Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

“Легитимликка лойиқ бўлиш керак”. Ғарб давлатлари Толибон ҳукуматини тан олишга шошилмаяпти


Толибон сўзчиси Забиҳулла Мужоҳид Кобулдаги матбуот анжуманида. 7 сентябрь, 2021
Толибон сўзчиси Забиҳулла Мужоҳид Кобулдаги матбуот анжуманида. 7 сентябрь, 2021

Қўшма Штатлар Афғонистонда Толибон бошчилигида тузилган ҳукуматни муваққат ёки ўтиш даври ҳукумат ҳайъати, деб атади.

“Маъмуриятда ҳеч ким, на президент, на миллий хавфсизлик хизматидан бирор киши толиблар жаҳон ҳамжамияти аъзоларига қулоқ солишяпти ва уларни ҳурмат қилишяпти, дея олмаган бўлур эди. Толиблар ҳали бунга ҳеч кимни ишонтира олишгани йўқ”, дея баёнот берди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг Толибон тузган янги ҳукуматга муносабати ҳақида гапирар экан.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германияда дунёнинг 20 га яқин мамлакатлари вакиллари билан виртуал учрашувдан сўнг Толибон ҳукуматига унинг амалий ишларига кўра баҳо берилишини, легитим бўлиш учун “шунга муносиб иш кўрсатиш керак”лигини айтди.

Блинкен Американинг Германиядаги Рамштайн авиабазасига келганидан сўнг ГФР ташқи ишлар вазири Хайко Маас билан учрашди. Ушбу база Афғонистондан одамларни кўчириш амалиёти чоғида транспорт учоқларини қабул қилиш маскани сифатида қўлланган.

“Толиблар уларни халқаро майдонда тан олишларини кутишяпти, аммо ҳар қандай эътирофга, ҳар қандай дастакка аввало муносиб бўлиш керак”, дея урғулаган АҚШ давлат котиби.

Европа Иттифоқи эса, Толибон ҳукуматини “ноинклюзив” ва тор доирадаги одамлар манфаатларини ифодаловчи ҳукумат, деб атади. ЕИ толиблар аввал берган ваъдаларига вафо қилмади, деб ҳисобламоқда.

“Янги ҳукумат Афғонистоннинг бой этник ва диний хилма-хиллиги нуқтаи назаридан, биз кўришга умид қилган ва бирмунча вақт олдин Толибон ваъда қилган инклюзив ва репрезентатив тузилма эмаслигини пайқаш учун рўйхатга бир бор кўз югуртириш кифоя қилади”, деган ЕИ вакили.

Афғонистоннинг жаҳондаги 67 элчихонасининг барчаси Толибон ҳаракати режимини ва улар тузган ҳукуматнинг легитимлигини тан олмади. Бу ҳақда Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Акбар маълум қилди.

Дипломат Афғонистон вице-президенти Амруллоҳ Солиҳнинг Тожикистондаги вакили эканини урғулаган. Унинг айтишича, президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетганидан сўнг, Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбари вазифасини Солиҳ бажармоқда. Айни вақтда у Панжшир вилоятида. Толибон бошқа вилоятлардан қўшин тўплаб бориб, қолаверса Покистоннинг кўмаги билан минтақани босиб олди, деди элчи.

Акбарга кўра, Миллий қаршилик жабҳаси етакчиси Аҳмад Маъсуд ва Амруллоҳ Солиҳ Афғонистонни тарк этишмаган ва Панжширда Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматини тузиш билан шуғулланишмоқда.

Афғонистонни босиб олган Толибон ҳаракати 7 сентябрь куни ўз ҳукумати таркибини эълон қилди. Ҳаракат етакчиси – 60 ёшли Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлатнинг олий раҳбари бўлди. Ҳукумат бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд тайинланди.

12 йил Американинг Гуантанамодаги қамоқхонасида сақланган Абдул Ҳақ Восиқ янги ҳукуматда разведка вазири лавозимини эгаллади.

XS
SM
MD
LG