Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Президентлар қизлари Саида ва Гулнора илган лағмон. Тармоқни титратган трендлар


TikTokдаги расмлардан йиғилган коллаж
TikTokдаги расмлардан йиғилган коллаж

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик ўтган ҳафтада тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка ТiкТок ва Инстаграмда минглаб обуначиларга эга блогер Диëра Абдужабборова ҳамроҳлик қилди.

Диëра Абдужабборова
Диëра Абдужабборова

Миллионлаб ўзбекларнинг ақли - шуурини банд қилган тармоқнинг олтита платформасидаги ўзбекларга аталган контентларни кузатамиз: Facebook, Instagram, TikTok¸ Тelegram, Тwitter ва YouTube.

Ҳоким тилаб олган соҳибжамоллар

-Аввалига йўл кўрсатувчи пилигрим Диëрага сўз берамиз. Бу уммонда ҳафта ичи барчани мафтун қилган энг катта долғалар нима эди?

-Ассалому алайкум ҳаммага. ФБ да Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг 50 та бўй-басти келишган дуркун қизларни Олий таълим вазирлигига буюртма қилгани машҳур бўлди. Аэропортда келган меҳмонлар олдига атлас лозим кийиб, гул кўтариб чиқиш учун танланган соҳибжамол талабалар. Тармоқдагилар Азон.уз муассиси Мубашшир Аҳмадни нгДин ишлари қўмитасидаги собиқ СНБчи Дилшод Эшнаев сўкканини ҳам эринмай муҳокама қилишди. Кеча Абдуқодир (Олий таълим вазири Тошқулов-таҳр. ) чиқиш қилиб, “гул қизларимизни гул кўтариш учун бермаймиз” дегани ҳам тармоқда айланди. ФБда эса, беш йил олдин ўлган президент қизи Гулнора ва ҳозирги президент қизи Саиданинг лағмон ëйган расмлари кўпроқ овоза бўлди.

-Ўзбек ëшлари ва шоу бизнес аҳли эртадан кечгача ўтирадиган Инстаграм ва ТикТокда кечган хафта мобайнида нималар трендга чиқди?

-ТiкТокда қизлар эрга тегиш учун ҳижобга кираëтгани тренд бўлди. Менам шу ҳақида видео қилдим. ТiкТок қадимчи диндорлар билан неожадид секулярлар ўртасидаги мухораба майдонига айланди. ИШИД қора байроғини аватарига қўйиб, бемалол ҳалифалик тузишни тарғиб қилиб ëтишибди. Уларнинг устидан секульярлар кулиб ташлаган. Инстаграмда бирорта ҳам сиëсий мавзу йўқ. Инстаграмнинг ўзбек сегментини назарда тутяпман. Donik билан Gonzo ўртасидаги даҳанаки урушни ҳамма кузатиб ўтирди. (Donik энг бой ўзбек вайнери, Gonzo бўлса маддоҳ блогерларни устидан кулиб ташлайдиган машҳур тиктокчи) Ашулачиларнинг расмлари. Луизанинг думбаси ҳам энг кўп муҳокама бўлди. Инстадан кўра¸кўпроқ ТикТокда ҳаëт қизиқарли. Масалан, Аннушка деган ўзбек тиктокчи қиз “нега ўзбеклар ҳақиқатни яхши кўрмайди” деган скетч чиқарди. Кўп одам кўрди. Лавҳа мавзуси мана бундай: қизини турмушга бермоқчи бўлган оиладаги хотин-халаж бўлғуси куëвни билиш учун у яшайдиган маҳаллага жосус юборади. Бўлғуси куëв тарафи эса, маҳалла аҳлидан ўзи ҳақидаги ҳақиқатни айтмай фақат мақташни сўраган. Аннушка эса, қуда тараф жосусларига ҳақиқатни айтади. Куëв боланинг акаси ўғриликда айбланиб, срок мотат қилган. Ўзи эса, ҳайвонларга азоб берадиган живодер. Олдинги хотини калтакларга чидамай кетиб қолган. ТiкТокчи Аннушка боис тўй қолдирилди.

Ҳамма ТiкТокда

Тошкентлик журналист ва ўқитувчи Никита Макаренконинг ëзишича, талабалари орасида фақат бир талабанинг қачондир Facebookда ҳисоби бўлган. Қолган ҳаммаси ТiкТокда. ТiкТок тармоғи 2 йилдан сал ошиқ вақт ичида бир миллиардга яқин мухлис тўплади. Таққослаш учун - Instagram 1 миллиард фойдаланувчини 10 йил мобайнида йиққан эди.

TikTok
TikTok

Ёш бўлишига қарамай, миллионлаб аудиторияга эга блогер, вайнер, тиктокерлар авлоди улғаймоқда.

ТикТокнинг ўзбек сегментидаги Элнора исмли қиз қисқа вақт ичида 1 миллион обуначига эга бўлди.(ТикТок очилганига 2 йил бўлди- таҳр.) Диëра Абдужабборовага кўра, YouTube порталида бу сондаги обуначини йиғиш учун камида 10 йил керак бўлади.

Тармоқда энг кўп кўрилган сурат
Тармоқда энг кўп кўрилган сурат

Президент қизлари илган лағмон

SММ-менеджер Ноила Қутлиеванинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг лағмон чўзаëтгани акс этган сурат жорий иқтидор ва авторитар режимларни парваришлайдиган афкор омма юзига тутилган кўзгу бўлди:

“Онг ости ҳаракати, деган илмий тушунча бор. Саида Мирзиëева ҳали оддий мулозимнинг ўсмир қизи бўлганидаëқ биринчи президент қизи Гулнора Каримованинг юриш-туришига чандон ҳавас қилган. Айтишларича, Мирзиëевнинг хотини Зироат Мирзиëевагина Гулнора Каримова ўтказган баъзи тусовкаларда қатнашишига изн берилган. Бу “бахт”дан Шавкат Мирзиëевнинг қизлари мосуво бўлган. Гулнора Каримова атрофидаги бомонд учун Мирзиëевнинг қизлари, шунчаки “қишлоқи” эди. Мана энди, Инжилда айтилганидек, “охирги туя биринчи бўлган” пайтда Саида Мирзиëева онг остида тўпланиб қолган орзуларини амалга оширяпти. Айнан Гулнораники каби кўйлак кийиб чиқди. Айнан Гулнора каби лағмон чўзди. Гулнора каби фонд тузди. Фрейд айтган руҳий мажруҳлик аломати бу.”

Саида ва Гулнора
Саида ва Гулнора

Айни пайтда тармоқнинг олтита платформасига қўйилган “Лағмон чўзатган президент қизи” сурати остига миллионлаб лайк босиб улашилган.

Шоир ва тармоқ фаоли Шукур Жаббор эса, “айланиб, ўргилиб маликага талпинадиган қавмдан” нафратланганини яширмади:

“Саиданинг лағмон чўзаётганига 12 мингталаб лайк босган бу пахтакор, жирканч, ялоқи оломон бир оддий адабиёт ўқитувчисининг Навоий ғазаллари шарҳига биттаям лайк босмаган.

Сенлар билан бир ҳаводан нафас олаётганимдан, замондош ва ватандош бўлганимдан афсусланаман, албатта!”

Яна бир тармоқ фаоли Мирза Анвар эса, кам сонли ойдинлар фикрини шеърга тизди:

Лағмонлар чўзади менинг қизгинам,

Уларни ёғлайман, осаман сўнгра.

Устозим йўлини тутганман мен ҳам,

Иста, қаҳқаҳа от, истасанг ҳўнгра!

Тармоқдаги сурат
Тармоқдаги сурат

Ленин Тошкент ҳокимига нега қарши ?

Тармоқда советлар иттифоқи асосчиси¸ коммунистик партия доҳийси Владимир Ленин қиëфасидаги кишининг Тошкентдаги “Мовий гумбазлар” кафеси олдида туриб, шу кафе ва атрофидаги боғ бузилишига қарши петицияни имзолаган сурати фавқулодда машҳур бўлди.

"Ленин" Тошкентда
"Ленин" Тошкентда

Тошкентдаги «ЦУМ» қаршисида жойлашган «Мовий гумбазлар» хиёбонида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб «Истиқлол» мажмуаси қурилишига қарши имзо кампанияси бошланди.

