Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:40

Президент ва Алвастикўприк: Мирзиёевнинг “маҳаллабай" бошқаруви


Президент Мирзиёев Риштондаги кулолчилик марказида. 2021 йил, 4 февраль.
Президент Мирзиёев Риштондаги кулолчилик марказида. 2021 йил, 4 февраль.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февралда ўтказган видеоселектор йиғилишида Андижон вилоят ҳокимидан Шаҳрихон туман, Қўрғонча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги узунлиги бир неча метрлик кўприк қачон таъмирланишини сўради.

Ўтган ҳафта охирида Фарғона вилоятига сафари чоғида президент кутилмаганда Фарғона шаҳридаги “Шодиёна” маҳалласига борди, аҳоли билан учрашди, бошқа бир тадбирда ҳар бир маҳалладаги аҳволдан хабардор эканлигини билдирди.

Кейинги пайтларда расмий лексиконда янги “маҳаллабай” сўзи пайдо бўлди.

Президентнинг маҳалла даражасига “тушиши” юқори бошқарувда нимадан далолат беради?

Шаҳрихон туманидаги Файзобод маҳалласи аҳли Алвастикўприк деб атайдиган эни бир, узунлиги ўн метрга етиб-етмайдиган кўприкка Шавкат Мирзиёев шахсан эътибор бергани тўғрисида давлат раҳбарининг расмий сайтидаги хабарда ҳеч нарса дейилмаган.

Мирзиёевнинг Алвастикўприк юзасидан вилоят раҳбаридан изоҳ сўраганига Kun.uz эътибор қаратди. Чунки бу кўприкнинг яроқсиз аҳволга тушиб қолгани тўғрисида айнан шу нашр хабар 1 февралда хабар қилган эди.

Сайтнинг хабар қилишича, “давлат раҳбари бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ соҳа мутасаддиларига вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда 5,5 мингга яқин таъмирталаб катта-кичик кўприкларни реконструкция қилиш бўйича «манзилли дастур»ни тасдиқлаш вазифасини топширди. Президент бунинг учун аввало ишчи гуруҳи тузилиб, икки ҳафта муддатда барча кўприклар қайта хатловдан ўтказилиши зарурлигини таъкидлади”.

“Кўприк хатлови”га Алвастикўприк ҳақидаги хабар сабаб бўлдими ёки аксими – бу номаълум. Бироқ президент интернетни кузатиши, ҳатто шарҳларни ўқиши кўпчиликка маълум.

Uzbekistan - Shavkat Mirziyoev
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:40 0:00

Президент Фарғона вилоятига ўтган ҳафтада қилган сафари давомида ички чўнтагидан иккига букланган қоғоз чиқариб, мулозимларга “Ҳар бир маҳаллани мен номи билан олиб келганман, самолётда ҳам ўргандим ҳар битта маҳаллани”, деди ва ҳокимларга ўша маҳаллалар аҳлини рози қилишни топширди.

Президент раҳбарлардан бирига юзланиб: Мана сен, Ниёзов, мана шу маҳаллаларда одамлар биздан рози деб ўйлайсанми, норози! Норози! Ё розими, норози! ,деди.

Қўл билан бошқариш "санъати"?

Давлат раҳбарининг қишлоқ кўприги ёки маҳаллалар даражасига “тушиши” унинг кучлилиги белгисими ёки ҳокимлар корпуси заифлигими? Умуман, бундай қўл билан бошқариш қанчалик самарали?

Бу саволга ЎзТВнинг узоқ йиллик сиёсий шарҳловчиси, таниқли журналист Турсун Қоратоев жавоб берди:

“Йўқ. Бермайди. Фарғонадаги воқеадан кейин ҳозир ижтимоий тармоқларда “Ҳурматли президент, бизнинг ҳам маҳалламизга келсангиз, аҳволимизни кўрсангиз”, деган мурожаатлар кўпайиб кетди. Бу жойлардаги шу ишларни қилиши керак бўлганларнинг бефарқлиги оқибатидир”.

Телешарҳловчи чоршанба куни ўтказилган йиғилишда президент вазирларга берган яна бир топшириққа ҳам шубҳа билан қарашини яширмади:

“Вазирларга шанба- якшанба Тошкентда бўлиб, қолган кунларда вилоятларга чиқасан дейилди. Бу нарса самара бермаслиги, қуруқ сўз бўлиб қолиши турган гап”.

Навоий вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Исмоил Оспанов ҳам қўл билан бошқариш усули самарасиз эканлигини айтади:

"Бу жуда нотўғри усулдир. Бундай ҳолатларни жуда кўп кўряпмиз. Президентнинг қишлоқ кўпригини гапириши популизмдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ўша кўприк президент гапирадиган даражада давлат аҳамиятига эга эканми? Ёки бир маҳаллага кириб, "нега бу йўллар аҳволи ёмон?" дейди. Бундай ҳолатларни ҳар жойда кўряпмиз. Давлат раҳбари даражасида арзимайдиган нарсаларга арлашишини, масалан, товуқ боқсангизлар бойиб кетасизлар дегандай гапларини эшитяпмиз, кўряпмиз..."

Ислом Каримов яшаган уй олдидаги ўнқир-чўнқир кўча

Турсун Қоратоев президент чекка қишлоқларнинг ободонлиги ҳақида гапираётган бир пайтда Тошкентнинг қоқ марказида, собиқ президент яшаган уй олдидаги кўча ҳам йиллардан буён қаровсиз эканлигига эътибор қаратди:

“Чиқиндиларнинг олинмаслиги, кўчаларнинг ўнқир-чўнқирлиги каби муаммолар мамлакат бўйлаб ўта катта. Мен ўзим Ипак йўли метросидан 500 метр нарида тураман. Ислом Каримов ҳам ўша жойдаги домлардан бирида, иккинчи қаватда яшаган. Президент трассасидан 300 – 400 метр ичкаридамиз. Кўчамизнинг ўнқир-чўнқирлигини кўрсангиз эди... Бу ҳақда неча марталаб ёзганмиз, неча марталаб айтганмиз. Йиллардан буён ўзгариш йўқ. Бу марказдаги аҳвол. Вилоятлардаги, чекка жойлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг. Уларни ким ўйлайди? Ҳар бирига президент бора олмайдику?! Шунинг учун ҳам бошқарувнинг бу усули самара бермайди, деб ҳисоблайман. “Обод маҳалла” дастури эълон қилинганига ҳам бир неча йил бўлди. Дастур ишламаяпти. Ўзим яшайдиган кўча бунинг яққол мисоли. Чекка жойлардагиларнинг дод-войини эса, эшитадиган одам йўқ”.

Чекка қишлоқдан келган хабар

Турсун Қоратоев билан суҳбат қилиб турганимизда почта у киши тилга олган чекка қишлоқлардан биридан “Обод маҳалла” маҳалла мавзуига доир хабарни олиб келди.

Қашқадарё вилоят Косон туманидан келган суратли хабар муаллифининг иддао қилишича, “Обод маҳалла” дастури тадбиркорлар, корхона ва ташкилотларга норасмий солиқ солишу гўёки қилинган ишлар тўғрисида қалбаки фотоҳисоботлар тайёрлашдан иборат бўлиб қолган.

“Косонда “Обод маҳалла” дастурига тушган маҳаллаларга маҳаллий бюджетдан миллиардлаб сўм ажратилишини эшитганмиз. Лекин ўша маблағлар ишлатилганини билмаймиз. Асосий юк тадбиркорлар зиммасига тушмоқда. Мана, куни кеча имконияти яхши тадбиркорларга 10 тадан, имконияти бундайроқларга 5 тадан уй бўлиб берилди. Масалан, Ширинтепа маҳалласи дастурга кирган. Чекка маҳалла. Тадбиркорлардан уйларнинг кўча тарафинигина оқлаб бериш талаб қилинди. Бундан ташқари банклар, халқ таълими, мактабгача таълим, ФҲДЁ бўлимларига ҳам 5 тадан, 10 тадан уй бўлиб берилган”.

Бу хабар муаллифидан бир неча сурат ҳам келди. Улар, муаллифнинг айтишича, 10 февралда олинган ва суратлардан бирида маҳаллий хотин-қизлар, туман ободонлаштириш корхонасида ишловчи аёллар акс этган, туман ҳокимлиги мулозими улардан катта йўлни супураётгандай бўлиб туришни сўраган.

Қашқадарё вилоят, Косон тумани. 2021 йил, 11 февраль.
Қашқадарё вилоят, Косон тумани. 2021 йил, 11 февраль.

Иккинчи суратга муаллиф мана бундай изоҳ ёзди:

“Бу суратдаги газ ходимларига ҳайдалган ерда расм тушиш учун кетмон ушлаб туриш айтилди. Эътибор қилсангиз, ҳеч қандай иш қилингани йўқ, номигагина кетмон ушлаб туришибди. Кўзбўямачилик бўляпти, холос”

Қашқадарё вилоят, Косон тумани. 2021 йил, 11 февраль
Қашқадарё вилоят, Косон тумани. 2021 йил, 11 февраль

Шарҳловчи Турсун Қоратоевнинг айтишича, Мирзиёевнинг "ура-уралар вақти ўтгани" ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, Ислом Каримов бошқаруви давридаги кўзбўямачиликлар давом этмоқда.

"Ура-уралар вақти ўтди, энди иш қилайлик, деб айтиляпти. Бундай чақириқлар Ислом Каримов даврида ҳам бўлган. Жойларга президентгина эмас, вазирлар борадиган бўлса ҳам уларнинг бориши олдиндан белгилаб қўйилади. Ҳатто туман ҳокимлари учун ҳам улар борадиган жойлар олдиндан супуриб-сидириб қўйилади. Раҳбарлар бундай кўзбўямачиликсиз ҳақиқий аҳволни кўриши керак. Президентнинг соати ҳам бир кеча-кундузда 24 соат кўрсатади. Ҳаммасига улгурмайди. Жойлардаги раҳбарларга инсоф берсин".

Қонунларда президентнинг ваколатлари белгилаб қўйилган. Маҳалла даражасидаги ишлар давлат раҳбари шуғулланадиган вазифалар қаторига кирмайди. Балки бу Шавкат Мирзиёев эгаллаб турган лавозими даражасига кўтарила олмагани оқибатидир? Турсун Қоратоевнинг фикрича, Мирзиёев жойлардаги раҳбарлар ишидан қониқмаётан бўлиши мумкин.

“Йўқ, у киши ҳам жойлардаги ишлардан хабардор бўлса керак. Бу унинг жойлардаги раҳбарлар ишидан қониқмаганидан. Конституцияда белгилаб қўйилган чегарадан чиқишининг сабаби шу”.

Навоий вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Исмоил Оспанов эса ўз назарида жорий воқеъликни юзага келтирган бошқа омилларни ҳам тилга олди.

"Бу ерда гап Мирзиёевнинг шахсий сифатларида ҳам, ижроия аппаратининг заифлиги, интизомсизлигида ҳамдир. Шавкат Миромонович туман ҳокимлиги даражасидан кўтарила олмаган шахс, деб биламан. Шаҳарда (Тошкентда демоқчи – таҳр.) ишлаганида ҳам билардим у кишини. Кейин иккита вилоятда ишлади. Зўрлик-зўравонлик, ўзини кўрсатишга интилиш, кўча супутириш, уйларни оқлатиш, бўятиш билан шуғулланиб юрган одам. Иқтисодиёт билан, жиддий масалалар астойдил шуғулланган эмас. Афсуски шундай...", - дейди собиқ мулозим.

Ижтимоий тармоқларда кўплаб ўзбекистонликлар президент Мирзиёевнинг Фарғонага сафари чоғида қилган "маҳаллага юриши"ни унинг сайловолди кампанияси билан боғлашган.

9 февраль куни Мирзиёев Президент Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга мувофиқ, бу йилги президент сайловлари 24 октябрда ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG