Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

“Уруш майдонида” яшаётган мурунтовликлар тезроқ кўчиб кетишни истамоқда (ВИДЕО)


Портлашлардан кўтарилган чанг-тўзон Мурунтов посёлкасига (суратда) ёпирилади.
Портлашлардан кўтарилган чанг-тўзон Мурунтов посёлкасига (суратда) ёпирилади.

Посёлкадан бир чақирим наридаги олтин конида ҳафтасига 5-6 марта портлатиш ишлари амалга оширилади. Оқибатда уйлар деворларида ёриқлар ҳосил бўлган. Ҳавони чанг-тўзон қоплайди. Атроф-муҳит ва сув ифлосланади. Одамлар портлашлардан юрак олдириб қўйган, айниқса, болалар жуда қўрқади.

Бу Навоий шаҳридан 200, Зарафшон шаҳридан 40 чақиримлик масофада жойлашган, 6 минг кишилик аҳолиси кўчиб кетишни истаётган Мурунтов посёлкасидаги шу кунлардаги вазият тасвиридир.

Вилоят расмийларига кўра, посёлкани кўчириш режаси мавжуд, бироқ бу жараённинг қачон бошланиши ҳозирча номаълум.

“Худди уруш майдонида яшаётгандаймиз”

Мурунтовлик уй бекаси, 40 яшар Гуля Гафиатуллина Озодлик билан 14 февралдаги суҳбат давомида шаҳарчадаги вазиятни тасвирлар экан, “худди уруш майдонида яшаётгандаймиз”, деди.

Гафиатуллина айтаётган вазият янгилик эмас, ҳар ҳолда Озодлик учун янгилик эмас. Мурунтовликларнинг овулдаги аҳвол ҳақидаги хабари SizdanTelegramда 2019 нинг сентябрида эълон қилинган эди.

Хабар чиққанидан буён ўтган 5 ой ичида, Гафиатуллинанинг айтишича, фақат бир нарса ўзгарди: портлашлар сони ҳафтасига 3 мартадан 5-6 мартага етди:

- Портлашлар кучи кун сайин ортиб бормоқда, деярли ҳар куни 1 марта, ҳафтасига 5 - 6 марта портлатишаяпти.

Худди шундай гапни яна бир мурунтовлик аёл такрорлади. Рус тилида гапирган бу аёл кондаги ишидан айрилиб қолишдан қўрқиб исми айтилишини истамади.

Мурунтовлик бу икки аёлдан конда портлаш амалга оширилаётган пайтда олинган видеолар ҳам келди. Аёлларнинг айтишича, видео Зарафшондан Мурунтовга қараб кетаётган машинада туширилган. Унда портлашдан кўтарилган чанг-тўзонни кўриш мумкин. Яна бир кадрда шлагбаум олдида тўхтаб турган машиналар кўринади. Видео муаллифининг айтишича, транспорт ҳаракати портлатиш ишлари амалга оширилаётган пайтда тўхтатиб қўйилади.

Аҳоли яшайдиган ҳудуддан 2 километр узоқликда портлатиш ишлари олиб борилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

Вилоят ҳокимлиги Мурунтовдаги аҳволни билади

Гуля Гафиатуллинанинг сўзларига қараганда, вилоят раҳбарлари мурунтовликлар муаммоларидан хабарсиз эмас:

- Январда Навоийдан комиссия келди. Кон идорасига аҳолини тўплаб йиғилиш ўтказишди. Анализлар оламиз, натижаларига қараб, чиндан ҳам бу ерда яшаш хавфлими-йўқлигини аниқлаймиз, дейишди. Ўшанда Хошимов деган амалдор, қандай лавозимда эканлигини билмайман, сизларни албатта кўчирамиз, деб ваъда берган. Бирор жойга арз қилишимиз билан комиссия келаверади. Лекин наф йўқ. Комиссия келишидан кон раҳбарияти дарров хабардор бўлади ва ўша кунлари портлашлар заифроқ бўлади.

Мурунтовдаги аҳволни Сенат ҳам билади

Олий Мажлис Сенати 2019 йилнинг 14 декабрида қабул қилган қарорга биноан, “Навоий кон-металлургия комбинати”га қарашли очиқ конлар билан чегарадош бўлган Учқудуқ туманидаги Кокпатас ва Зарафшон шаҳри яқинида жойлашган Мурунтов овулидаги қарийб 1000 та хонадон бошқа жойга кўчирилиши лозим.

Қарорда “Навоий кон-металлургия комбинати”га қарашли очиқ конларда доимий равишда бурғулаш ва портлаш ишларининг олиб борилиши оқибатида ушбу ҳудудда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайгани сабаб аҳолини кўчириш лозимлиги қайд этилган.

Сенат қарорида жорий йилнинг 15 январига қадар қарор юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижроси юзасидан 20 январга қадар Сенатга маълумот тақдим қилиш белгилаб қўйилган.

Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (Т.Мадумаров) мазкур Қарор ижросининг боришини 2020 йилнинг 1 июнига қадар халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши билан биргаликда қўшма мажлисда жойига чиққан ҳолда муҳокама қилиши кўрсатиб ўтилган.

Мурунтовликни кўчириш қачон бошланиши номаълум

Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабовнинг 14 февралда Озодликка билдиришича, Мурунтов масаласи бўйича яқинда :

- Ҳукуматдан тузилган Ишчи гуруҳ келиб кетди. Пул ажратилади. Алоҳида уй қурилади ва уй битгач кўчирилади. Бу ишларнинг ҳаммаси вақт талаб қилади. Қуриладиган уй, инфратузилмалар ўтов эмаску, тезда битириб, кўчириб қўядиган?!

Дилшод Мамаражабовнинг айтишича, мурунтовликларни кўчириш қачон бошланиши тўғрисида шу кунда тахминий муддатни ҳам айтиш қийин.

- Ҳозир улар яшаб турган жойда ҳам мактаби бор, касалхонаси бор, боғчаси бор. Одамларни кўчириш учун олдиндан шароит яратиш керакку! Ҳозир шу ишларнинг барчаси дастурга киритилган. Ҳамма нарса битгач, кўчирилади, - деди Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов.

Гуля Гафиатуллина ва бошқа мурунтовликлар ҳам ўтган асрнинг 60- йилларида геологлар учун вақтинчалик тураргоҳ сифатида пайдо бўлган посёлкада шу кунда бир эмас, икки мактаб, бир эмас, икки боғча борлигини айтишди. Лекин улар мактаб ёки боғчанинг бор-йўқлигидан эмас, портлашлардан чарчаганидан кўчиб кетмоқчи.

Бошқа бир ҳудудда кўчирМАСликларини талаб қилишган эди

Уйи бузилишига қаршилар Навоий ҳокимлиги олдида намойиш ўтказди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:49 0:00

Озодлик бундан бир ой муқаддам “Навоий кон-металлургия комбинати” билан боғлиқ бошқа бир ҳудуд аҳолиси муаммоси ҳақида хабар қилган эди. Шаҳар ҳудудининг санитар зонасида бир вақтлар берилган дала ҳовлиларда яшаётганлар, мурунтовликлардан фарқли ўлароқ, кўчирмасликларини талаб қилиб чиққан, Навоий вилоят ҳокими аҳоли билан учрашиб,1 ой ичида норозилар талабини жиддий ўрганишга ва ҳеч кимнинг уйини эгасининг розилигисиз бузмасликка ваъда берган эди.

Ваъданинг ижроси ҳақида маълумот топиб бўлмади.

XS
SM
MD
LG