"Мовий гумбазлар" ҳимояси учун пикет
"Мовий гумбазлар" ҳимояси учун пикет

Аввалига Тошкент ҳокимлиги бу боғдаги бирор дарахт кесилмайди, деб баëнот берди. Уч кун ўтиб эса, боғда камида 500 туп дарахт кесилиши айтилди.

Ижтимоий тармоқ фаоли Макаренко ўзининг Facebook саҳифасида Тожикистон марказидаги “Истиқлол стелласи” деган фаллосни эслатувчи китч монумент копияси “Мовий гумбазлар” ўрнига тикилиши ҳақида ëзди. “Мовий гумбазлар” бузилишига қарши имзо тўплаш ташаббускори, журналист Фарида Шариф эса¸ “Булар фақат бир-биридан кўчирадиган иккичилар. Душанбедаги стелла Ашхободдаги монументдан кўчирилган” дея кесатди.

Ашхободдаги монумент
Ашхободдаги монумент

Очилдининг сири очилди

Youtube ва ТiкТокда Тошкент вилояти «Қашқарлик» маҳалласи, Ҳожи Ота масжиди имом-хатиби Очилди Рашидовнинг тазарруси муҳокама қилинди. Имом Очилди Рашидов Ўзбекистондаги русийзабон аҳолини “алкаш ва фоҳиша” дегани учун узр сўраган. Тармоқларда ëзилишича, Мусулмонлар идораси Очилди Рашидов қўлидан эҳсон қутиси калитини олиб қўйиб, хайфсан эълон қилган. Бундан олдин имом ўз ваъзида исмлар масаласига тўхталиб, “агар ичкиликбоз бўлса – Петр ёки Александр, енгилтабиат бўлса – Маша ёки Наташа” бўлади" деб таъкидлагани жамоатчилик танқидига сабаб бўлган ва тармоқларда муҳокама қилинган эди. Бунинг ортидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “миллатлараро ва диний низоларга олиб келиши мумкин бўлган вазият яратилишига сабаб бўлган имомга чора кўрилгани” ҳақида расман баёнот берган.

Кечирим сўраëтган имом
Кечирим сўраëтган имом

Сиëсат кўз ëшларга ишонмайди

Уч ҳафтадирки, тармоқнинг олти платформаси Ўзбекистон президентлигига номзодини қўйган ягона ўзбек¸ ўтган йил охирида диний эътиқоди боис қўшиқчиликни тарк этганини айтган Жаҳонгир Отажоновнинг ҳар бир қадамини муҳокама қилмоқда.

Жаҳонгир Отажонов
Жаҳонгир Отажонов

Ўтган ҳафтада хонанда Юлдуз Усмонова Жаҳонгир Отажоновнинг президентлик амбициясини масхара қилиб чиқди. YouTubeда 200 мингдан зиëд обуначиси бўлган Eltuz канали бу жараëн ҳақида гапириб, саркастик оҳангда Отажоновни қўллаб-қувватлагандай бўлди. Бу ролик нашрнинг Инстаграмдаги сайтига ҳам жойланди. Отажонов эса, бу роликдан қаттиқ ҳақоратланганлигини айтиб, тушкун кайфиятда видео чиқарди. Видеода у ўзини масхара қиладиганлардан ошиғич хафа бўлганини айтиб, ўзининг ҳали қорилар сафига қўшилмай, “светский” ҳаëт кечираëтганлигини писанда қилди. Шу билан бирга, Жахонгир Отажоновнинг “Думбадзе” тахаллуси билан машхур “ТикТок қироличаси”, актриса Луиза Расулова билан “юмурта барак” ҳақидаги шакаргуфтор суҳбати ҳам тармоқда айланди.

Сайлов яқин
Сайлов яқин

Сайлов мавзуси у ëки бу шаклда тармоқларда ëритилди. Суҳбатдошимиз Диëра Жабборова “сайлов декабрдан октябрга кўчирилганини бутун вужуди билан қўллаб-қувватлаëтган Ойша хола" эмоцияси тасвирланган ҳажвий видео скетчни ТикТокда тақдим қилди.

ТикТокчи Диëра Жабборова "Сайлов" скетчи билан
ТикТокчи Диëра Жабборова "Сайлов" скетчи билан

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

Skype: OzodSkype; OzodOvoz; OzodlikOnline

XS
SM
MD
LG