Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:59

"Ҳозир танлов пайти: ё фаол бўламиз ёки кечаги кунга силлиққина қайтамиз".


OzodTarmoqда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, Озодлик тингловчиси (ўқувчиси, томошабини) қизиқишини уйғотиши мумкин матн, аудио ва видеоларни бериб борилади.

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида блогер Муҳаммад Шакур 14 сентябрда ўз Facebook саҳифасида эълон қилган​ пост эътиборингизга ҳавола қилинади. Матн таҳрирсиз берилмоқда. Стилистика ва имло муаллифники.

***

ДОИМ ОПТИМИСТ БЎЛИБ КЕЛГАНМАН, АММО...

Чамамда, оммани яна эски қўрасига – мажбурий жимлик муҳитига қайтариб киритиб қўйишга уриниш бошланди. Президент алмашгандан кейинги, ошкоралик пайдо бўлгандан кейинги биринчи шокдан кейин ҳаммасини эскича ҳолга қайтаришни истаётганлар энди ўзларига келишни бошлашди.

Жимлик муҳитида жимгина, “яхшигина” яшаганларни – ҳар ким ўз ўрнида ишламасдан “ишлаганлар”ни, ўғирлик, порахўрлик ва бошқа билан кун кўрганларни қайсидир маънода тушунса бўлади – улар шунга ўрганишган. Улар яна ҳаммаси аввалгидек бўлишини исташади ва бу табиий – дунёқарашни, ориентирларни, приоритетларни ўзгартириш дарров юз берадиган нарса эмас (ким учундир ҳатто бу имконсиз – кимдир шу ҳолида оламдан ўтади).

Бу тоифанинг дунёқарашини ўзгартириш учун оммавий ҳаракатлар зарур. Жазолаш, қўлига уриш, “ишинг нотўғри” деган руҳ билан суғорилган муҳит ҳамда вақт керак бунга. Аммо...

Ҳаммаси эскича қолишини истайдиганлар ичида ҳозирда нафақат майда одамлар – катта одамлар ҳам бор. Уларнинг таъсири катта бўляпти ва айнан шулар оғизларни ёпиш, жимликни бузувчи одамларга депутат бўлишга йўл бермаслик, ОАВларга таъсир ўтказиш ва бошқа “чоралар”ини кўришяпти. (Бу ишлари пировардида ўзларига ёмон бўлиши – охиратларига ёмон заҳира йиғаётганларини улар билишмайди).

Ва айнан шу учун ўша муҳит – даволовчи муҳит юзага келиши қийин бўляпти. Яъни ишлар аксинча бўляпти.

Тунов куни сўконғичлиги билан танилган ҳокимларга орден берилишини танқид қилиб чиққан блогер Нодирбек Ҳожиматовни 10 суткага қамашибди. Бу ўша тоифа одамларнинг савия даражаси ва табиий реакцияси – асло хайрон бўларлик иш эмас аслида.

Аммо бунақа ишлар тенденцияга айланса, воқелигимизга айланиб қолса – фожиа шунда қад кўтаради.

Ҳозир танлов пайти: ёки жамоатчилик фаол бўлиб, бу тенденцияга барҳам беради, ёки кечаги кунга силлиққина қайтамиз. Бойлик йиғишдан ва ҳукмрон бўлишдан бошқа ғами йўқ паст савиялилар тоифаси яна устимизга ҳукмрон бўлади, адекват одамлар юртдан кўчиб кетиши давом этади.

Тарихнинг бир нуқтасида эси борлар фаолсизлиги оқибатида бир пайтлар эси пастлар жамият устига келишган. Ва ўша пайтдан таназзул бошланган. Ачинарли вазиятимизнинг дебочаси ўша пайтларга бориб тақалади.

Ва айнан ўша пайтда ўша тоифа динни ҳам ўз майлига бўй сўндиришни бошлаган – ўша пайтдан бошлаб ҳукмдорларнинг қайфиятига бўй сўнган “уламо”лар пайдо бўлган.

Ҳозирда глобал, шу тобда бонг уриш керак бўлган муаммолар қолиб, сенату парламентимиз нималар билан банд эканлигини кўриб турипмиз. Бу ҳам ишлар кимга қолганидан дарак.

Эс-ҳуш бекорга берилмайди, бошқа неъматлар сингари жавобгарлиги бор.

XS
SM
MD
LG