Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:24

БМТ Олий комиссари: Толибон болаларни аскарликка ёлламоқда ва тинч аҳолини қатл қилмоқда


Афғонистонлик йигит Толибон олий қўмондони Мулла Ҳайбатутллоҳ Охундзода постери ва Толибон байроқларини сотмоқда - Кобул, 24 август, 2021
Афғонистонлик йигит Толибон олий қўмондони Мулла Ҳайбатутллоҳ Охундзода постери ва Толибон байроқларини сотмоқда - Кобул, 24 август, 2021

Толибон Афғонистонда болаларни ўз томонига оғдириб олмоқда, тинч аҳолини қатл қилмоқда ва аёлларнинг ҳуқуқларини чекламоқда, дея баёнот берди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг шошилинч сессияси 24 август куни Женевада бўлиб ўтди.

Бачелет хонимга кўра, қатор мамлакатларда тақиқланган радикал ҳаракат жангарилари инсоннинг тамал ҳуқуқларини жиддий бузаётганига доир ишончли ҳисоботлар Кенгашга мунтазам келиб турибди. Бу ҳисоботларда, асосан, тинч аҳоли ва Афғонистон ҳукумати собиқ ҳарбий хизматчиларининг судсиз қатл этилиши, аёллар ҳуқуқларининг чекланиши, жумладан, уларнинг эркин юриш ҳуқуқи ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқи тақиқланиши каби ҳолатлар ҳақида сўз боради.

“Толиблар болаларни ўз томонига оғдириб, аскарликка ёллаяпти, тинч норозилик чиқишларини бостирмоқда”, деб таъкидлади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари.

“Мен уларга ишонмайман”: Афғонистонлик аёллар Толибон ваъдаларига шубҳа билан қараяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:03 0:00

Мишель Бачелет инсон ҳуқуқларини бузиш билан толиблар ҳам халқ назарида, ҳам минтақавий ва халқаро институтлар, шунингдек, бошқа давлатлар кўз ўнгида ўз легитимлигига путур етказаётганини айтди.

Бачелет хоним БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини Афғонистондаги вазиятни мониторинг қилиш ва Толибоннинг ўзи берган ваъдаларни бажаришини кузатиб бориш учун махсус механизм ишлаб чиқишга чақирди.

Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан сўнг толиблар этник ва диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ваъда берган эди. Шунингдек, улар ҳукумат ёки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилганларни қатағон қилишдан тийилиш мажбуриятини зиммаларига олган. Қолаверса, улар аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ва қизларнинг мактабда ўқиш ҳуқуқи шариат қонунлари доирасида ҳурмат қилинишини таъкидлаганлар.

Мишель Бачелет ўз нутқида шуларни бирма-бир эслатар экан, мазкур мажбуриятлар амалда бажарилиши учун бутун жавобгарлик толиблар зиммасида эканини айтди.

Аввалроқ ОАВ толиблар АҚШ ва НАТО мамлакатлари билан ҳамкорлик қилган афғонларни излай бошлагани ҳақида хабар қилган эди. Жангарилар уйма-уй юриб, яширинишга улгурганларнинг қариндошларига таҳдид қилмоқда. БМТ маълум қилишича, Толибонда Ғарб коалицияси билан ҳамкорлик қилган одамларнинг рўйхати бўлиши мумкин.

Толибон Афғонистонни босиб олганидан сўнг кўплаб жаҳон оммавий ахборот воситалари афғон медиаси тақдиридан ташвишга тушди. Американинг энг йирик уч газетаси – “The Washington Post”, “The New York Times” ва “The Wall Street Journal” раҳбарлари АҚШ президенти Жо Байденга жамоавий мактуб билан мурожаат қилишди. Улар Кобулдан афғонистонлик ходимларини – журналистлар, муҳаррирлар ва таржимонларни кўчириб келишда ёрдам сўрашмоқда.

Бу одамлар 20 йил давомида Америка нашрларининг ушбу мамлакатда бўлаётган воқеаларни изчил ва холис ёритишига кўмаклашиб келишди. Ҳозирда уларга ва уларнинг оила аъзоларига ўлим хавф солмоқда. Душанба куни 200 нафардан ортиқ киши виза олган бўлиб, улар оддий рейслар билан Кобулдан учиб кетиши керак эди, бироқ толиблар аэропорт қуршовини ёриб ўтиб, тижорат рейсларини тўхтатиб қўйди. Эндиликда ягона имконият – уларни ҳарбий учоқлар ва чартер рейслар билан эвакуация қилишдир.

Кобулдаги мухбир: «Ҳар бир аёл қўрқувда»
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Озодлик радиосининг афғон хизмати – Азади радиоси шуъбаси ходимлари ҳам шунга ўхшаш вазиятда қолганлар. Улар Кобулда ишлашда ва мамлакатда рўй бераётган воқеалар ҳақида ахборот беришда давом этмоқда.

Аввалроқ маълум бўлишича, толиблар Афғонистон ғарбида “Deutsche Welle” журналистининг бир қариндошини ўлдириб, яна бирини оғир яралаган. Медиаширкат жангарилар аслида журналистни қидирганини, аммо у аллақачон Германияга етиб келганини билдирди. Унинг бошқа қариндошлари ҳам қочишга ва яширинишга улгурган.

Бу орада Европа кенгаши оддий афғонларни оғир аҳволда қолдирмаслигини маълум қилди: ЕИ бюджетидан гуманитар ёрдамлар учун ажратиладиган маблағ миқдори оширилади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 24 август куни “Twitter”даги саҳифасида ЕИ Афғонистон халқи учун аввалги 50 миллион ўрнига 200 миллион евролик ёрдам кўрсатиши ҳақида ёзди.

Ундан олдин эса, Европа Иттифоқи Афғонистонда иқтидорга келган кучлар инсон ҳуқуқларига риоя қила бошлагунига қадар мамлакатга иқтисодий ёрдам сифатида бир миллиард евро бериш кечиктирилишини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG