Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:51

Сайловдан сўнг Андижонда яна чироқ ўча бошлади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Электр таъминотидаги мунтазам узилишлардан хуноби ошиб, 29 ноябрда йўл тўсган андижонликлар яна чироқ ўча бошлаганидан шикоят қилмоқда.

Таъминотда узилишлар бошланганини Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тасдиқлаганини маҳаллий нашрлар хабар қилди.

22 декабрда ўтган сайлов арафасида газ ва электр таъминотида узилишлар бўлаётганига оид Озодликка келаётган хабарлар оқими тўхтаб қолган эди.

Маҳаллий блогер ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар орасида ўтказган сўров натижаларига қараганда, сайловдан сўнг чироқ яна ўча бошлаганини ҳар икки кишидан бири эътироф этган.

- Сайловгача уч-тўрт куни чироқ ўчмади. Сайлов куни ҳам чироқ ёниб турди, фақат газ ўчиб қолди, кейин бир -икки соатларда яна қайта газ бериш бошланди. Сайловдан кейин ҳам чироқ ўчмасдан турсайди, деб орзу қилаётган эдик. Кўз тегди шекилли, сайлов ўтиши билан яна электрда узилишлар бўлаяпти,- деди Озодликка 24 декабрда сўзлаган андижонликлардан бири.

Андижонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган сайловдан сўнг яна чироқ ўча бошлаганини Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳам расман тасдиқлагани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Корхонанинг билдиришича, электр таъминотидаги узилишлар 24 декабрда бошланиб, 29 декабргача давом этади.

Узилишларнинг асосий сабаби сифатида Андижон тумани ҳудудида жойлашган 220/110/10 кВ кучланишли «Юлдуз» подстанциясида 125 000 кВ қувватли 2-куч трансформаторини 200 000 кВ қувватли куч трансформаторига алмаштириш ишлари олиб борилиши билан изоҳлашган.

Бу масалада маълумот олиш учун бир неча маротаба телефон орқали Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо корхонада ҳеч ким телефон гўшагини кўтармади.

22 декабрь куни Озодликнинг Телеграм каналига юборилган видеода Андижонда тунги пайтда кўча чироқлари ёниб турганини, шаҳар маркази байрамона руҳда безатилиб, электр билан ёритилганини кўриш мумкин.

Байрамона безатилган Андижон: Ҳамма ёқ чароғон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:25 0:00

Айни пайтда маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Фарғона вилояти Учкўприк туманида ҳам сайловдан сўнг электр таъминотида узилишлар бошланган.

Озодликнинг Фарғонадаги манбаларидан бири, шаҳарда ҳозирча чироқ ўчмаётганини, аммо қишлоқларда электр таъминотидаги узилишлар сайловлар арафасида ҳам тўхтамаганини айтди.

Риштонлик манба эса: “Интернетда ноябрь охирида Андижонда свет ўчганидан норозилар кўча тўсгани катта шов-шув бўлганидан сўнг таъминот яхши бўлиб қолди. Ўшанда ҳамма блогерлар электр ва газ тақчиллиги ҳақида ёзганди, ҳозир бизнинг туманда свет ўчмаяпти”, деб айтди.

28 ноябрь оқшомида газ ва электр узилишларига норозилик билдирган андижонликлар автомобиль йўлини тўсиб қўйган эди. Озодлик бу воқеа Андижон шаҳрининг Далварзин ва Олтинкўл туманининг Қўштепа маҳаллалари орасидан ўтувчи йўлда бўлганини аниқлаган.

Айни шу куни кечқурун Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида “аҳолидан келиб тушаëтган муаммолар”¸ биринчи навбатда эса¸ газ-свет тақчиллиги масаласида “ўта шошилинч” видеоселeктор йиғилиши ўтказилган эди.

Ўзбекистонда 22 декабрда ўтган сайлов арафасида газ ва электр таъминотида узилишлар бўлаётганига оид Озодликка келаётган хабарлар оқими тўхтаб қолган эди. Амммо сайлов якунланганидан сўнг газ ва электр муаммоси яна қайта пайдо бўлмоқда.

Жумладан, блогер Alimoff сайлов якунланиши билан ижтимоий тармоқда “Сайловдан кейин свет ўчишни бошладими,” деган сўров ўтказган.

Сўровда қатнашган 6747 одамдан 45 фоизи бу саволга “Ҳа, ўчаяпти”, 55 фоизи “Йўқ, ўямаяпти”, деб жавоб берган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG