Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

ЛДПР партияси лидери Владимир Жириновский вафот этди


ЛДПР партияси асосчиси, саккиз чақириқнинг барчасида Давлат Думаси депутати бўлган Владимир Жириновский 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин маълум қилди. Аввалроқ Жириновский коронавирус юқтириб шифохонага ётқизилган эди.

25 март куни Россиянинг “РИА Новости” давлат агентлиги, шунингдек Mash телеграм-канали Жириновский вафот этгани ҳақида хабар қилган, аммо бу хабар тасдиқланмаганди. Расмий маълумотга ишонилса, сиёсатчининг соғлиғи барқарор бўлиб, у касалхонада муолажани давом эттираётган эди.

Жириновский олти марта президентликка номзод бўлган, у урушқоқ табиати ва кескин сўзлари, жумладан, миллатчилик руҳидаги чиқишлари билан танилган эди. Владимир Жириновский Совет Иттифоқида биринчи мухолифат партиясини рўйхатдан ўтказди ва ўлимига қадар унга раҳбарлик қилди. 2000-йиллар охирида партия узил-кесил Кремль иттифоқчисига айланди.

Жириновский Олмаота шаҳрида туғилган, унинг оиласи бу ерга Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўчиб келган эди. Владимир Жириновский МДУнинг Шарқ тиллари институтида ўқиган, у ерда турк тили ва адабиётини ўрганган. Собиқ курсдошлари унинг талабалик чоғидан КГБга ишлай бошлаганини тахмин қилишади. 1969 йилда Жириновский Туркияга малака оширишга юборилади, у ерда, ўзи айтишича, Ленин суратли значокларни сотгани учун қамоққа олинган.

Жанжалкашлик ва миллатчилиги билан танилган Владимир Жириновский бухороликлар билан рақсга тушди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

Қамоқ унинг дипломатия соҳасида карьера қилишига имкон қолдирмади, шу боис бўлажак сиёсатчи юриспруденцияни ўрганиш билан шуғулланди.

Расмий таржимаи ҳолига кўра, у Давлат телерадиосида, СССР Ташқи иқтисодий алоқалар давлат қўмитасида ва Тинчликни сақлаш қўмитасида стажировка ўтаган, Касаба уюшмалар ҳаракати Олий мактаби деканатида чет эллик талабалар билан ишлаш бўйича ходим бўлган, кейинроқ СССР Адлия вазирлиги Хорижий юридик коллегиясига ишга ўтган – совет даври воқелигида бу лавозимларнинг барчаси махсус хизматлар билан яқиндан таниш бўлишни билдирарди.

1988 йилда Жириновский мухолиф кайфиятли Демократик иттифоқ қурултойида иштирок этади. Совет Иттифоқи Либерал-демократик партиясини тузишда қатнашади, тез орада унга раҳбар бўлади ва партияни ўзи рўйхатдан ўтказади.

Жириновский Россиядаги биринчи президент сайловида иштирок этиб, 7.8 фоиз овоз олган.

У ФҲДҚнинг (ГКЧП) давлат тўнтаришига уринишини қўллаб-қувватлаган, ЛДПР партияси эса СССРнинг тарқатилишига қарши эди, партия ўз ташвиқотида империалистик риторикадан фойдаланарди. Кейинроқ, 1993 йилда Давлат думасига илк сайловда ЛДПР рўйхат бўйича энг кўп – 22,92 фоиз овоз тўплади ва бу унга энг катта партия фракциясини шакллантириш имконини берди.

1999 йилда ЛДПР мухолифатда бўла туриб, КПРФнинг президент Борис Ельцинни импичмент қилиш ташаббусини дастакламади. Ўшанда у Озодлик радиоси эфирида “бу билан Россияда демократияни қутқариб қолгани”ни иддао қилди, чунки, акс ҳолда Ельцин КПРФни тарқатиб юбориши ҳеч гап эмас экан.

Ельцин ўзига Владимир Путинни ворис қилиб танлади. Путин президентлигида Жириновский партияси ҳокимият учун ортиқ мухолифат бўлмай олди, балки энг муҳим масалаларда зўр бериб ҳукумат ёнини олди. Рақиблари Жириновскийни махсус хизматлар билан алоқа қилишда, ЛДПРдаги депутатлик ўринларини уюшган жиноятчилик ва бизнес вакилларига сотишда, шунингдек Кремль фойдасига мухолифат ролини ўйнаётганликда айбладилар. У ҳаммасини рад этди.

ЛДПР оммавий мафкураси кичик шаҳарларнинг камбағал аҳолисига таянар, сиёсатчининг ўзи эса миллатчилик риторикасидан фойдаланарди. Жириновский Давлат Думаси минбаридан бошқа депутатлар ва мулозимларни ҳарчанд танқид қилмасин, Путин шахсига тегиб кетадиган гап айтишдан ҳамиша тийилди.

У диктаторлар – Саддам Ҳусайн ҳамда Муаммар Каддафий билан кўп марталаб учрашган, аксиламерикан шиорларни қўллаб-қувватлаган.

Жириновскийнинг “ҳар бир хотинга – биттадан эркак, ҳар бир эркакка бир шишадан ароқ” ҳамда “рус аскарининг Ҳинд океани бўйида этигини ювиши” ҳақидаги ваъдалари жуда машҳур. Аммо у 2011 йилги сайлов кампанияси чоғида бу гапларидан тонган эди.

Экспертлар ЛДПР етакчи атрофида ҳаддан ортиқ марказлашганини урғулаб, Жириновский кетганидан сўнг партия ечимсиз муаммоларга йўлиқиши мумкинлигидан бир неча бор огоҳлантиришган.

Касалхонага ётқизилишидан бир ярим ой олдин – 2021 йил декабрда Жириновский Давлат Думасида сўзга чиқиб, Ғарб мамлакатлари Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир талабларини қабул қилмаган тақдирда Москва “бошқа дастур”ни ишга солишини айтган эди.

“2022 йил тинч-осойишта ўтишини хоҳлардим, лекин мен ҳақиқатни гапиришни яхши кўраман, 75 йилдан бери ҳақиқатни сўзлаб келяпман. Бу йил тинч бўлмайди. Бу Россия, ниҳоят, буюк давлатга айланадиган йил бўлади. Ҳеч ким чурқ эта олмайди, ҳамма бизнинг мамлакатимизни ҳурмат қиладиган бўлади”.

23 февралда Россия Донбассга қўшин киритиб, Украина билан кенг кўламли урушни бошлаб юборди. Жириновскийнинг ўзи эса, унинг соғлиғи ҳақидаги хабарларга қараганда, бу воқеаларни кўра олмаган.
У қаерга ва қачон дафн этилиши маълум қилинганича йўқ.

XS
SM
MD
LG