Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:35

"8 кишилик хона". ССВ  Зангиотадаги ковид-марказда жой қолмаганини рад этмоқда


Айрим вилоятларда олти ой аввал ёпилган Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар қайта очилмоқда. 
Айрим вилоятларда олти ой аввал ёпилган Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар қайта очилмоқда. 

Ўзбекистонда коронавирус юқтириш ҳоллари кескин кўпайиши манзарасида Тошкентнинг Зангиота туманидаги ковид-марказда беморлар сони кескин ошгани ҳақида хабарлар келмоқда. Айрим вилоятларда ҳам олти ой аввал ёпилган Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар қайта очилмоқда.

Озодликка Telegram орқали боғланган тошкентлик аёл Зангиотадаги марказда турмуш ўртоғи даволанаётганини айтиб, у ерда беморларга жой етишмаётгани ҳақида ёзди:

“Касал ҳақиқатан кўп. Тўрт беморга мўлжалланган палаталарда койкаларни зич қўйиб, етти-саккиз касални ётқизиб қўйишган. Шароит жуда ёмон”, дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган тошкентлик аёл.

Зангиота махсус шифохонаси ўтган йилнинг сентябрида очилганди.
Зангиота махсус шифохонаси ўтган йилнинг сентябрида очилганди.

Шу ой ўрталарида коронавирусдан вафот этган таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов ҳам ўлимидан бир неча куни аввал Зангиота шифохонасида бемор кўплигини айтиб, шароитлардан шикоят қилгани ўртага чиққанди.

“Ачавотдаман гўё”

Марҳум актёрнинг вафотидан бир неча кун аввал Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаевга ёзган хати “Ҳуррият” газетасида эълон қилинди.

“Зангиотада ётибман. Саккиз кишилик хонада – “Ачавот”даман гўё. Шовқин, бақир-чақир ичидаман. Кетиб қоладиганга ўхшайман. Бирон раҳбарларимизга айтинг, мени шароити тузукроқ жойга ўтказиб беришсин”, - дея илтижо қилади актёр жумладан.

Мирза Азизовнинг бу хати ижтимоий тармоқларни ларзага солди. “Ҳатто машҳур актёрга қарашмаган бўлса, оддий одамларнинг аҳволи қандай бўлса?”, деб ёзди Фейсбук фойдаланувчиларидан бири.

Зангиота туманидаги ковид-марказ жамоатчилик учун ёпиқ муассаса ҳисобланиши боис касалхона раҳбариятидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Расмий статистикага таянилса, Ўзбекистонда ҳозирга келиб жами коронавирусга чалинганлар сони 90 минг кишига яқинлашган.

26 апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш рекорд даражага чиққан.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, шу куни мамлакат бўйлаб коронавирус билан боғлиқ 300дан ортиқ холат қайд этилган, шунинг ярми Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.

Айни вақтда ССВ маълумотига кўра, шифохоналарга ётқизилган беморлар сони 3 мингга яқин кишини ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Зангиотадаги ковид-марказда беморларга жой етишмаётганини рад этди.

“У марказ 2 мингта беморга мўлжалланган, бутун республика бўйича касалхонага ётқизилган ковид беморлар уч минг атрофида бўляпти. Шунинг учун жой етишмаяпти, дейишаётгани нотўғри”, - деди вазирлик расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда коронавирус юқтириш ҳоллари кескин кўпайиши манзарасида бошқа вилоятларда ҳам олти ой аввал ёпилган Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар қайта очилмоқда.

Жумладан, Андижонда вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги ковид-марказ ўтган ҳафта қайта очилди.

Фарғонанинг Риштон туманидаги Ковид марказ қайта очилгани ҳақида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.

Ўзбекча дезинфекция

26 апрель куни ижтимоий тармоқларда ёнғин ўчириш машиналари бозордаги одамлар устига хлорли сув сепаётгани акс этган видеолар кенг тарқалди.

Озодликнинг аниқлашича, видеода акс этган холатлар Андижон вилояти Марҳамат ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманларида бўлган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ҳолатларни ўрганаётганини билдирди. Вазирликка кўра, Марҳамат ва Денов туманларига коронавирус инфекциясининг ўчоғи аниқланган ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, дезинфекция ишлари шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширилган.

ССВ: Вакцина етарли

Айни пайтда иккинчи марта эмланиш учун вакцина етишмаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар рад этилди.

"Ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1-дозасини ҳамюртларимиз 1 апрелдан бошлаб олишди. Демак иккинчи дозани 1 майдан эрта олишмайди. Ва учинчисини 1 июндан бошлаб олишади. Жорий йилнинг апрель ойи охиригача ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Ўзбекистонга олиб келинади", дейилади Vaksina.uz Телеграм-каналида тарқатилган хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 апрель куни коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 ўзбек-хитой вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келингани ҳақида хабар қилди. Бир ой аввал худди шу вакцинанинг 1 миллион дозалик биринчи партияси Ўзбекистонга келтирилганди.

Ўзбекистон ҳукумати шу йил ўрталарига бориб, 4 миллион, йил охиригача эса 7 миллион аҳолини эмлаш режасини эълон қилган.

Вазирликка кўра, 26 апрелга қадар 400 мингдан ортиқ киши эмланган.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев эмлаш жараёнлари суст кетаётгани 65 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар орасида эмланишни истаётганлар сони камлиги, вакцинага нисбатан ишонч йўқлиги билан изоҳлаган.

XS
SM
MD
LG