирди.

27 май куни Қашқадарё вилоят судида Effect.uz сайтининг уч журналисти: Ҳ. Аҳмедов, А. Нуримбетов, ва Э. Тожибоевлар устидан суд жараёни бошланди.

Олий суд: журналистлар туҳмат, ҳақорат қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик қилишда айбланяпти

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича :

Ҳ. Аҳмедов ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатишда (ЖК 219-модда) ва тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашишда (ЖК 236-модда) айбланмоқда.

А. Нуримбетов туҳмат қилишда (ЖК 139-модда), ҳақорат қилишда (ЖК 140-модда), ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатишда (ЖК 219-модда) ва тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашишда (ЖК 236-модда) айбланмоқда.

Э. Тожибоев туҳмат қилишда (ЖК 139-модда), ҳақорат қилишда (ЖК 140-модда), ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатишда (ЖК 219-модда) ва тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашишда (ЖК 236-модда) айбланмоқда.

Суднинг навбатдаги мажлиси 31 май куни ўтказилиши хабар қилинди.

Судланувчилардан бири: Судга журналистларни киритмасликни илтимос қилдик

Дастлабки суд мажлиси тафсилотлари Олий суд матбуот хизмати хабарида очиқланмаган. Уларни очиқлашни судланувчилардан бири, журналист Элёрбек Тожибоев ҳам очиқлашни истамади.

“Сайтимиз раҳбарияти суд иши билан боғлиқ маълумотларни журналистлар ва блогерлар билан бўлишмай туришни тавсия қилган”, деди журналист.

Боз устига, Элёрбек Тожибоевнинг айтишича, 27 май кунги суд мажлисида судланувчилар судьяга маҳкама жараёнини оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ёпиқ тарзда ўтказишни сўраб илтимоснома киритган.

Буни журналист “шундай қилмасак, блогерлар ҳаммаси келиб олар экан, уларнинг дарди контент яратиш холос”, деб изоҳлади.

Элёр Тожибоевнинг айтишича, судланаётганлар (ўзи ва икки ҳамкасби) ҳибсда эмас: учаласи ҳам Қаршидаги меҳмонхоналардан бирида яшамоқда, меҳмонхона пулини улар ишлайдиган сайт тўлаяпти.

Элёр Тожибоев, шунингдек, Озодликка адвокати йўқлигини билдирди. “Адвокатларга ишончим йўқ. Ўзим ҳар қандай адвокатдан кам эмасман, ўзини ўзим ҳимоя қилиб оламан”, деди. Бироқ оқланишига ишончи йўқдай кўринди: “қамаб юборишса керак”, деди.

Судланувчи Элёр Тожибоев ўзига нисбатан эълон қилинган айблов тафсилотларини очиқлашни истамади. “Сатторийга боғлиқ бўлса керак-да. Унинг ишини тинимсиз ёритдикку!” деди.

Effect.uz бош муҳаррири: Суд ҳақида ёзмасликка қарор қилдим

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмал Эшонхонов уч журналисти устидан суд бошланганини, сайтида судга оид бирорта ҳам информация берилмаганини тасдиқлаш билан чекланди.

Судни ёритмаслик бош муҳаррир сифатида ўз қарорингизми ёки қандайдир "тепа"дан буйруқ бўлганми, деган саволга Акмал Эшонхонов “Йўқ, ўз қарорим”, деб жавоб берди.

Жимжитлик

Effect.uz сайтининг уч журналисти устидан суд бошлангани ўзбек сайтларининг ҳам назаридан четда қолди. Етакчи маҳаллий нашрлар Олий суд матбуот хизматининг 27 май кунги хабарига ҳам ўрин бергани йўқ.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси телефонини кўтарган ходим Қашқадарёда уч журналист устидан суд бошланганини Озодлик мухбиридан эшитди. Иш ҳақида суриштирганидан сўнг уюшманинг бошқа бир ходими билан гаплашишни тавсия қилди.

Бошқа ходим “Ҳа, хабарим бор. Қашқадарёдаги вакилимиз шуғулланяпти” деди. Қашқадарёдаги вакил билан кун давомида боғланишнинг имкони бўлмади.

Журналистлар уюшмаси мулозими Озодликнинг Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражаси тўғрисидаги саволига “Сўз эркинлиги таъминланиб турибдику” дейиш билан чекланди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) матбуот хизматига қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолди.

Effect.uz сайти журналистлари борасида ўтган ой қилинган мурожаатга жавобан Агентлик матбуот хизмати ходими Аҳмад Юсупов “кечга яқин жавоб тайёрлаб қўйишини” айтган, бироқ айтилган вақтда “раҳбарият бу масала бўйича расмий хат билан мурожаат қилишингиз лозимлигини билдирди”, дейиш билан чекланган эди.

27 май куни Қашқадарё вилоят судида суди бошланган уч журналистдан иккиси Акбар Нуримбетов ва Элёр Тожибоевлар устидан жиноят иши очилиб, қидирувга берилгани Озодликка 7 апрелда маълум бўлган эди.

Бош прокуратуранинг 6 апрелдаги баёнотида бу икки журналист устидан Жиноят кодексининг 236-ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани айтилган.

Фарғоналик Элёр Тожибоев 7 апрелда Озодлик саволларига жавобан, шу йилнинг 12 январида Термиз туман судида бир фуқаро устидан кўрилган ишни ёритишда қатнашганини, бироқ прокуратура баёнотида айтилганидай, ҳамкасби билан судьяга ҳеч қандай босим ўтказмагани, буни ўз вақтида эълон қилинган видеода ҳам кўриш мумкинлигини билдирган эди.

Элёр Тожибоевнинг ҳамкасби, навоийлик Акбар Нуримбетов Бош прокуратура баёноти ортидан ижтимоий тармоқларда ўз баёнотини эълон қилган.

Effect.uz сайти журналистлари устидан бошланган суд Сурхондарё вилояти билан боғлиқ бу йилги биринчи иш эмас. Уч журналистнинг иши нима учун Қашқадарё вилоят судида кўрилаётганини Олий суд ўз баёнотида изоҳламаган.

Маҳаллий расмийларни ўзининг “Халқ фикри” видеоблогида танқид қилгани билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди ҳукми билан шу йил 10 майида олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён журналист ва блогерларни фаолликка чақириб келади. Бундай чақирув давлат раҳбари тилидан 18, 19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган амалий сафари давомида ҳам янграган эди.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича бу йилги рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлаган.

Ташкилот ўтган ой эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 давлат ичида 157-ўринга қўйган. 2020 йилдаги рейтингда Ўзбекистон 156-ўринни эгаллагани эътиборга олинса, бу йил мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳолат ёмонлашгани англашилади.

XS
SM
MD
LG