Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Қашқадарё ҳокимлиги: Миришкор ҳокими билан боғлиқ икки ҳолатни прокуратура ўрганиш учун назоратга олди


Миришкор туман ҳокими Равшан Комилов
Миришкор туман ҳокими Равшан Комилов

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов Миришкор туман ҳокими Равшан Комиловнинг овози ёзилгани иддао қилинган ва Озодликда эълон қилинган аудио юзасидан текширув бошланганини kun.uzга баёнот берди.

"Бу ҳолатни яширишнинг, хаспўшлашнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси аён кўриниб турибди. Ҳозир бу ҳолат прокуратура томонидан олдинги ҳолат билан қўшиб ўрганиш учун назоратга олинган. Расман ўз тасдиғини топса, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 баравари миқдорида жарима қўлланиши мумкин" деган Аҳрор Содиқов.

Миришкор туманининг Жейнов ҳудудида, далада ёзиб олинган аудиода, ҳоким деб айтилаётган шахс, фермерларни пахтани культивация қилмагани, дориламагани ва суғормагани учун таҳқирлайди, уради, сўкади.

Аудиони Озодликка жўнатганларнинг айтишича, ундаги воқеа "думбул можароси"дан олдин - августнинг охирида бўлган.

Бироқ Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Файзулла Эшқуловнинг kun.uzга айтишича, аудиода акс этган воқеа бундан 6 йил муқаддам бўлган.

"Бугунги мақолага сабаб бўлган, «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, туман ҳокимининг фермерга бераётган танбеҳи билан боғлиқ воқеалар бундан роппа-роса олти йил аввал ёзиб олинган. Барчангизга маълумки, бундан беш-олти йил аввал пахта сиёсати йўлида ҳеч ким аяб ўтирилмаган. Ҳокимнинг фермерга танбеҳ бериш воқеаси олти йил аввал Чироқчи туманида содир бўлган. Аламзада кимсалар эса бу эски воқеаларни ижтимоий тармоқларда кўрсатиш орқали бугунги кунда иш ва одамларга муносабат услубини ўзгартирган ҳокимга қарши иш қилаётганлари сезилиб туради" деган Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Файзулла Эшқулов.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеода Равшан Комилов бир бобони неваралари билан бегона даладан думбул ўғирлаганликда айблаб, ҳақоратлагани акс этган эди. Жараённи туман маъмурияти раҳбари ўзи видеога олган.

Бу видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлганидан сўнг, Равшан Комиловнинг ўзи бу қилмиши учун президентдан узр сўраган эди.

XS
SM
MD
LG